Ўзбекистон Президенти янги матбуот котибини тайинлаган

Image caption Янги матбуот котибининг тайинланиши Ўзбекистонда президентлик сайлови жараёнлари бошланган пайтга тўғри келган

Хабарларга кўра, Баҳодир Эргашев Президентнинг янги матбуот котиби вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Сўнгги йилларда айни вазифани бажариб келгани айтилган Ўзбекистон давлат телевидениесининг собиқ муҳаррири Садриддин Суяровнинг нима учун ишдан четлатилгани сабаби номаълум.

Президент Ислом Каримов бу ҳақдаги фармонни имзолагани ҳақида хабар берган vesti.uz нашри фармондан иқтибос келтирмаган.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати ва Ташқи ишлар вазирлигининг веб саҳифаларида бу ҳақда расмий хабар йўқ.

Баҳодир Эргашев, хабарларга кўра, муқаддам Ташқи ишлар вазирлиги ва Президент девонида хизмат қилган.

Рамзий лавозим

Сўнгги йилларда Президентнинг матбуот котиблиги рамзий лавозимга айлангани айтилади.

Президентнинг матбуот котиблари матбуот учун баёнот бермайдилар ва журналистлар учун брифинглар ўтказишмайди.

Ўзбекистон Президентининг собиқ матбуот котиби Шароф Убайдуллаевга кўра, бу "афсусланарли ҳолдир".

Унинг айтишича, сўнгги пайтларда бу лавозимга тобора матбуотдан узоқ шахсларни тайинлаш анъанага айланиб бормоқда.

"Илгари бир жойга бир раҳбар келса, ўшани мутахассислар танирди, ҳозир биров танимайди. Матбуот котибларининг алмашиши табиий, лекин Ўзбекистон Президентининг матбуот котибини одамлар таниши керак", дейди фахрий журналист.

Янги матбуот котибининг тайинланиши Ўзбекистонда президентлик сайлови жараёнлари бошланган паллага тўғри келган.