Ўзбошимча маҳкамага ўрин борми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Интернет ижтимоий тармоқлардаги "Ижтимоий минбар"номли баҳс майдонимизда охири вақтларда чоп этилаётган марказий осиёлик аёлларнинг таҳқирланиши акс этган видеолар нимадан дарак беради, деган саволни ўртага ташлагандик.

Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Global Voices ташкилотига кўра, охирги вақтларда гўёки "ўз миллати ва дини шаънига доғ туширган" марказий осиёлик аёлларнинг жазоланиши туширилган видеолар ижтимоий тармоқларда тобора кўпайиб бормоқда.

Бу видеоларда аёллар камера ортидаги юртдошлари томонидан сўроқ қилинади, таҳқирланади ва ҳатто дўппосланади.

Видеоларнинг охиргиларидан бирида водийлик шевага эга экани ишонилган икки ёш аёл қўллари орқаларига қайирилиб, бир-бирига боғлаб қўйилгани ва ёши каттароқ эркак томонидан таёқ билан қайта-қайта саваланиши акс этади.

Қизларни маҳаллага келиб, гўёки кимнингдир оиласини бузишга уринишда айблаган эркак афтидан қозиликни ўз қўлига олган. Биз мухлисларимизнинг бу каби ўзбошимча маҳкамалар ҳаиқда қолдирган фикрлари билан таништириб ўтамиз.

Мистер Қалампир номли Фейсбук фойдаланувчисининг ёзишича, "Ким бўлса-да бировни жазолашга ҳаққи йўқ. Жазолашда қонунларда белгиланган моддалар ва жазо турлари қўлланиши керак. Агар мусулмонча жазолаш деганда уни тошбўрон ёки калтаклаш дейилса, Қуръони Каримда ёзилганларни айтиш мумкин. Лекин ҳар нима бўлганда ҳам инсонийликни сақлаш керак. Жазо берарканман дея бировга оғриқ бериш ва бир жонлини ўлдириб жонини олиш бу оддий бандаларга хос эмас".

Машраб Казаковга кўра эса, бу каби иллатга қарши курашнинг яхшироқ йўли ўзини тийиш экан. Унга кўра, фоҳишаликнинг келиб чиқишида эркакларнинг ҳам ҳиссаси бор. "Биласизларми, агар шундай ёмон хаёлга берила бошласам, бирдан Оллоҳдан бундай ёмон ҳаёлга берилмасликни сўрайман ва яхши нарсалар ҳақида ўйлашга ҳаракат қиламан. Бундай фожиада биз эркакларнинг ҳам ҳиссамиз бор. Агар биз ўзимизни бу ҳаромлардан тийиб юрсак, аёлларимизга ҳиёнат қилмасак, бундай аёллар қайга бора олади", деган фикрни қолдирган.

Гулшан Нематованинг ёзишича, "Бу каби видеолар динни чала-чулпа ўқиб, ўзини мўмин мусулмон деб кўришдан дарак беради. Агар ўша одам ҳақиқий яхши инсон бўлса, бу қизларни шарманда қилишдан олдин уларни яхшиликка чорларди. Тушунмадим, нима учун йигитларни уришмаяпти, улар бегуноҳми? Нима учун ҳақиқий мусулмон бўлса, ароқ ичганларни калтакламяпти? 99% ўзбек эркаклари ароқ ичишадику менимча"... деб ёзган у.

Бобурбек Азимбоевнинг фикрича эса, бу каби ўзбошимча "маҳкама"нинг рўй беришига расмийларнинг лоқайддлиги, ё-да ҳатто ҳамкорлиги сабаб.

"Нима қилиш керак? Бутун республикада 1000 дан ортиқ фоҳишахона бор. Милицияга пора бериб? бемалол ишларини қилиб юришибди. Давлат қарамаса, нима қилиш керак?

Пўлатов Баҳром эса оиладаги тарбияга эътибор қаратиш керак дея ҳисоблайди. "Ҳар ким ўз фарзандини тўғри тарбия қилсин ва бошқаларнинг фарзандини жазолашга шошмасин. Инсон ифлос йўлга кирганининг ўзигина жазодир! Биз дунёвий давлатда яшаётган эканмиз, маҳкамани тегишли органлар амлга ошириши керак".

"Бу диний радикализм кучаётганидан далолат", деб ёзган Пахтакор Ранго. "Бу ёввойилик, қонунларни менсимаслик ва ўзбошимчаликдир".

Илёс Маркаев эса видеодаги қизларни калтаклаган шахсни террорчига қиёслаган, "Ундан яхшигина террорчи чиқади", дея фикр қолдирган у.

Ислом Маткаримов эса анчайин либерал фикр қолдирган. Унга кўра, "Ҳар ким ким билан учрашиш ва нима қилиши кераклиги ҳақида ўзи қарор беришга ҳақлидир. Ҳар бир инсоннинг ўз ҳақ-ҳуқуқлари бор".

"Бандасини жазолаш бандасининг иши эмас. Оилани бузишга булар эмас, ўша хиёнат қилган эркаклар айбдор" деган фикр қолдирган Шоҳида Эсанова.

Буба Саийд ҳам ўзбошимча маҳкамага ўрин йўқ деб ҳисоблайди. "Бу аёллар қандай касб эгаси бўлишидан қатъи назар ҳеч кимнинг бу ҳолда самосуд қилишга ҳаққи йўқ. Бу қизларга қўл кўтарган шахс топилиб, жазога тортилишига умид қиламан", деб ёзган у.

Умида Гаимова ҳам расмийларни бу ҳолатга эътибор беришга даъват қилган. "Милициянинг кўзи қаерда??? Нега ҳамма жим??? Шу жараённи суратга олаётганлар қандай чидаб турибди???" деган саволларни у ўртага ташлаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002