Каримов Путиндан радикал Исломга қарши курашда кўмак сўради

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Президент Владимир Путиннинг Тошкентга ташрифи пайтида Президент Ислом Каримов Марказий Осиёда радикал Исломга қарши курашда Россиядан ёрдам сўраган.

Президент Ислом Каримов Афғонистондан АҚШ етакчилигидаги хорижий қўшинлар олиб чиқиб кетилганидан кейин исломий жангариларнинг минтақага таҳдиди кучайиши ҳақида анчадан буён огоҳлантириб келади, Афғонистондаги ҳодисалар Ироқдаги каби ривожланиши мумкинлигини айтади.

Россия ва Ўзбекистон олиймақом музокаралари якунида Президент Путин билан матбуот брифингида гапирган Президент Каримов "Исломий Давлат" гуруҳи аллақачон Афғонистонга сизиб кираяпти, деб айтган.

"Ироқ ва Суриядан аллақачон Афғонистонга "Исломий Давлат" вакилларининг турли унсурлари сизиб кираяпти. Буларнинг ҳаммаси тегишли чоралар кўришни тақозо этади", деб айтган Ўзбекистон президенти.

"Тобора кенгайиб бораётган терроризм, жангари экстремизм, радикализм таҳдиди, шубҳасиз, Марказий Осиё минтақасида ўзининг бевосита ёки билвосита инъикосини топмоқда. Россиянинг Марказий Осиёдаги ҳозирлиги, шубҳасиз, тинчлик, хавфсизлик ва мустаҳкам тараққиётни таъминлашнинг, тажовузкор наркотрафик, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва бошқа муаммолар йўлини тўсишнинг муҳим омили ҳисобланади", деган жаноб Каримов.

Президент Путин Ўзбекистоннинг Афғонистондан НАТО қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан кейин юзага келадиган вазият борасидаги хавотирига Россия қўшилишини айтган.

Москва Ўзбекистоннинг 1990 йиллар бошида юзага келган 890 миллион АҚШ долларига тенг қарзининг 865 миллионини кечиб юборишга рози бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ