Совет ва мустақил Ўзбекистонда Ислом динига муносабат

Фото муаллифлик ҳуқуқи eleery

“Ўзбекистон” телеканалида Янгийўл туманида яширинча диний сабоқ берганганликда айбдор деб топилган аёллар маҳкама иши намойиш қилинган.

Кўрсатувда айтилишича, ушбу аёллар “радикал ғояларни” маҳаллий аҳоли орасида ёйишга уринган. Ўзбекистон телеканалларида намойиш қилинадиган бундай кўрсатувлар асосан бир томонлама айблаш руҳида тасвирга олинади. Иккинчи томоннинг позициясини ҳимоя қилувчи омилларга эътибор берилмайди. Ушу ҳодиса сабаб Би-би-си Ўзбекистондаги диний таълим олиш шароитларига назар ташлади.

Кўрсатувдан маълум бўлишича, Янгийўл туманидаги боғча ёшидаги қизчаларга яширинча диний таълим берилган. Ушбу боғчанинг фаолият юритиши бир неча дўконларнинг фойдаси эвазига амалга оширилган.

Ўзбекистон қонунлари бўйича, мустақил равишда диний таълим бериш тақиқланади. Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги Дин ишлари қўмитасининг раис ўринбосари Ўткир Ҳасанбоев Би-би-си билан суҳбатда мамлакатда тўққизта мадраса, бир институт ҳамда университет борлигини айтди.

“Ўзбекистон Мусулмонлари Диний идораси қошида битта Ислом институти ва тўққизта мадраса бор. Тошкент Ислом университети дунёвий ва Олий ўрта махсус таълим тизимидаги университет”, - дейди Ўткир Ҳасанбоев.

Ўткир Ҳасанбоевнинг айтишича, мамлакатда тажвид ва Қуръон илмларидан сабоқ берувчи бошқа муассаса йўқ. Масъулга кўра, диний таълим муассасалари талабдан келиб чиқиб белгиланган.

“Ҳозирги пайтда бу ҳеч қандай муаммо келтириб чиқараётгани йўқ. Эҳтиёжларни тўлиқ қониқтириб келаяпти”, - дейди Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари.

Шўролар замонида яширин фаолият юритган диний сабоқ олишга қаратилган ҳужралар таъқибга учраган.

“Биздаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги” қонунимизга кўра ноқонуний тартибда диний таълим бериш маън этилган. Шунга кўра бунақа ҳужраларнинг фаолиятини қонун билан тақиқланган, шунинг учун йўқ”, - дейди Ўткир Ҳасанбоев.

Бутун СССРнинг исломий сабоқ маркази

Ўзбекистон мустақилликка эришган илк йилларда мамлакатда жомеъ масжидлар сони кескин кўпайган, лекин 1999 йилги Тошкент портлашларидан кейин уларнинг сони камайиб кетди.

Шунга қарамасдан, ҳукумат мулозимлари Ўзбекистонда диний эркинликлар таъминланган, деб айтишади.

Совет Иттифоқи вақтида ҳам Ўзбекистон Марказий Осиёнинг диний савод чиқариш маркази бўлиб келган. Яширин ташкил қилинган ҳужраларда Қирғизистон, Қозоғистон ва Россиядан толиблар келиб сабоқ олишган.

Ҳозирда Қозоғистонда масжидларнинг бирида бош имомлик қилувчи исми ўзгартирилган Абдумутоллиб ака ҳам 1990 йилларда Фарғона водийсига бориб ҳужраларнинг бирида диний таълим олган.

“Ўзбекистон фуқаролари, асосан водий томонларда иймондан таълим беришни энг асосий мусулмоний вазифаларидан деб билишарди. Ҳозирги МДҲ давлатларидан болаларни текин ўқитишга ҳаракат қилишди. Одамлар ўзларининг уйлари ва ҳовлиларида болаларга ҳужра ташкил қилиб дарс беришди”, - дейди Абдумутоллиб ака.

Бундай ҳужралардаги сабоқларда мумтоз араб тили ва ақида дарслари ўргатилган. Ҳадислар ва Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) ҳамда саҳобаларнинг ҳаётидан дарслар ўтилган.

Гарчи Совет мулозимлари мусулмонларнинг диний эркинлиги учун барча шароит муҳайё қилинганини таъкидласалар ҳам, ушбу дарсларнинг барчаси яширин тарзда ташкил қилинган.

Шўролар ҳукумати ҳали тарқаб кетмаган вақти диний сабоқ олган Абдумутоллиб ака советларнинг эркинлик ҳақидаги гапларини ёлғон, дейди.

“Совет даврида рухсат бўлмас эди. Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний идорасига фақат бир жой - Бухоро шаҳрида диний сабоққа рухсат беришган. Кейин Тошкент шаҳрида очилди. Ўқувчиларни кам қабул қиларди. Кўпчилик асосан ҳужраларда таълим оларди”, - дейди Абдумутоллиб ака.

Тўққиз исломий мадраса етарлими?

15 миллион атрофдаги аҳоли учун икки мадрасани етарли деб билувчи Совет Ўзбекистони ва ҳозирги 31 миллион аҳолига 9 мадрасани етарли деб ҳисобловчи мустақил Ўзбекистон ўртасида қандай фарқ бор?

Мухолифат фаоли Намоз Нормўмин Совет иттифоқи даврида аҳоли мусулмон деб тушунилмаганини ва намозхон бўлган бир неча минг кишигина мусулмон деб ҳисобланганини айтади.

Ўзбекистон мустақилликка эришган йилларда бутун дунёда исломлашиш тўлқини бошланган. Бу Ўзбекистонга ҳам таъсир этмасдан қолмаган.

“Коммунистик блок чўкиши билан дунёда Ислом ўртага чиқди. Манзара тамоман ўзгарди. Рақамларга қарасак, советлар даврида масжидлар сони 80 та бўлган. Мустақиллик йиллари бошида Ўзбекистоннинг ўзида 8000 масжид бор эди. Ҳозирги мусулмонларга қарши сиёсат натижасида бу 4000 га туширилди”, - дейди Намоз Нормўмин.

Натижада, Марказий Осиёда ҳам диндорлар сони кўпайган. Намоз Нормўмин, ушбу рақамларнинг ортиши ҳукуматларнинг олиб бораётгани сиёсати эмас, балки дунёда содир бўлаётган тенденция таъсири, дейди.

Исломга муносабат мустақил Ўзбекистонда Совет Иттифоқи давридагидан деярли фарқ қилмайди, деган фикрда бўлганлар оз эмас.

Тақиқ нимага ёрдамлашади?

Кузатувчилар айрим ҳолатларда мустақил Ўзбекистонда ибодатгўй ва тақводорларга нисбатан муносабат даҳрий Совет замонидан қаттиқроқ ва шавфқатсизроқ, деб ҳисоблашади.

Маҳаллий инсон ҳақлари фаоллари ҳисоб-китоби бўйича, диний эътиқоди ва мустақил фикри учун қамоқхоналарга тиқилган ўзбекистонликлар сони 10000 дан зиёдни ташкил этади.

Ҳукумат 9 мадрасадан бошқа диний сабоқ берувчи шахсларни таъқибга олгани билан яширин ҳужралар фаолияти давом эттирилаётгани таъкидланади.

Мухолифат фаоли Намоз Нормўмин фикрича, одамларнинг диний амаллари ва сабоғи учун ҳукуматнинг ўзи бош-қош бўлиб шароит яратиши керак. Ҳар қандай тақиқ диндорларнинг бошқа йўл топишига ва айрим ҳолларда радикаллашувига олиб келади.

“Мана бундай зўравонлик ва репрессия сиёсати мусулмонларни ёпиқ йўллар билан ҳаракатланишга олиб келади. Бу тўхтамайди. Бир жойда ёпилса, бошқа жойда очилади. Чунки бунга ижтимоий манбаа, муҳит бор. Аҳолининг 95 фоизи мусулмон бўлганидан кейин, дунёда Ислом шамоли эсиб турган вақтда ва глобаллашув замонида ахборот олиш имкониятлари очиқ бўлган паллада ҳар ким қатағон сиёсатига қарши ўз билганича тадбир олади”, - дейди Намоз Нормўмин.

Бу мавзуда батафсилроқ