Ўзбеклар Россияда, хитойликлар Қамчиқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

“Жаҳон” ахборот агентлиги хабар қилишича, Ўзбекистоннинг Фарғона водийсидаги уч вилоятини мамлакатнинг қолган ҳудудлари билан боғлайдиган Қамчиқ довонидаги темир йўл қурилишида минг нафар хитойлик меҳнат қилмоқда.

China Railway Tunnel Group ширкатининг туннел қурилиши бўйича мутахассислари Қамчиқ довонидаги узунлиги 19 километрлик туннелни қазмоқдалар.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг “Жаҳон” агентлиги хабар қилишича, туннелнинг 7 километрдан узун қисмини бетонлаштиришга муваффақ бўлинган.

Тошкентни Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятлари билан боғлайдиган “Ангрен-Поп» темир йўлини денгиз сатҳидан 2200 метр баландликдаги тоғ довонидан олиб ўтишга қарор қилинган.

Қамчиқ оша темир йўлнинг узунлиги 120 километрдан ортиқроқни ташкил этиши, 50 милометрчасини электрлаштириш режалаштирилган.

Шўролар замонида Ўзбекистоннинг Фарғона водийсидаги вилоятларини фақат Тожикистоннинг собиқ Ленинобод, ҳозирги Суғд вилояти ҳудудидан тортилган темир йўл боғлаб турган.

Қўшниси Тожикистон билан муносабатлари совуқлашган Ўзбекистон Андижон, Наманган ва Фарғонага қатнайдиган барча поездларини бекор қилди, юк вагонларини ҳам ўтказмасликка қарор қилди.

Ўзининг шимолий Суғд вилоятини фақат Ўзбекистон ҳудуди орқали темир йўл билан боғлаган Тожикистон ҳам баланд тоғ довонларида туннеллар барпо этишга киришди.

Тожикистондаги туннеллар қурилишига ҳам хитойлик туннелшунос мутахассислар жалб этилди.

Қамчиқ довони оша темир йўл қатновини йўлга қўйишни Ўзбекистон 2016 йилда режаламоқда.

2013 йил апрелида Андижон вилояти фаоллари билан мажлисда Президент Ислом Каримов “Ангрен-Поп» темир йўлининг аҳамияти ҳақида гапирган, бу темир йўл қурилганидан кейин ўзи поездда одамларни Тошкентдан Андижонга олиб келишга умид қилаётганини айтган.

Ўшанда 2015 йилги президентлик сайловида Ислом Каримовнинг ўз номзодини яна президентликка илгари суриши-сурмаслиги номаълум эди.

Бироқ кузатувчилар жаноб Каримовнинг ушбу сўзларини у ўзини 2016 йилда ҳам Ўзбекистоннинг президенти сифатида кўраётганининг белгиси сифатида талқин қилган эдилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ