Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Кексаларни эъзозлаш пенсияларни ушлаб қолиш билан бошланди'

2015 йилда Президент Ислом Каримов ташаббуси билан Ўзбекистонда "Кексаларни эъзозлаш йили" деб эълон қилинган.

Бироқ бу йил бошланганидан буён тошкентлик пенсионер ва нафақахўрлар ўз пенсия ва нафақаларини ола олмаяптилар.

Бу ҳақда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи хабар тарқатган.

Гуруҳ раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, ўзларининг ташкилотига Тошкентнинг Учтепа, Олмазор ва Шайҳонтоҳур туманларида истиқомат қиладиган кексалар мурожаат қилганлар.

Пенсионерлар ўзларининг пулларини почта бўлимларидан олишлари кўзда тутилган.

Аммо сўнгги икки ҳафта мобайнида кекса кишилар эрталабдан почта идораси олдида навбатда турадилар.

Бир неча кишига пенсияси ёки нафақаси берилганидан кейин почта идораси ходими келтирилган нақд пул тугаб қолганини эълон қилади.

Уларнинг кўпчилиги касалманд кишилар, дори-дармон ва даволанишга муҳтожлар. Пулларини ола олмаётганлари учун қийналмоқдалар, дейди Инсон ҳуқуқлари Ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

Суръат Икромовнинг айтишича, 2015 йил январидаги пенсия ва нафақаларни эгаларига тарқатиш билан боғлиқ муаммо Тошкентнинг бошқа туманларида ҳам кузатилмоқда.

"Вилоятларда эса аҳвол бундан ҳам ёмон - одамлар икки-уй ойлаб пенсияларини ололмайдилар", дейди Суръат Икромов.

Ташаббус гуруҳи тарқатган хабарда айтилишича, бу йил "Кексаларни эъзозлаш йили" деб эълон қилинган, лекин мансабдорлар кексалар учун муаммоларни сунъий яратмоқдалар.

"Ўтган йил охирида айрим пенсионерларнинг пенсияси миқдорини қисқартиришди, уларга охирги 8-10 йил давомида пенсия нотўғри ҳисоблаб берилганини айтишди", дейди Инсон ҳуқуқлари Ташаббус гуруҳи.

2014 йил охиридан ўз вақтида пенсиясини олмаган пенсионернинг пулини талаб қилиб олиш муддати қисқартирилган эди.