Президент Каримов 'одамларнинг норозилиги'ни тан олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи uza
Image caption Давлат хабар агентлиги- ЎзА Президент табригини унинг бундан 20 йил олдинги сурати остида чоп этган

Ўзбекистон халқига янги йил табригида Президент Ислом Каримов ўтган йилда 'эришилган ютуқларни' сарҳисоб қилиш билан бирга, 'одамларнинг норозилигини қўзғаётган қолдиқлар' ҳақида ҳам гапирди.

Президент Каримовга кўра, фуқароларнинг норозилигига сабаб "эски маъмурий-буйруқбозлик тизими"дир.

Жаноб Каримов янги йилда "одамларнинг норозилигини қўзғаётган барча қолдиқлардан воз кечишга имкон туғдирамиз, улардан озод бўламиз", - деб айтган.

Айрим таҳлилчиларга кўра, бу ҳукумат таркибидаги эҳтимолий ўзгаришларга ишора бўлиши мумкин.

Ўтган йил охирида сайланган парламентнинг Қонунчилик палатаси шу ой мамлакатнинг янги бош вазирини тасдиқлаши керак.

Жорий бош вазир Шавкат Мирзиёев сайловларда энг кўп ўрин олган Либерал демократик партияга мансуб.

Ушбу партиянинг Мирзиёевни қайтадан бош вазирликка номзод қилиб кўрсатиш-кўрсатмаслиги ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.

Мирзиёев айни пайтда Президент Каримовнинг ўрнига асосий даъвогарлардан бири сифатида ҳам кўрилади.

Сўнгги пайтларда даъвогарлардан яна бири - Бош вазир муовини Рустам Азимовнинг хориждаги қатор олиймақом тадбирларда Ўзбекистон ҳукумат ҳайъатига раҳбарлик қилиши Мирзиёевнинг истеъфоси яқинлашаётгани ҳақидаги фаразларга сабаб бўлган.

Аммо 11 йилдан буён бош вазир лавозимида ўтирган 57 ёшли Шавкат Мирзиёевнинг истеъфоси ҳақида бундан аввал пайдо бўлган хабарлар тасдиқланмаган.

'Сайловолди дастури'

Президент Каримов ўз табригида яқинда ўтган парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар Ўзбекистон халқининг "ноёб фазилатлари"ни намоён қилганини айтган ва сайловчиларга фаолликларги учун миннатдорчилик билдирган.

Янги йилда Ўзбекистон парламентининг ҳар икки палатаси янгиланади ва 29 мартда президентлик сайловлари бўлиб ўтиши керак.

Жаноб Каримов, анъанага кўра, Ўзбекистон давлат телевидениесининг бошловчиси томонидан ўқиб эшиттирилган табригида иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш, хусусан, иқтисодда давлатнинг улушини қисқартиришга ваъда берган.

Президентга кўра, давлатнинг иқтисоддаги улуши "стратегик ҳамда иқтисодий асосланган даражага қадар қисқартирилади".

Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими, иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусайиновга кўра, Президентнинг табригида янграган ислоҳотлар ваъдасини сайловолди дастури сифатида кўриш мумкин.

"Бу йил сайловлар йили ва ҳар бир қадам сайловлар билан боғлиқ бўлади, айниқса, иқтисодий ислоҳотлар",- дейди Анвар Ҳусайинов.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги мавжуд иқтисодий модел қўл билан бошқарувга асосланган ва бу ҳозирда иш бермаяпти.

"Иқтисодиётни ташкил қилишнинг айрим тамойилларини ўзгартиришни ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда. Бундан буёғига кўзга кўринадиган чоралар кўрилмаса, бир нарсага эришиб бўлмайди", - дейди таҳлилчи.

Унинг айтишича, Президент давлатнинг иқтисоддаги улуши қай даражада камайтирилишига ойдинлик киритмаган.

"Дунёнинг энг яхши, глобал ширкатларини таклиф қилиш ва мулкларни биргаликда бошқаришга ўтиш керак. Биз мулкни хорижий ширкатларга ё тўлиқ бериб қўямиз, ёки умуман бермаймиз. Иқтисодий қарорлар қабул қилишда кўп каллалар иштирок этиши керак", - дейди Анвар Ҳусайинов.

77 ёшни қаршилаётган Ислом Каримов яна бир бор президентликка номзодини қўйишига ишора қилган.

Ўзини мустақил деб тақдим қиладиган Uzmetronom.com нашри давлат хабар агентлиги - ЎзА Президент табригини унинг бундан 20 йил олдинги сурати остида чоп этганига эътибор қаратган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ