Ўзбекистон Орол денгизини қутқаришга маблағ ажратмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption НАСАнинг фазодан олган сўнгги фотосуратида Жанубий Орол денгизининг шарқий қисми тўлиқ қуриб қолгани кўринади.

Қозоғистон Ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбек томони ниҳоят Орол денгизи минтақадаги экологик фожеа оқибатларини юмшатиш учун 3 млд доллар ажратилишини маълум қилган.

Қарорга асосан, лойиҳа халқаро молия институтлари томонидан бериладиган 2,15 млрд доллар ва Ўзбекистоннинг ўзи ажратадиган маблағлари ҳисобига амалга оширилиши мўлжалланмоқда.

Бу борада 2014 йил октябрида Ургенч шаҳрида Орол денгизи муаммоларига бағишланган халқаро анжуманда келишув имзоланган.

Анжуман Оролни қутқариш халқаро фонди ташаббуси билан ўтказилган. Анжуманда иштирок этган БМТ Бош котиби Пан Ги Мун дунё жамоатчилигини Оролни қутқаришга чақирган эди.

Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида жойлашган Орол денгизи ҳудуди бўйича 1960 йилга қадар дунёда тўртинчи ҳисобланган. Бироқ охирги 40 йил ичида денгиз майдони икки бараварга қисқариб, сув сатҳи 18 метргача пасайиб кетган. Денгиздаги сув ҳажми эса беш мартага қисқарган, туз миқдори ошгани боис балиқлар қирилиб кетган.

1993 йил январида Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон томонидан Оролни қутқариш халқаро фонди тузилган. 2008 йил декабридан бошлаб фондга БМТ Бош ассамблеясида кузатувчи мақоми берилган. Халқаро фонд аъзоларининг лойиҳани амалга ошириш учун 2003-2010 йилларда қўшган ҳиссалари 2 млрд долларни ташкил қилган.

Айни пайтда Оролни асраш бўйича 2011-2015 йилларга мўлжалланган учинчи лойиҳа халқаро фонднинг БМТга тегишли ташкилотлар, Жаҳон банки, Осиё Тараққиёт банки, Оврўпо Иттифоқи ва қатор донор-мамлакатлар билан ҳамкорлигида ҳаётга тадбиқ этилиши кутилмоқда.

Дастур учун тахминан 8,5 млрд доллардан ортиқ маблағ керак бўлади.

Бироқ таҳлилчиларда бундай лойиҳаларга ишончсизлик билан қараш мавжуд. Боиси, йиллар давомида Оролни қутқариш бўйича қатор анжуманлар ўтказилган, ҳужжатлар имзоланган, маблағлар ажратилиши айтилган. Лекин бу билан Орол тўлиб қолгани йўқ. Аксинча минтақадаги экологик фожеа йилдан-йилга кучайиб бораётганлиги мисол келтиришади кузатувчилар.

Бундан олдин Қозоғистон ҳукумати ва Жаҳон Банки кичик кўлга айланиб қолган Оролнинг шимолий қисмида аксар Ўзбекистонда қолаётган ва деярли қуриб битган Буюк Оролдан ажратиш учун тўғон тиклашганди.

Шундан сўнг Орол денгизи шимолидаги Кичик Орол келаси чорак аср давомида ўзининг эски соҳилларига қайтиши мумкин деган башоратлар билдирилди.

Денгизнинг қайтиши мумкинлиги Орол бўйида яшовчи инсонларда умид уйғотган.

Бироқ Сентябр ойида АҚШнинг НАСА агентлиги Оролнинг фазодан тасвирга олинган энг сўнгги фотосуратини эълон қилди.

НАСАнинг Earth Observatory сайтидаги фотосуратларда Жанубий Орол денгизининг шарқий қисми тўлиқ қуриб қолгани акс этган

Шу йил Британиянинг таниқли Pink Floyd рок-гуруҳи ўзининг Орол денгизи муаммоларига бағишлаган "Louder than Words"("Сўздан юксакроқ") қўшиғи клипини Нукусда олишни режалаштирган. Бироқ Ўзбекистон ҳукумати бунга рухсат бермагани сабабли Қозоғистоннинг Аралскида олишга тўғри келган эди. Клипда фожеага юз тутган Оролнинг аянчли манзараларини кўриш мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ