'Ўзбек ТVни тушунганга чиқарган'

“Ахборот” дастури бошланай деган вақт “Ўзбекистон” каналига олсам, хотин, "шуни нимасини кўрасиз, хеч қандай янгилик бермаса, турган-биткани катталар учун “алла боламнинг” ўзи", деди.

"Ээй, хотин, Ўзбек ТV берган хабарни мағзини чақишни билиш керак", десам, “йўғ-э, дадаси жуда ҳазилкашсизда, лекин буниси ошиб тушди,” деди.

- Кел, ёнимда жим қулоқ солиб ўтир, дедим унга қарата.

Мана биринчи хабар: “Бугун Олий Мажлис Қуйи Палатасининг аъзолари ‘Жиноий Кодекснинг айрим моддаларига ўзгартириш ва қўшимчаларни бир овоздан қабул қилишди. Мазкур ўзгартиришлар жамиятни янада демократлаштиришга ҳамда фуқаролик жамиятини қуришга қаратилган”.

Буни эшитиб хотин ҳайрон, ҳеч нарса тушунмади, менга қаради.

“Хотин, буни тушунганга чиқарган. Иборани қара, чиройли қилиб қоғозга ўрашганини, ахир бу санъат-ку… одамларни ҳуркитиб юбормай, ‘янада демократлаштириш’ деяпти. Демак, ‘отти калласидек’ жарималар эндиликда ‘филли калласидек’ бўлади. Депутатлар буджетнинг тешикларини ямашнинг энг осон йўлини топишган,” деб талқин қилиб бердим.

Иккинчи хабар: “Жойларда аҳолининг кам таъминланган қисмини ҳимоя қилиш чора-тадбирлари доирасида, маҳаллий ҳокимиятлар озиқ-овқат маҳсулотларини арзонлаштирилган нархда сотиш мақсадида ярмаркалар ташкил этишмоқда”.

Бунисига, хотиндан хеч қандай савол кутмай, озиқ-овқат нархи ошаркан, эртага бозорга тушиб ғамлаб қўйиш керак, дедим.

Буни эшитган хотин, “дадаси, бу янгилик хўжалигимизга бевосита боғлиқ эканми?!” деди.

Кейингиси, халқаро янгиликлар (буни "тубканинг тагидан хабарлар" деб атаса хам бўлаверади аслида): “Гватемалада кучли зилзила, Монтеведеода сув тошқини, Рио-де-Жанейрода ер кўчкиси…”

Хотин “бақа-башара” қилиб, “Бу шаҳарлар қаерда экан-а ўзи?,” деб сўради.

Эээ, товуқ мия, бундан мақсад сенга жўғрофияни ўргатиш эмас, балки дунё остун-устун, ҳамма жой ишкал… Фақатгина ягона жаннатмакон юртимизда тинчлик… шуни шукронасини қил, бошқаси билан ишинг бўлмасин деган хабарни етказиш, дедим.

Буни тушунишга катта ақл керак эмас, кўриб эшитганингни 180 градус бурсанг, асл манзара яққол намоён бўлади кўз ўнгинда деб, ТВ куришнинг сирли формуласини тушунтириб қўйдим хотинга.

“Шуни олдинроқ айтмайсизми, умрим бино бўлиб шунча янгиликлардан қуруқ қолиб юрган эканман,” деб афсус чекди хотин, бўш вақтини рус сериалларини кўришга сарфлаганини эслаб.

Бир оз ўйланиб, “дадаси балки, дунёнинг турли бурчакларида бўҳронлар бўлиб турган бир вақтда, ҳаётни қора рангга эмас, балки шунақа пушти рангга бўяб кўрсатиш мақсадга мувофиқ бўлса ажабмас,” деди.

“Яхшидир аччиқ ҳақиқат, лек ширин ёлғон ёмон. Шу ширин ёлғонга лекин, алданиб қолғон ёмон,” деб Шер-акамни қўшиқларини хиргойи қилиб берсам, хотин ҳам анойи эмас... “шунга Шер-акангизни ТВга яқин йўлатмай қўйишган-да,” деб одамни мот қилди.

Эртасига хотиннинг ўзи ташаббусни қўлига олди.

“Дадаси бу ёққа келин ўтиринг диванга, бугун янги ‘Учбурчак’ деган ‘эркин фикрлар майдони’ телелойиҳа бўлармиш, шуни бирга томоша қиламиз,” деди.

Дастур ҳам бошланди. Хуллас, бир сўз билан айтганда, ўша журналистларга қўл келадиган ‘калтак емайдиган’ мавзуни давоми – интернетдан кўра китоб ўқинглар деган. Эсда қолган жойи – журналист китобни афзаллигини исботлаш учун шундай деди: “Улуг бобокалонимиз Ибн Сино касални тузатганлари эвазига хақ олганларида, кутубхонадан фойдаланишни сўраган эканлар”.

Буни эшитиб хотин роса қотиб кулди: “Ибн Сино, тақсир хақим эвазига интернет кафеингиздан 1000 мегабайт нарса юклаб олай, демабдилар-да,”деб.

Бир оз фурсатдан сўнг бунданда ақллироқ фикрни ўртага ташлади – "у замонларда улуғ аллома инсонларни Оллоҳ йўлида текинга, ҳеч қандай ҳақ сўрамай бисабилло даволаган эмасмидилар".

Ойнаи жаҳонда яна ўша журналист аёл “ҳамкасбимнинг оналари 85 ёшда, ҳар сафар Фарғонадан Тошкентга келганларида менга ҳеч нарса керак эмас, фақатгина "Шарқ зиёкори" дўконидан камида 10 дона китоб олиб беринг дер эканлар,” деди.

Хотин бунга ҳам ўринли савол берди. “Нима "Шарқ зиёкори"нинг бўлими Фарғонада йўқ эканми? Бундай қоғозга ўралган рекламага не ҳожат?! Китоб дўконининг савдоси ўлган кўринади,” деб мантиқли фикрлай кетди хотин.

Хотиннинг бу каби “сиёсий савияси"нинг ошиши одамни анча хавотирга солди.

Ҳар ҳолда аёл кишининг оғзига элак тутиб бўлмайди, деган доно халқим. У-бу ноўрин (‘қулоқлар” бор) жойда ақлли башара қилиб ногаҳон кар-кар қилиб қўйса, Худо кўрсатмасин!... ҳалиги “моддадаги айрим ўзгартиришларни” қўллаб, ҳалиги “филли калласидек” жаримани тўлаб, касодга учрашдан Ўзи асрасин!, дедим ичимда.

Раҳматли қўшнимнинг айтганлари эсимга тушди: “Укам, узоқ умр кўрай десанг, уч нарсага аралашмагин: Худонинг ишига, эр-хотиннинг урушига ва давлатнинг ишига”.

Ашаддий телемухлис.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ