Президентликка номзод Акмал Саидов Ислом Каримовнинг "ишончли вакилими"?

Ўзбекистонда Президентлик сайловларига старт берилганига бир ҳафта бўлди.

Шу вақт ичида партиялар кўрсатган номзодлар сайловолди тарғиботларини бошлаганлар.

Бошқача айтганда, жорий президент Ислом Каримовни "энг оқил раҳбар", сифатида таърифлашга ўтганлар.

Жумладан, "Миллий тикланиш" партиясининг расмий нашри "Миллий тикланиш" газетасининг 21 январ сонида президентликка номзод Акмал Саидовнинг "Сайловчилар ишончини оқлаш катта масъулият" сарлавҳали мақоласи чоп этилган.

Мақола номзоднинг сайловчиларга берадиган ваъдаларидан кўра, президент Ислом Каримовни улуғлашга бағишланган дейиш тўғри бўлади.

Image caption Миллий давлатчилигимиз ўз олис тарихи давомида иккита том маънода мустақил ва ҳақиқий Конституцияга эга бўлган, бу "Темур тузуклари" ва Ўзбекистон Конституциясидир, дейди Саидов.

Акмал Саидов Қашқадарё вилояти Касби туман сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган.

"Халқ вакили бўлиб, беш йил давомида парламентда иш олиб бориш, сайловчилар билдирган юксак ишончнни оқлаш катта бахт, катта масъулият" эканини таъкидлаган Акмал Саидов сенатга сайловлар "Президент Ислом Каримов айтганидек Конституция ва қонунлар асосида, партиялараро сиёсий рақобат ва қизғин курашлар руҳида бўлиб ўтган"ини айтади.

Акмал Саидов мақолада "сайловлар "халқнинг ўз юртбошиси атрофида мустаҳкам жипслиги, истиқлол йилларида юртимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлаши ва эртанги кунга комил ишончининг ёрқин намойиши бўлди, дейиш учун тўла асос бор" лигини таъкидлайди.

Саидов жаноблари парламентга сайловларнинг ҳаққоний ўтганини урғуларкан, Каримовнинг "Кимки асл демократияни кўрмоқчи бўлса, Ўзбекистонга келсин!"- деган сўзлари сайлов жараёнида ўзининг амалий исботини топди", дейди.

"Мен – ҳуқуқшуносман. Лекин на ўзим, на юртимизнинг бошқа юристлари шу вақтга қадар эътибор қаратмаган бир ҳуқуқий ҳақиқатни Қашқадарёда кашф этдим, десам хато бўлмайди. Яъни, вилоят аҳли эътироф этганидек, кўп минг йиллик миллий давлатчилигимиз ўз олис тарихи давомида иккита том маънода мустақил ва ҳақиқий Конституцияга эга бўлган", – деб ёзади Акмал Саидов.

"Булардан бири – Соҳибқирон Амир Темурнинг "Темур тузуклари" бўлса, иккинчиси – Президентимиз раҳбарлигида ишлаб чиқилган амалдаги Конституциямиздир. Энг қизиғи, вилоят аҳли ҳар иккала Конституциянинг "хамиртуруши" бизнинг заминдан олинган, деб фахрланишади", дея Акмал Саидов Амир Темурнинг Шахрисабзда туғилгани ва Ислом Каримовни собиқ иттифоқ даврида Қашқадарё вилоятига ҳокимлик қилганини эслатади.

Image caption Акмал Саидов Ўзбекистонда инсон ҳақлари ҳимоя қилинишини айтади.

"Бир сўз билан айтганда, биз, янги сайланган депутатлар Ўзбекистоннинг бугунги куни ҳамда буюк келажаги йўлида бор билим ва малакамиз, ижодий куч-қудратимизни бағишлаш орқали она Ватанимизнинг миллий манфаатлари учун фидокорона хизмат қилишимиз талаб этилади. Бу йўлда, Президентимиз таъкидлаганидек, доимо ўрганиш, изланиш, янгиликка интилиб яшаш керак", – дея кўтаринки руҳда якунлайди мақоласини жаноб Саидов.

Мақоладан Акмал Саидов Ўзбекистон президентлигига номзод эмас, балки Каримовнинг ишончли вакилларидан бири бўлса керак, деган тасаввур уйғонади.

Акмал Саидов 2007 йилги сайловларда ҳам президентликка номзоди қўйилиб, Ислом Каримов билан "беллашган", сайловчиларнинг 2,85 фоиз овозини қўлга киритган эди.

2015 йил 29 мартда бўлиб ўтиши мўлжалланган президент сайловларига Ўзбекистон Либерал Демократик Партияси томонидан Ислом Каримов, Халқ Демократик Партияси Хотамжон Кетмонов, "Миллий тикланиш" партияси Акмал Саидов ва Социал Демократик партиясидан Наримов Умаров номзодлари қўйилган.

Таҳлилчилар бу галги сайлов ҳам олдингилари каби спектаклдан бошқа нарса эмаслигини айтишади.

Ўзбекистон Конституциясининг 90 моддасига биноан, бир шахс икки муддатдан ортиқ президентликка сайланиши мумкин эмас.

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти Ислом Каримов мустақилликдан кейин ўтказилган 4 сайловда ҳам қатнашган. Каримов мамлакатни 1989 йилдан буён бошқариб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ