Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон: йилнинг жавобсиз қолган шикоятлари

2014 йил охирида Ўзбекистонда "Фуқароларнинг шикоятлари тўғрисида"ги янги қонун қабул қилинди.

Бу ўзбекистонликларнинг ўз шикоятлари, ариза ва таклифларини давлат идораларига етказиш йўл-йўриғи тушунтирилган учинчи қонундир.

Илк бор шу номдаги қонун Ўзбекистонда 1994 йилда қабул қилинган.

Сўнг 2002 йилда қонунга ўзгартиришлар киритилган.

2014 йил 4 декабрида кучга кирган янги қонунга биноан, энди ёзма ва оғзаки шаклдан ташқари Интернет орқали ҳам шикоят қилиш мумкин.

Аммо фуқароларнинг арзини эшитишга ўрганмаган Ўзбек амалдори уларнинг интернет орқали ёзган мурожаатига жавоб берадими?

Биз ушбу мавзуни шу йил бошида кўплаб фуқароларнинг аризаларини Бош вазир Шавкат Мирзиёевга шахсан топширишга уринган, аммо бунга муваффақ бўлолмаган ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов билан муҳокама қилдик.

Шуҳрат Рустамовнинг айтишича, шу кунда бузилган ҳуқуқларини тиклашда ёрдам сўраб ўзига мурожаат қилган фуқароларнинг сони 1600 дан ошган.

"Жавоб берилмаётган, кўрилмаётган менинг шикоятларимнинг саноғи 901 дан ошиб кетган", дейди Шуҳрат Рустамов.

Ўзбекистонда қайси идоранинг устидан шикоят қилинса, шикоятни кўриб чиқиш ўша идоранинг ўзига юборилади.

"Тағин улар гердайиб ўшқириб қўяди: қаёққа ёзсанг, ёзавер! Барибир менинг ўзимга келади, деб" дейди Шуҳрат Рустамов.