Россия: болани гаровга олган шахс ўзбекистонлик

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россиянинг Москва вилояти Нахабино туман полицияси 9 ёшли қизчани гаровга олган шахсни ушлаган.

Полицияга кўра, гаровга олган киши Ўзбекистон фуқаросидир.

Айтилишича, қуролланган шахс душанба куни кечқурун кекса аёлнинг уйига бостириб кирган ва унинг неварасини гаровга олган.

Полиция квартирага штурм орқали кириб, гаровдаги болани қутқаргани хабар қилинади.

Гаровгир полиция билан тўқнашувда яраланган.

Айни пайтда у шифохонада полиция назоратида сақланмоқда.

Сўроқ пайтида ўзбекистонлик экани айтилаётган шахс ўзининг дастлабки мақсади ўғирлик бўлгани, қўлга тушишдан қўрқиб болани қамаб қўйганини маълум қилган.

У Россияга иш излаб келган ва Курск вокзали атрофида яшаб, дуч келган ишни бажариб юрган.

Ўзбекистонлик фуқаро бир неча кун олдин электршокер ва тўппонча сотиб олгани ва ўғирлик қилишни режалаштирганини гапириб берган полицияга.

Кекса аёлнинг уйига бостириб кириши натижасида аёл қочишга муваффақ бўлган ва полицияга хабар берган.

Шундан сўнг ўзбекистонлик фуқаро болани гаровда ушлашда мажбур бўлганини билдирган.

Полиция воқеа юзасидан жиноий иш очилгани ва суриштирув олиб бораётганини хабар қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002