ЎзТВнинг 'бесоқолбоз жиҳодчилари ва экстремист фоҳишалари'

Ўзбекистон давлат телевидениеси орқали намойиш қилинган "Хиёнат" номли дастурда Оврўпода гўёки жиҳодчилар сафларига қўшилаётган ўзбеклар бесоқолбозликда айбланган.

Биринчи канал орқали кўрсатилган дастур Норвегияга сафар қилиб қайтган олти ўзбекистонликнинг Оврўпода диний экстремистлар таъсири остига тушиб қолганларини даъво қилади.

"Ўзларини Исломий эътиқодда деб билган бу шахсларнинг диний экстремистик гуруҳдаги раҳнамолари фатвоси билан Ислом динида ўта оғир гуноҳ саналган бесоқолбозлик билан шуғулланиб келганлигига нима дейсиз?" - дея савол беради бошловчи.

Кўрсатувда ўзбек телевизион "тергов"ига оид анъанавий тарзда олти ўзбекистонлик кўрсатма беради. Улардан бири Асадулла Хайруллаевич Ризқиев Норвегияга келганида уни нотаниш одамлар кутиб олиб, қочқин мақомини олиш учун ёлғон гапларни айтишни тавсия қилганлари ҳақида сўзлайди.

У бир йилдан ошиқки бесоқолбоз алоқада бўлиб келгани ва жиҳодчи гуруҳ таркибида бўлганини ҳам айтди.

Шуҳрат Қодирович Илҳомов дея таништирилган яна бир шахс ҳам бир вақтнинг ўзида жиҳод ва бесоқолбозлик билан шуғулланишини айтади.

Кўрсатув "экспертлари" ўзбекистонликлар ўз ватанларида жиноят саналаган бесоқолбозликни рўкач қилиб, Оврўпода бошпана олаётганларини билдиради.

Кўрсатув уюштирувчилари нима учун жиҳодга ишонган шахслар Исломда гуноҳ деб саналган ҳамжинс алоқаларга кирганларини изоҳламайди ва бу айбловларни дастакловчи далил-исботни келтирмайди.

"Юқоридан буйруқ"

Кўрсатувни томоша қилганда, агар бу йигитлар ҳақиқатдан ҳам ҳамжинс бўлсалар, бесоқолбозлик йўл очиб берилган Оврўпода нега янги ҳуқуқларидан баҳра олмай, жиҳодга қўшилдилар деган савол ҳам туғилади.

Исломий Давлат сафларига қўшилаётган ўзбеклар муаммоси ҳозирда мавжуд, лекин уларга бу каби "тамға" бериб қоралаш ҳаракати аввал кузатилмаган.

Бир неча кун аввал Ўзбекистон телевидениеси орқали Тошкент вилоятида экстремистик оқимларга кирган фоҳиша аёллар ҳақида ҳам кўрсатув намойиш қилинганди.

Ўзбекистон радиосида собиқ бўлим раҳбари бўлиб ишлаган, ҳозирда Туркияда истиқомат қилувчи Нарзулло Оҳунжоновнинг айтишича, бу каби кўрсатувлар бевосита "юқорининг топшириғи билан" тайёрланади.

"Эсингизда бўлса, бундан аввал ҳам диний йўлларга кириб кетганлар орасида бир-бири билан хотин алмашиш, мана шундай алоқаларга киришлари ҳақида дастурлар бўлганди. Бу уларнинг раҳбари бўлмиш имомнинг обрўсини тўкиш йўлида қилинадиган нарса бу", - дейди журналист.

Жаноб Оҳунжонов бу каби дастурлар тайёрланишига ўз тажрибаси давомида гувоҳ бўлганини айтади.

"Аввало бу кўрсатувлар телевидение учун қилинади. Телевидениедаги махсус кенгашга каналнинг бош муҳаррири, канал директори ё ўринбосари киритилмайди. У ерда махсус хизматлар рухсат берган, ваколати бўлган инсонлар бор. Улар аввал кўради, кейин президентлик аппаратидаги миллий хавфсизлик кенгаши кўради, кейин лозим бўлса, президентнинг ўзи кўради. Ундан кейин эфирга берилади. Телеварианти кетгандан кейин, радиога берилади", - дейди у.

Унинг айтишича, бу каби кўрсатувларда кўрсатма берган "айбдор шахслар" кўрсатувдан аввал қаттиқ қийноқлар остида ҳар қандай айбни ўз бўйниларига олишга рози бўладилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002