"Ўзбеккино" раҳбари вазифасидан олинган

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, "Ўзбеккино" миллий агентлиги бош директори Жаҳонгир Қосимов вазифасидан озод этилган.

Жаҳонгир Қосимов 2013 йил март ойида ушбу лавозимга қўйилган эди.

Ўзбеккино ширкати кинофонди раҳбари бўлган Аҳмаджон Умаров Қосимов ўрнига вақтинчалик раҳбар этиб тайинлангани айтилмоқда.

Жаҳогир Қосимовнинг вазифасидан бўшатилгани сабаблари ҳозирча маълум эмас. Бироқ бир неча ой олдин "Ўзбекфильм" очиқ ҳиссадорлик жамиятида бошланган текширишлар орқасидан Жаҳонгир Қосимовнинг вазифасидан кетиши эҳтимоли ҳақида хабарлар тарқалган.

Шу йилнинг июн ойида "Ўзбекфильм" раҳбарларидан бири Тўлаган Назаровнинг жиддий тафтишлар кетидан ўз жонига қасд қилгани бундай гап-сўзларни кучайтирган.

Октябр ойида Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазири Минҳожиддин Ҳожиматов ўз лавозимидан озод этилган. Бир йил олдин вазирликка қўйилган Минҳожиддин Ҳожиматовнинг қисқа муддатда мансабидан олинишини норасмий манбалар "Ўзбеккино"даги текширишларга боғлашганди.

Маълумотларга қараганда, айни пайтда "Ўзбекфильм"да молиявий масалалар бўйича жиддий текширувлар давом этмоқда.

Жаҳонгир Қосимов узоқ йиллар Ўзбекистон телерадиокомпаниясида турли лавозимларда ишлаган. Сўнгра,"Ўзбеккино" бош директори ўринбосари, Ўзбекистон Президентининг маданият масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси ўринбосари бўлган.

Ўзбекистондаги ҳукумат идораларида ишончли манбалари борлиги айтиладиган "Узметроном" сайтининг ёзишича, Ўзбекистонда президентлик сайловлари олдидан катта кадр ўзгаришлари рўй бериши кутилмоқда.

"Узметроном"га кўра, ўзгаришлар аввало ҳукуматнинг энг юқори лавозимларига талуқли бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002