Фазлиддин Қурбонов маҳкамасини чўзишни сўрашмоқда

Image caption Фазлиддин Қурбоновга нисбатан терроризм билан боғлиқ беш банд бўйича айблов илгари сурилган.

Айдахо штати прокурорлари федерал ҳакамдан терроризм бандлари бўйнига қўйилган 31 ёшли ўзбекистонлик Фазлиддин Қурбонов маҳкамасини яна ортга суришни сўраганлар.

Фазлиддин Қурбонов 2013 йилнинг 16 майида Бойсе шаҳридаги уйида ҳибсга олинган эди.

Унинг устидан илк маҳкама ўтган йил июл ойида ўтказилган, Фазлиддин Қурбонов ўзига нисбатан илгари сурилган уч бандли айбловни тан олмаган.

Федерал прокурорлар Қурбонов устидан маҳкамани бир йилдан кейин бошлашни сўрашган, бунинг сабабини жиноят ишининг “ўта чалкаш” экани билан изоҳлашган.

Айдахо штатида Ўзбекистон фуқаросига террорчиларга ва хорижий террорчилик ташкилоти деб тан олинган Ўзбекистон Исломий ҳаракатига моддий кўмак бериш учун тил бириктириш, портловчи моддага эгалик қилиш айбловлари қўйилган.

Юта штатида эса унга портловчи модда ясашни ўргатиш айблови қўйилган.

Ҳозирга келиб Фазлиддин Қурбоновга нисбатан терроризм билан боғлиқ беш банд бўйича айблов илгари сурилган.

Фазлиддин Қурбоновнинг 2013 йил январ ойида қандай қилиб портловчи модда ясаш, керакли ашёларни қаердан сотиб олиш бобида йўл-йўриқ кўрсатгани, интернетдан махсус видеолавҳаларни топиб, намойиш этгани айтилган.

Айдахо штати Қочқинлар идорасига кўра, Фазлиддин Қурбонов 2009 йил августида қочқин мақомини олганидан кейин Бойсе шаҳрида ўрнашган.

Расмийлар унинг АҚШда қонуний яшаганини айтмоқдалар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002