ЎзЛиДеП сайти хакерлик ҳужумига учраган

Uzdaily.uz веб сайти хабар беришича, Ўзбекистондаги ЎзЛиДеП (Ўзбекистон Либерал-демократик партия) интернет сайти хакерлик ҳужумига учраган.

Ўзбекистон Либерал-демократик партия матбуот хизматига кўра, хакерлик ҳужуми 15 декабр кечаси содир бўлган.

Натижада сайт бир муддат ишламади, лекин тез орада фаолияти тикланди, деб айтган матбуот хизмати вакили.

Шу билан бирга, Либерал партиянинг Фейсбукдаги саҳифаси ҳам ҳужумга учрагани айтилган.

"Етакчи партиялардан бирининг веб сайтига мамлакатда сайловолди кампанияси энг қизғин кетаётган паллада ҳужум қилиниши Ўзбекистондаги ҳозирги сиёсий ҳодисалар ҳақида муҳим объектив маълумотлар берувчи муҳим манбани ёпишга уриниш ҳисобланади. Бунинг орқасида мамлакатда охирги пайтда содир бўлаётган ижобий ўзгаришларни кўролмайдиган, ғашига тегадиган кимсалар турибди", деб хулоса қилинди", деб хабар беради ЎзЛиДеП матбуот хизмати.

Ўзбекистондаги парламент сайловлари 21 декабрга мўлжалланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002