'Австралияда Австралиядан ўч оламиз'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Футбол бўйича 2015 йилги Осиё Кубогига саноқли кунлар қолар экан, Ўзбекистондаги футболга ихтисослашган турли интернет нашрлари мухлисларнинг юзлаб изоҳларига тўлиб-тошган. Айрим ишқибозлар эса, ҳатто, шеърлар битишгача боришган.

Ўзбекистонлик футболчиларни, "Ватан учун, қора кўз халқ учун ўйнаш"га даъват этаркан, шу каби ишқибозлардан бири, "термамиздан умидимиз катта, анча вақтдан буён тўшакда ётган дадамнинг ҳам ҳозирги энг катта орзуси юртининг чемпион бўлиши", - деб ёзган.

Кимларидир аллақачон Австралияга етиб борган миллий терма жамоа таркибию, Бош мураббийнинг танловидан норози бўлса, бошқаси қандай қилиб уни шакллантириш йўлида узундан-узоқ маслаҳату тавсиялари билан ўртоқлашган.

Яна бирлари Австралиядаги "Осиё Кубоги жамоанинг ўтган йилги жаҳон чемпионати саралаш баҳсларидаги "айбларини" ювишнинг бир имконияти экани"ни даъво қилган.

Ўзбекистонлик футболчиларнинг фақат энг сўнггига келибгина Бразилияга бориш бахтидан мосуво қолиши эса, кўплаб ишқибозларнинг ҳафсаласини пир қилган:

Ўзбекистондаги турли интернет нашрларию ижтимоий мулоқот тармоқлари уларнинг норози фикрларига тўлиб-тошганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Чунки агар, ўшанда тўплар нисбатидаги фарқ панд бермаганда, Ўзбекистон ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатига нақд тўртта йўлланмадан биттасини қўлга киритган бўларди.

Австралиядаги Осиё Кубоги эса, миллий терма жамоа 2014 йилги жаҳон биринчилиги ортидан ғолиблик учун беллашаётган биринчи нуфузли турнир бўлади.

"Оқ бўриларга оқ йўл"тилаб шеър битишгача борган ўзбекистонлик яна бир футбол ишқибози Хушнуджон эса:

"Келмасин дарвозамизга голлар пайдар-пай бўлиб,

Бўлмасин баҳона, ҳакамлар, иқлим ёки ўзга жой бўлиб,

Либосингизда турибди рамз мухлис умиди жам бўлиб,

Ошиёнингизга фақат ютуқла қайтинг", - дея даъват этаркан,

"Сиз деб, керайлик бир ўзбек кўксимиз", - деган истакларни изҳор этган.

Хушнуджонга ўхшаб uff.uz веб саҳифасида ўз фикрлари билан ўртоқлашган ўзбекистонлик бошқа бир футбол мухлиси(LEGIONER_UZB93) эса, "Шундай ўйин кўрсатингки, Австралия, Япония, Эрон, "ФАҚАТ ЎЗБЕКИСТОНГА ТУШИБ ҚОЛМАЙЛИК", деб дуо қилишсин", - деркан, "тўғри, майдонда жуда оғир, лекин ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқарсак, биздан кучли жамоа йўқ Осиёда", - дейди.

"Япония ким бўпти, иккинчи таркибимиз янчиб ташлаган уларни, Австралия ким бўпти, ёшларимиз 4:0 га ютган уларни, Эрон эса, шунчаки омади келган жамоа, холос...Австралияда Австралиядан ўч оламиз, Худо хоҳласа", - деркан, LEGIONER_UZB93 ўз комментининг сўнггида йирик-йирик ҳарфлар билан, "ОООЛЛҒҒААА ЎЗ-БЕ-КИС-ТООООННН!!!", дея "ҳайқириш"ни ҳам унутмаган.

Қитъанинг 16 миллий терма жамоаси ғолиблик учун беллашувчи бу йилги Осиё Кубоги 9 январ куни Австралияда старт олади ва Осиёнинг янги чемпиони 31 январ куни аниқланади.

Австралия яшил майдонларида тўп сурувчилар орасида эса, тўрт карра Осиё чемпиони ва амалдаги кубок соҳиби Япония дохил қитъанинг энг кучли миллий терма жамоалари жамулжам.

Бу - Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун ўзлари кетма-кет олтинчи бор иштирок этаётган Осиё Кубоги бўлади.

Ўзининг қисқа тарихида икки карра турнирнинг чорак финалига чиқишга муваффақ бўлган жамоа 2011 йил Қатарда бўлиб ўтган Осиё Кубогида ўзининг энг юксак натижасини қайд этади - ярим финал босқичига чиқиб, қитъанинг энг кучли тўртта миллий терма жамоасидан бирига айланади.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, ўзбекистонлик футболчилар ўшанда айнан бу йилги мезбон - Австралияга енгилиб, ўз тарихларида илк бор Осиё Кубогининг финалига чиқиш имкониятидан мосуво қолишади.

Ўзбекистон 2011 йилги Осиё Кубогининг ярим финалига қандай қилиб чиққанди? - махсус фоторепортажимизда томоша қилинг.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, бу йилги Осиё Кубогига муддатидан илгари йўлланмани қўлга киритган Ўзбекистон кенгурулар юртида Марказий Осиёни намоён этаётган ягона миллий терма жамоа бўлади.

Бу йил бир қанча ёшлар жалб этилган эса-да, жамоанинг ўзагини Қатардаги Осиё Кубоги иштирокчиси бўлган футболчилар ташкил этишади, улар яна ўзбекистонлик номдор футболчи, икки карра "Осиёнинг энг зўр ўйинчиси" Сервер Жепаров сардорлиги остида майдонга тушишади.

Ўзбекистон бу йилги Осиё чемпионлиги учун курашини янги Бош мураббийи Миржалол Қосимов қўл остида "В" гуруҳида Шимолий Корея, Хитой ва Саудия Арабистонига қарши бошлайди.

Футболга ихтисослашган турли халқаро интернет нашрларида кейинги босқичда чиқишда Ўзбекистон гуруҳ фаворитларидан бири саналаётган эса-да, уч карра Осиё чемпиони ва жаҳон чемпионати таъмини ҳам яхшигина татиган Саудия Арабистони ҳам бўш келмаслигини башорат қилаётганлар оз эмас.

Ўзининг яқин тарихида икки бор Шарқий Осиё чемпионлигини қўлга киритган Хитой миллий терма жамоаси эса, 1984 ва 2004 йилларда Осиё Кубогининг финалига чиқишга муваффақ бўлган.

Ярим асрдан ортиқ футбол тарихига эга эканига қарамай, Ўзбекистоннинг Австралиядаги дастлабки рақиби Шимолий Корея учун бу йилги Осиё Кубоги тўртинчиси бўлади. Миллий терма жамоа илк иштирокидаёқ турнирнинг ярим финалига чиққан.

Аммо, таъкидлаш жоиз, бу каби рекорд натижасини жамоа бундан 35 йил муқаддам, яъни 1980 йилда қайд этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўз ўрнида, шуни ҳам унутмаслик керакки, Шимолий Корея ўтган йилги Осиё Ўйинларининг финал босқичига чиқишга муваффақ бўлган.

Қўшниси Жанубий Кореяга енгилган эса-да, Ўйинларни кумуш медали билан якунлаган.

Миллий терма жамоа, яна шунингдек, Австралиядаги турнирда 2014 йилги Осиё Чақирув Кубоги ғолиби сифатида иштирок этади.

Ўзбекистон ва Шимолий Корея ўртасидаги дастлабки беллашув 10 январ куни бўлиб ўтади ва Тошкент вақти билан кундузги 12:00 да бошланади.

Агар, айрим маълумотларга таянилса, бўлажак рақиблар бунгача бир-бирларига қарши беш бор майдонга тушишган: Уч бор Ўзбекистон ғалаба қозонган бўлса, қолган икки учрашувларини жамоалар дуранг ҳисоби билан якунлашган.

Расмий хабарларда 4 январ куни Австралияга етиб боргани айтилган Ўзбекистон миллий терма жамоа айрим етакчи аъзолари аллақачон мақсадлари Осиё чемпиони бўлиш эканига ҳам ишора қилишган.

Аммо мамлакат футбол аҳли чиқишларида энг аввало "муносиб ўйин кўрсатиш" иборасига кўпроқ урғу берилаётгани ҳам кузатилади.

Ўзбекистондаги футболга ихтисослашган турли интернет нашрлари хабарларига таянилса, Австралияда юздан ортиқ ўзбекистонлик футбол мухлисларининг миллий терма жамоага ишқибозлик қилишлари кутилмоқда.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, жамоа 2011 йилги Осиё Кубогини очилиш учрашувида мезбон Қатарни 2:0 ҳисобида енгиш билан бошлаган.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Австралияда Ўзбекистонни миллий терма жамоасидан ташқари, иккита ҳакамлар бригадаси ҳам намоён этади.

Улардан бири беш карра "Осиёнинг энг зўр ҳаками" Равшан Эрматов бошчилигидаги гуруҳ бўлса, иккинчи бригадага ўзбекистонлик бошқа бир ҳакам Валентин Коваленко бош бўлади.

Агар, Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан эълон қилинган расмий рўйхатга қаралса, қитъанинг бирор бир давлати бу каби шарафга нойил бўлмаган.

Яъни, Ўзбекистон конфедерациянинг Австралиядаги Осиё Кубогида қўшалоқ ҳаками ишлайдиган ягона аъзоси бўлади.

Бу - Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар гуруҳининг Бразилиядаги жаҳон чемпионати ортидан ишлаш учун таклиф олган яна бир нуфузли халқаро турнири ва фаолият олиб боражак учинчи Осиё Кубоги бўлади.

Равшан Қатарда бўлиб ўтган ва Япониянинг Австралия устидан ғалабаси билан якунланган сўнгги Осиё Кубогининг финал учрашувига ҳам ҳакамлик қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ