Олмония Ўзбекистон билан келишувни сир тутмоқда

Image caption Афғонистонда Олмон аскарлари

НАТОнинг Афғонистондаги миссияси ўзгаргани ва у ердаги аскарлар ва ҳарбий техника сони камайганига қарамасдан, Олмония Ўзбекистоннинг Термез шаҳридаги ҳарбий ҳаво базасидан фойдаланишда давом этади.

Олмонияда чиқадиган Der Tagesspiegel рўзномасининг ёзишича, бу ҳақда ўзбек томони билан бир неча ой олдин келишувга эришилган, аммо келишув тафсилотлари сир сақланмоқда.

Олмония ҳарбий кучлари Термездан Афғонистонга минглаб қўшинларини киритиш ва чиқариш дарвозаси сифатида 2002 йилдан буён фойдаланиб келади.

Аскарлар ва ҳарбий жиҳозлар Мозори Шарифга ҳарбий учоқларда киритилишдан олдин осуда ҳарбий қароргоҳга оддий учоқларда келтирилади.

Аммо Афғонистондаги НАТО кучлари ҳозирда фақат афғон армиясини тайёргарликдан ўтказиш билан шуғулланади.

Эндиликда Афғонистонда Олмониянинг бир неча минглик қўшини эмас, 850 нафарлик ҳарбий бўлинмаси қолган.

Аммо бу билан Олмония Термез қароргоҳидан фойдаланиш ҳуқуқини озайтиргани йўқ.

Олмониянинг Der Tagesspiegel рўзномаси хабар беришича, ўтган йил биринчи сентябрида Тошкентда Ўзбекистон билан шартнома измзоланган, аммо ўзбек томонининг талаби билан унинг тафсилоти сир тутилмоқда.

Олмония учоқлари бундан буён Термезга ҳар куни парвоз қилмайди, бироқ, Олмония Мудофаа вазирлигининг рўзномага маълум қилишича, Афғонистонда вазият ёмонлашиши мумкинлиги эътиборга олиниб, ҳаво қароргоҳидан фойдаланиш муддати узайтирилган.

Газетага кўра, охирги йилларда Термездаги ҳаво ҳарбий базасидан фойдаланиш учун йилига 16 миллион евро берилгани назарга олинса, бу танлов Олмонияга арзонга тушмайдиганга ўхшайди.

Бундан буён Термез ҳарбий базасидан фойдаланиш учун қанча берилиши ҳам сир тутилмоқда.

Der Tagesspiegel хабар беришича, Олмония "дунёнинг энг ёмон авторитар" давлатларидан бири билан ҳамкорлик қилаётгани учун битим тафсилотининг сир тутилаётгани олмон томонига ҳам қўл келади.

Рўзноманинг таъкидлашича, Олмония Афғонистондаги қўшинларини озайтираётгани учун Ўзбекистон билан зиддиятли ҳамкорлигини қайта кўриб чиқиши мумкин эди.

Аммо, Олмония Тожикистон ва кўрфаз минтақаларида муқобил йўлларни кўриб чиққан эса-да, алал-оқибат Термезга устунликни берган.

Сабаби Олмония ўз қўшинларини ҳимоя қилиш масаласига кўпроқ аҳамият бергани билан боғлиқ экани айтилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002