EurasiaNet.org: 'Рублнинг қулаши Марказий Осиёлик муҳожирлар учун мавҳумлик туғдирмоқда'

Марказий Осиёдаги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий жараёнларни таҳлил этиб борувчи EurasiaNet.org вебпортали Россиядаги меҳнат муҳожирларига рубл қийматининг кескин тушиши не қадар таъсир ўтказаётгани ҳақида мақола чоп этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Мақоладаги асосий хулоса, Россия иқтисодининг ортга кета бошлаши ва миллий валюта қийматининг тушиши миллионлаб Марказий Осиёлик муҳожирларнинг маошларининг пасайиб кетишига олиб келганидир.

Бунинг устига Россия расмийлари мамлакатда қонуний равишда ишламоқчи бўлган муҳожирлар учун янги ва кўп маблағ талаб қилувчи талабларни киритмоқдалар.

EurasiaNet.org мухбирлари билан суҳбатлашган меҳнат муҳожирларининг баъзилари эндиликда ортга қайтишни режалаётганларини айтишган.

Мақолада Россиянинг Ўзбекистондаги элчисига иқтибосан, Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сони 3 миллионга яқин, дея келтирилган.

Норасмий тахминларга кўра, бу сон икки баробар кўпроқ бўлиши ҳам мумкин.

Яна норасмий манбаларга кўра, ўзбекистонлик муҳожирларнинг уйларига юбораётган пуллари Ўзбекистон Йиллик Ялпи Ички маҳсулотининг чорагини ташкил қилади.

Россия Марказий Банки маълумотларига биноан, ўзбекистонлик муҳожирларнинг ватанга юбораётган пуллари 2014 йилнинг учинчи чорагида 9 фоизга тушган. Таҳлилчилар бу пасайиш янада давом этишини тахмин қилмоқдалар.

Самара шаҳридаги дўконлардан бирида ишловчи Фарғона вилоятидан бўлган 29 ёшли Шерзоднинг айтишича, унинг ойлик маоши 18 минг рубл эди.

"Яқин -яқинларгача, маошим 500 америка долларига тенг эди, кейинчалик 300 долларга тушиб кетди", дея айтди Шерзод EurasiaNet.org га. У ноябр ойида уйга қайтиб, энди Россияга бориш режаси йўқлигини билдирган.

Бундан ташқари шу йил 1 январдан бошлаб Россияда ишлашни истаган муҳожирлар учта махсус имтиҳондан ўтишлари керак. Шунингдек, тиббий текширувдан ўтиш ва тиббий суғуртага эга бўлиш ҳам талаб қилинади. Буларнинг ҳаммаси учну эса 30 минг рублдан кўпроқ ҳаражат керак.

Москва шаҳар маъмурияти эса патент олиш учун ойлик ҳақни уч баробарга ошириб, 4 минг рубл этиб белгилаган.

Фарғона вилоятилик Шерзоднинг айтишича, маошлари пасайиб кетаётганлиги воқелигига юз тутаётган кўплаб ўзбеклар ўзларини қаерга уришни билмай қолганлар.

"Кўплар уйга қайтмоқчилар. Лекин ҳатто чипта олгани пуллари йўқ", дейди у.

Баъзилар эса бўш чўнтак билан уйга кириб боришдан уялмоқдалар.

Россия матбуоти ўзбек жамоаси раҳбарларидан бирининг сўзларини келтириб, келгуси ойларда ўзбекистонликларнинг чораги уйга қайтишга мажбур бўлишлари мумкинлигини хабар берган.

Айни вақтда Ўзбекистондаги баъзи дўкондорларнинг айтишларича, мамлакатга Россиядан доллар келиши пасайиши билан ўзбек валютаси қиймати ҳам туша бошлаган. Уларнинг тахминига кўра, ўзбек сўми долларга нисбатан 15 фоизга тушган.

Ўзбекистон расмийлари ва йирик бизнес эгалари уйга қайтиши кутилаётган меҳнат муҳожирларини "кутиб олиш"га тайёр эканликларини айтадилар.

Фарғона водийсидаги қурилиш ширкатларидан бири раҳбари Назиржоннинг EurasiaNet.org га айтишича, мамлакатда кўплаб йирик қурилиш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

"Бутун мамлакат бир катта қурилиш майдонидир. Муҳожирлар қайтишса, шу ерда иш топишлари мумкин", дейди собиқан ҳукумат расмийси бўлган Назиржон.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer