Ижтимоий минбар:"Обид Асомов президент, Мирза бош вазир бўлсин"

Ўтган ҳафта Facebook ижтимоий тармоғида баҳсимиз мавзуси Ўзбекистонда март ойига мўлжалланган президент сайлови, сизнинг эҳтимолий номзодларингиз ва ким бу олий лавозимга лойиқлиги билан боғлиқ эди.

Баҳсимиз қатнашчилари айни мавзуда қарийб 150 та шарҳ қолдиришган. Айрим шарҳларга ўнлаб муносабатлар изҳор этилган.

Ушбу шарҳлар билан танишиб чиқиб, хулоса қилишимиз мумкинки, муаллифлардан аксарияти, дейлик тахминан 95 фоизи, келгуси президентликка номзод сифатида жорий президент, Ўзбекистондаги "энг асосий раҳбарлик курсисини" деярли чорак асрдан бери эгаллаб келаётган Ислом Каримов номзодини қўллашлари ҳақида ёзишган.

Эслатиб ўтиш керак, бу “дастак”лаш аксарият ҳолатларда фақат мамлакатдаги “тинчлик ва барқарорлик” билан изоҳланган.

Масалан Sanjarbek Uzb "Додамиз бўлсинлар. Шунда Ўзбекистон тинч ва фаравон бўлади. Ислом Каримов энг лойиқ номзод" деган шарҳ қолдирган.

Дилшод Қодировнинг ёзишича, "Оллоҳга шукурки Ватанимиз тинч. Тинчлик эса шу инсон И.А.Каримов юргизган сиёсат сабаб. Бу инсондан миннатдор бўлишимиз керак. Бу тинчлик сабаб, эл юрт, маҳалла ва оилаларимиз тинч. Шу тинчлик сабаб биз эркаклар кўчада юриб халқимиз ва асосийси оилаларимиз манфаати учун ҳаракатда юрибмиз. Овозни И.А.Каримовга бераман. Оллоҳ умрларини зиёда килсин".

Демак айтиб ўтганимиздек шарҳларнинг аксари ана шу маънода…

Лекин, жорий Президентга муқобил номзодлар ҳақида оз бўлса ҳам баъзи фикрлар қолдирилган. Бу фикрларда тилга олинган номзодлар "Ўзбекистон Халқ Ҳаракати" лидери Муҳаммад Солиҳ, миллиардер ишбилармон Алишер Усмонов, Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов ва Бош вазирнинг ўзи Шавкат Мирзиёев.

Shohruh Abdullaev "Бош вазир биринчи ўринбосари ва Молия вазири Рустам Азимовни кўплаб зиёли ва интилектуал ўзбекистонликлар қўллаб-қувватлайди, деб ўйлайман", дея шарҳ қолдирган.

Ali Khanнинг фикрича эса, "Ислом Каримов кучли сиёсатчи, жуда узоқни кўра олади деб айтолмайман, лекин тажрибали. Мамлакат учун анчагина ишлар килди. Аммо етарли эмас. Ҳозир Ўзбекистонга хақиқий маънодаги сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказа оладиган ва ҳозирги ҳукуматни, умуман жамиятни коррупция ботқоғидан чиқара оладиган либерал қарашдаги раҳбар керак. Афсуски, ҳозир бизда бундай кўзга кўринарли шахснинг ўзи йўқ. Ёки бўлса ҳам Каримовнинг соясида кўринмай қоляпди".

Пулат Турон "Муҳаммад Солиҳ акага ўхшаган ёшроқ номзод бўлса кошки, чунки Мухаммад Солиҳ ака Ўзбекстонни ипидан игнасигача билади, ҳамда нимани қаердан олиб қаерга қўйса халқни рози қилолишлигини! Иймони бор булсин", дея мухолифат раҳбарларидан бирининг номзодини қўллаган.

Лекин Баходир Хамидов "Ўзбекистонга ёш ва чаққон президент керак! Мухолифатчилар орасида бирорта ақлли номзод йўқ, бари лақма, эсини еган чоллар", деган фикрда.

Sherzod Turdiev ҳам шунга ўхшаш фикрда: "Муҳаммадсолиҳ акангиз 20 йилдан буён тоғу тошда қочқинда юравериб ўзбек тилини ҳам унутворган"

Рохатой Ирисматова "Мен Алишер Усмонов президент бўлшини хоҳлардим" дея ёзган.

Илхом Хаджимурадов "Шахсан ман умуман кутилмаган одам президент бўлишини хоҳлардим... лекин Рустам Азимов Яхши номзод..." дейди.

Farhod Bek "Мени ажаблантираётган нарса ҳамма Каримовни абадий яшайди, деб ўйлаётгани. Сал кам 80 ёшга кирди. Биз Ўзбекистн фуқаролари сифатида Ислом Каримовдан кейин қайсидир одамни президент қилишимиз керак, бу билан биз келажагимизни қурамиз дегани. Лекин номзодар топилмаётганининг сабаби бор. Каримов телевизорни ҳеч кимга бермайди. Бош вазирнинг қандай одамлигини кўплба ўзбекистонликлар кўрмаган. Мен Каримовни ёмон демоқчи эмасман, у қариди, шилқ этиб ўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Биз келажакни кўзлашимиз керак. Иложи бўлса яхши, ватанимиз учун жон куйдирадиган одамни сайлашмиз керак. Ҳеч ким абадий яшамайди. Ҳозир Каримов ўзидан бошқа кимни президент қилиб қолдиришга ҳам иккиланса керак. Халқ ҳам билмаса, президент ҳам билмаса унда ҳолимиз вой", деган хулосага келган.

Яна бир баҳсимиз иштирокчиси эса Ўзбекистонда умуман ҳар қандай сайловалр концепциясини мутлақо шубҳа остига олган. "Қўрқмаларинг, томирида қон оқаётган экан президент постини ҳеч кимга бермайди. Сайлов-пайлов ҳаммасини расмиятчилик ва халқини алдаш холос", дейди у.

Лекин бу борадаги баҳсларнинг ҳаммасига Shava Uzbek ҳазиломуз тарзда ўта ўзгача таклиф билан нуқта қўйгандек: "Обид Асомов президент, Мирза бош вазир бўлсин".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer