Ўзбекистон парламентига сайловларнинг якуний натижаси эълон қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси якшанба куни бўлиб ўтган такрорий овоз бериш босқичини ҳисобга олган ҳолда Олий Мажлис қонун чиқарувчи палатаси депутатлари сайловининг якуний натижаларини эълон қилди.

Душанба куни Марказий сайлов комиссияси сайловларнинг иккинчи босқичида сайланган 22 нафар депутатларни қайд қилди ва 135та сайлов округларининг барчасида сайловлар ниҳоясига етганини билдирди.

21 декабрда бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра, 113та округда депутатлар сайланганлар. Айни кунда Экологик ҳаракатдан 15 депутат сайланган. Ҳеч қайси номзод етарлича овоз ола олмаган 22 округда эса 4 январда такрорий овоз бериш жараёни ўтказилган.

Якуний натижаларга қаралса, 135 сайланган депутатдан 52 нафари Либерал-демократик партия, 36 нафари "Миллий тикланиш" демократик партияси, 27 - Халқ-демократик партияси ва 20 - "Адолат" социал-демократик партиясидандир.

Сайланган депутатларнинг 16 фоизи аёллардир. Янги палатадаги 40 депутат аввал ҳам қонун чиқарувчи палатасининг депутати бўлиб фаолият юритганлар.

Журналистлар билан душанба куни бўлиб ўтган учрашувда Марказий сайлов комиссияси раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов сайловлар "миллий сайлов қонунчилиги, ҳамда унда бириктирилган ошкоралик, шаффофлик ва муқобиллик омиллари асосида" ўтказилганини айтди.

Бироқ, сайловларни бевосита кузатган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг чекланган кузатувчилар гуруҳи Ўзбекистондаги парламент сайловлари "ҳақиқий рақобатсиз" ўтганини айтган.

Ўзбекистон президентлигига сайловлар жорий йилнинг 29 мартида ўтказилиши мўлжалланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ