Ислом Каримов яна бир муддатга президентликка сайланади

Image caption Ислом Каримов чорак асрдан буён Ўзбекистонни қаттиққўллик билан идора қилиб келади

Қонунчилик палатасига сайловларда энг кўп ўринни эгаллаган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси жорий Президент Ислом Каримов номзодини яна бир муддатга илгари сурган.

Podrobno.uz нашрининг хабар беришича, бу ҳақдаги қарор партия Cиёсий кенгашининг мажлисида қабул қилинган.

Сиёсий кенгаш аъзолари айни қарор "сайловчиларнинг фикрларини инобатга олган ҳолда" қабул қилинганлигини айтишган.

77 ёшни қаршилаётган Ислом Каримов 29 мартда ўтадиган президентлик сайловларида илгари сурилган биринчи номзод бўлган.

Ислом Каримов ўтмишда мансуб бўлган собиқ Коммунистик партиянинг меросхўри - Ўзбекистон Халқ Демократик партияси (ХДП) ўз етакчиси Ҳотамжон Кетмонов номзодини президентликка илгари сурган.

Қонунчилик палатасидаги бошқа ҳукуматпараст партияларнинг ҳам келаётган кунларда ўз номзодларини эълон қилишлари кутилади.

Ўтган йил охирида Марказий Сайлов Комиссияси мамлакатда президентлик сайловларига старт берилганлигини эълон қилган эди.

Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, президентлик сайловлари парламент сайловларидан кейин уч ой ичида бўлиб ўтиши керак.

21 декабрда парламентнинг қонунчилик палатасига ўтган сайловларда иқтидордаги ишбилармонлар ва тадбиркорлар ҳаракати - Либерал-демократик партия энг кўп ўринларни эгаллаган.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти сайловларда ҳақиқий рақобат бўлмаганини айтган ва уларни кузатиш учун тўлақонли ҳайъат юбормаган.

Нечанчи муддат?

77 ёшни қаршилаётган Ислом Каримов биринчи марта 1991 йилнинг 29 декабридаги умумхалқ сайловларида президентликка сайланган.

1995 йил мартидаги умумхалқ референдумида Ислом Каримовнинг президентлик ваколати 2000 йилга қадар узайтирилган.

2000 йил 9 январида Конституцияга киритилган ўзгаришларга мувофиқ, Ислом Каримов яна бир муддат, бу сафар 7 йилга Ўзбекистон Президенти этиб сайланган.

Расмийлар Конституцияга киритилган ўзгаришларга мувофиқ, жаноб Каримовнинг аввалги муддатлари инобатга олинмаслиги, бу унинг биринчи президентлик муддати деб ҳисобланишини айтишган.

2007 йил 23 декабрида Ислом Каримов яна бир марта 7 йиллик муддатга сайланган.

Халқаро кузатувчилар бу сайловларнинг биронтаси ҳам эркин ва демократик сайловлар бўлмаганини айтишади.

Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддасига мувофиқ, бир шахс президентлик лавозимига икки мартадан ортиқ сайланиши мумкин эмас.

Аммо Сенат 2011 йилда Конституциянинг айни бандига ўзгартириш киритган ва ўзгартиришлар "қонун кучга кирганидан сўнг сайланадиган Ўзбекистон Республикаси Президентига нисбатан қўлланилиши"ни айтган.

Расмийлар жаноб Каримов муддатининг узайтирилишига имкон берадиган қонунчилик ташаббусларини "конституциявий ўзгаришлар" дея тақдим этишади.

2007 йилдаги сайловларда Марказий Сайлов Комиссиясининг собиқ раиси Бўритош Мустафоев журналистларнинг "бу президентнинг нечанчи муддати?" деган саволига жавоб беришга қийналганди.

АҚШ Давлат Департаменти эса 2000 йилда ўтган президентлик сайловларини шарҳлай туриб, рақиб номзод - Абдулҳафиз Жалоловнинг Ислом Каримовга овоз берганини кулги остига олган.

Ўзбекистонни чорак асрдан буён идора қилиб келаётган Президент Каримовнинг яна бир муддатга сайланиши аксарият таҳлилчиларга кўра, амалда унинг умрбод ҳокимиятда қолишини англатади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистондаги ҳокимият курашлари ва Каримовнинг эҳтимолий меросхўри масаласи жаҳон матбуотининг диққат-эътиборида бўлиб келган.

Таҳлилчиларга кўра, сўнгги янгилик Ўзбекистонда кутилаётган сиёсий меросхўрлик масаласига ойдинлик киритмайди.

Айрим хабарларга кўра, эҳтимолий меросхўрлардан бири сифатида кўриладиган жорий Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг ҳам ўз лавозимида қолиши кутилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ