Покистон: яна ўзбек жангарилари масканлари нишонга олинган

Покистон ҳарбийлари тарқатган хабарларга кўра, Ҳайбар ва Шимолий Вазиристондаги исломий жангарилар паноҳ топган жойлар ҳаво ҳужумларига тутилгани натижасида 40 қа яқин қуролли ўлдирилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

3 январ тунида Ҳайбар минтақасининг Тира водийсида жангарилар яширинган тўртта нуқта Покистон ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан ҳужумга тутилган.

Покистон армиясига кўра, ҳужумга тутилган жойлардан бири худкуш ҳужумчиларни тайёрлаш маркази бўлган.

Ҳужумлар натижасида 31 жангари, жумладан худкуш ҳужумчиликка тайёрланган шахслар ўлдирилган.

Шунингдек, АҚШнинг учувчисиз бошқариладиган учоғи деб кўрилган учоқ якшанба тонгида Шимолий Вазиристоннинг Датта Ҳел минтақасида жангариларнинг яна бир яширинган жойини нишонга олган.

Бу қароргоҳнинг Афғон чегарасидан 300 метрча Покистон ичкарисида экани хабар қилинган.

У Покистон Толибони қўмондони Ҳафиз Гул Баҳодир ва ўзбек жангариларининг қароргоҳи сифатида фойдаланилган.

Ҳужум оқибатида камида олти жангари ҳалок бўлгани, тўрт киши яралангани ҳақида айтганлар Покистондаги ҳарбий манбалар.

Ҳалок бўлганлар орасида юқори мансабдаги жангари ҳам борлиги, бироқ унинг шахси аниқланиши лозимлиги айтилмоқда.

Дрондан отилган икки ракета ўзбек жангариларини ҳам ҳалок этгани хабар қилинмоқда.

Ўзбек жангарилари ҳам Афғонистон ва ҳам Покистон ҳудудига ҳужумларни уюштириб келган, дейишади расмийлар.

Покистон 2014 йил июнида исломий жангариларга қарши Шимолий Вазиристонда кенг миқёсдаги ҳарбий амалиётларни бошлаган, ҳудудни кўп сондаги тинч аҳоли ташлаб чиқишга мажбур бўлган эди.

Шимолий Вазиристондаги жангарилар Ҳайбар минтақасидан паноҳ топганлар, дейди Покистон ҳарбийлари.

Армияга кўра, ўтган йил ёзидан буён 1700 дан ортиқ жангарини ўлдирган.

Покистон мамлакатнинг кичик 2001 йил 11 сентябр ҳужумлари деб атаётган Пешовар мактабидаги ҳужумда 150 киши ҳалок бўлган, уларнинг 134 нафари болалар бўлган.

Расмийларга кўра, Пешовар мактаби ҳужумини жангарилар Ҳайбар минтақасида ташкиллаштирганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ