‘Исломий Давлат’ Марказий Осиёга таҳдид’

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ҳозир дунёдаги энг қудратлиси, деб саналаётган бу жиҳодчи гуруҳнинг шу кунларда Ўзбекистоннинг шундоқ биқинида янги жангарилар ёллаётгани расман ўз тасдиғини топаркан, халқаро таҳлилчилар ҳозирги вазиятга ана шундай баҳо беришмоқда.

Худди шу манзарада Лондонда 21 давлат ташқи ишлар вазирлари “Исломий Давлат”га қарши баҳамжиҳатликда курашиш йўлларини муҳокама этишга киришишган.

Маҳаллий масъулларнинг сўзларига таянилса, “Исломий Давлат” гуруҳи ўтган бир неча ойнинг ўзидагина қўшни Афғонистоннинг камида беш вилоятида янги тарафдорларини топган.

Афғонистоннинг Ҳелманд, Зобул ва Ғазний каби жанубий, жанубий-шарқий вилоятлари қолиб, Марказий Осиё давлатларининг шундоқ ёнгинасидаги шимолий минтақаларига ҳам “сизиб кириш”га муваффақ бўлган.

Афғонистонлик мулозимларнинг сўзларидан аён бўлишича, ҳозир мамлакатнинг камида беш вилоятида “Исломий Давлат” гуруҳига байъат келтираётганлар асосан Толибон ҳаракати жангариларидир.

Аммо бу каби жангарилар орасида миллати ўзбек, чечен ва араб бўлганлари ҳам бор, дейишади улар.

Масъул мулозимларга кўра, шунда ҳам, ҳозиргача бутун Афғонистон бўйлаб қанча жангарининг “Исломий Давлат” гуруҳига байъат келтириб бўлишганига оид аниқ рақамлар қўлларида йўқ.

Аммо уларнинг эътироф этишларича, бу каби жангариларнинг сони жадаллик билан ортиб бормоқда ва улар ҳисобидан “Исломий Давлат” гуруҳининг Афғонистондаги аъзолари сафи ҳам кенгайиб бораётир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

“Исломий Давлат” гуруҳи эса, ана шу жангарилар воситасида Афғонистонда ўз таянч нуқталарини ташкил этиш режасию ҳаракатида, дейишади улар.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, ҳар икки Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси саналган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати бундан анча аввал раҳбари Мужоҳид Усмон Ғозий бошчилиги остида “Исломий Давлат” гуруҳига ўз садоқатини баён қилиб улгурган. “Исломий Давлат” гуруҳини дастаклаб чиққан минтақадаги илк исёнчи гуруҳлардан бири бўлганди.

Минтақадан имконли бўлган айрим маълумотларда ҳаракат аъзоларининг сони ҳозирда бир неча юздан бир неча мингтагача экани тахмин этилади.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сўнгги йилларда Афғонистоннинг ҳозир айнан “Исломий Давлат” гуруҳи ўзига янги аъзолар ёллаётгани айтилган Қундуз дохил қатор шимолий, шимолий шарқий вилоятларида фаоллашишга муваффақ бўлган. Орада Марказий Осиёдан янги жангарилар ёллашнинг уддасидан чиққанига оид хабарлар ҳам пайдо бўлганди.

Уларнинг ортидан, Покистон Толибон ҳаракати қатор юқори мартабали қўмондонларининг ҳам ўз Амирул мўмининларидан воз кечиб, “Исломий Давлат”га байъат келтиришгани маълум бўлганди.

Яқинда эса, собиқ воизи ўзининг видеочиқишида бутун ҳаракатнинг “Исломий Давлат” тарафига ўтганини иддао қилган, бироқ унинг даъволарини мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони бўлмаганди.

Унгача “Исломий Давлат” тарафдорларининг Покистоннинг Афғонистонга қўшни Пешовар шаҳрида турли варақалар ёрдамида гуруҳ ғояларини маҳаллий аҳоли орасида ёйишга уринишаётганига оид хабарлар ҳам пайдо бўлганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Аммо ўз яқин иттифоқчиларининг бу каби қарорига Афғонистон Толибон ҳаракати, жумладан, Исломий амири Мулла Муҳаммад Умар расман бирор бир муносабат билдирмаган, “Исломий Давлат” гуруҳининг Афғонистонга сизиб кираётганига оид хабарлар эса, яқин-яқингача масъуллар томонидан ўз тасдиғини топмаганди.

Шу кунларда Афғонистонда “Исломий Давлат” гуруҳи сафларига ёлланаётганларнинг айнан маҳаллий толиблар экани маълум бўларкан, халқаро ҳарбий таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича, бу – Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умарнинг якто қудратига дарз етаётганига ҳам далолат қилади.

Бошқа томондан, таҳлилчиларга кўра, “Исломий Давлат”нинг Афғонистонда фаоллашишга уриниши Толибон ҳаракатини Яқин Шарқда ўзининг шафқатсизлиги билан ном чиқарган бу гуруҳдан кўра ҳам кескинроқ жанг олиб бориш усулларига ўтишига туртки бериши мумкин.

Худди шу манзарада айрим минтақавий таҳлилчиларнинг айтишларича, ҳар икки Толибон ҳаракатида ҳам “Исломий Давлат” эга бўлган устунликлар, жумладан, бойлик, ҳудуд ва глобал жиҳод ғояси йўқ.

Уларга кўра, дунёнинг исталган бурчагидан янги жангариларни ёллашда “Исломий Давлат” гуруҳига айнан шу уч омил қўл келмоқда.

Айрим хабарларга кўра, гуруҳ шу кунларда Афғонистонда ойига 500 долларлик хизмат ҳаққи билан янги жангарилар ёллашга уринмоқда.

“Исломий Давлат”нинг қудрати

Мудофаа масалалари бўйича халқаро таҳлилчи Пол Рожерснинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, “Исломий Давлат”нинг Афғонистоннинг ўзида янги жангарилар ёллашга муваффақ бўлаётгани - шу пайтгача унинг қудратига етарлича баҳо берилмаганини англатади.

Image caption Лондондан халқаро мудофаа масалалари бўйича таҳлилчи

“Менимча, “Исломий Давлат” одамлар ўйлагандан кўра каттароқ таъсирга эга. Гуруҳнинг дунёнинг кўплаб давлатларидан тарафдорлар орттиришга муваффақ бўлаётгани бунга бир мисол. Ҳозир эса, айниқса, Афғонистонда фаоллашишга катта қизиқиш билдираётган кўринади”, - дейди таҳлилчи.

Айрим хабарларга кўра, худди шу манзарада Яқин Шарқда жанг олиб бораётган ва "Исломий Давлат"нинг яқин иттифоқчиси саналган "Хуросон" гуруҳи ҳам Афғонистонга сизиб кирмоқчи.

Эслатиб ўтиш жоиз, қадимда Афғонистоннинг ўзи ҳам Хуросон, деб юритилган.

Би-би-си таҳлилчиси ҳам масаланинг айни шу нуқтага ўз эътиборини қаратади.

Чунки баъзи бир мусулмонлар Қиёмат қўпишидан олдин Хуросон ўзра қора байроқлар ҳилпирайди, деган ақидага ишонишади.

“Исломий Давлат”нинг Афғонистондаги асосий хизматга ёлловчиси ва ёлланган жангариларнинг бошқарувчиси сифатида эса, Мулла Абдул Рауф исмли юқори мартабали собиқ Толибон қўмондони тилга олинмоқда.

Агар, айрим маълумотларга таянилса, Мулла Абдул Рауф ўз вақтида Афғонистонда АҚШ бошчилигидаги кучлар томонидан 2001 йилда қулатилган Толибон тузумининг мулозимларидан бири бўлган, ҳаракат бошқарув кенгашига кирган ва раҳбари Мулла Муҳаммад Умарга яқин саналган. Шу кунларда эса, ғоявий келишмовчиликлар сабаб, у билан ораси бузилган.

Расмий хабарларга кўра, Мулла Абдул Рауф аллақачон толибларнинг Афғонистондаги истеҳкомларидан бири сифатида кўрилган энг беқарор жанубий Ҳелманд вилоятида янги гуруҳга асос солган.

“Исломий Давлат” гуруҳи байроғи остида маҳаллий толибларга қарши жанг олиб боришга ҳам улгурган ва ҳозир Ҳелмандда гуруҳнинг базасини яратиш ҳаракатида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Аён бўлишича, Мулла Абдул Рауф олти йил умрини АҚШнинг Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасида ўтказган. 2007 йилда эса, Афғонистон назорати остига ўтказилган.

Озодликка чиққанига ҳам унча кўп бўлмаган, аммо, шунга қарамай, яқинда Би-би-си билан суҳбатида қилган даъвосига ишонилса, аллақачон Сурияда бўлиб, “Исломий Давлат” халифи Абу Бакр ал-Бағдодий билан учрашиб қайтишга ҳам улгурган.

Ҳозир эса, Афғонистонда “Исломий Давлат” қуроллиларини фаоллаштиришга қаратилган дастур ва барномаларга эга.

Аммо унинг бу каби иддаолари, ҳозирча, мустақил манбалардан расман ўзининг тасдиғини топган эмас.

Американинг нуфузли нашрларида Мулла Абдул Рауфнинг 34 ёшлар атрофида экани, яна Абдул Рауф Ализа ва Мавлавий Абдул Рауф Хадим номлари билан ҳам таниқли экани ёзилади.

Мудофаа масалалари бўйича халқаро таҳлилчи Пол Рожерснинг воқеаларнинг шу каби ривожи манзарасида берган баҳосига таянилса, шу пайтгача “Исломий Давлат”нинг қудратига етарлича баҳо берилмаган ва ўз сафларини янада кенгайтириш масаласига келганда, гуруҳ кўпчилик ўйлагандан кўра каттароқ имкониятга эга.

“Бу жараён жуда тез содир бўлди. “Исломий Давлат” ҳозир Сурия ва Ироқдаги аҳолиси қарийб беш миллион атрофида бўлган каттагина ҳудудни назорат қилади. Бутун Яқин Шарқ ва жумладан, ғарбий Оврўподан ҳам салмоқли сонда жангарилар ёллашга муваффақ бўлаётир. Аммо, афтидан, гуруҳ ҳозир ўз фаолиятини Афғонистон, катта эҳтимол билан унга қўшни Покистонга ҳам ёйиш истагида. У бу ерларда “ал-Қоида” тармоғининг ўрнини эгалламоқчи. Шу боис ҳам, айнан Толибон жуда катта таъсирга эга бўлган жанубий Ҳелманд вилоятида ўз базасига асос солмоқчи. Устига устак, ҳозир катта сондаги АҚШ ва Британия кучлари Ҳелмандни тарк этишган. Буларнинг барчаси ана шу жараённинг бир қисми”, - дейди суҳбатдошимиз.

Халқаро таҳлилчининг айтишича, “Исломий Давлат”нинг сафлари бундан буёғига ҳам кенгайишда давом этади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Other

Эслатиб ўтиш жоиз, “Исломий Давлат” гуруҳининг 2000 йиллар бошларида айнан “ал-Қоида”нинг Ироқдаги бир тармоғи сифатида пайдо бўлгани айтилади.

Ҳарбий манбаларга кўра, орада асосан худкушлик ҳужумлари уюштириш билан шуғулланиб келган ва шиаларга ўта қарши кайфиятдаги гуруҳ Ироқда кучайиб бораётган зўравонликлар ва қўшни Суриядаги фуқаролар урушидан фойдаланиб, 2011 йилда янги жанггари куч сифатида ўртага чиқади.

Орадан уч йил ўтиб, Ироқ ва Суриядаги улкан ҳудудларни босиб олади, қатор нефть конларини қўлга киритади ва ўз назорати остидаги ерларда исломий халифалик эълон қилади.

“Исломий Давлат” гуруҳининг Ироқдаги шиалар ва Суриядаги алавийлар бошчилигидаги ҳукуматга қарши сунний араб жамоаларидан куч олиши, асосий даромад манбаи ўзлари босиб олган конлардаги нефть контрабандаси, товон пули, банкларни талаш ва маҳаллий аҳолидан йиғиб олаётган солиқлари ҳисобидан экани айтилади.

Америкалик юқори мартабали ҳарбий мулозимлар эса, яқинда “шу пайтгача Исломий Давлат” каби “мукаммал ва яхши молияланган гуруҳга гувоҳ бўлмаганликлари”ни эътироф этишганди.

“Гуруҳ ўзини Ислом динининг асосий ҳимоячиси қилиб кўрсатади. Ислом динини ўз вақтида Ироқ, Афғонистонга ҳужум қилган, Ливиядаги тузумни ағдарган, Яман ва Сомалида ҳарбий амалиётлар олиб бораётган, Покистонда дрон ҳужумлари уюштираётган тажовузкорлардан мудофаа этувчи куч сифатида тақдим этади. Бу эса, муайян сондаги мусулмонларнинг эътиборларини ўзларига жалб этмай қолмайди. Устига устак, гуруҳнинг Яқин Шарқ давлатларида бойвачча ҳомийлари ҳам бор. Бунга қўшимча, сўнгги йилларда минглаб ёш жангарилар гуруҳ сафларини тўлдиришган”, - дейди Пол Рожерс.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Агар, Халқаро Инқироз Гуруҳининг куни-кеча эълон қилган янги ҳисоботларига таянилса, ҳозир икки мингдан тўрт мингтагача марказий осиёлик “Исломий Давлат” гуруҳи сафларида жанг қилишмоқда ва уларнинг энг катта сондагиси этник ўзбеклардир.

Янги ҳисобот муаллифларига кўра, “Исломий Давлат” Ироқ ва Сурияда олиб бораётган жангларига янада кўпроқ марказий осиёликларни ҳам жалб этишга муваффақ бўлмоқда.

Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари эса, "Исломий Давлат"нинг жозибаси кучини етарлича баҳолай олишмаган.

Гуруҳ эса, минтақадан эркагу аёл, ёшу кекса ва саводлию саводсиз, турфа тоифа кишиларнинг эътиборини ўзига тортмоқда, дейди халқаро ташкилот.

Халқаро таҳлилчиларга кўра, чуқур илдиз отган коррупция, авторитар бошқарув услуби, фуқаролар эркинлигини чеклаш, диний-сиёсий таъқиблар, қашшоқлик ва ишсизлик минтақа фуқароларини радикаллашишга ундаётган асосий омиллар бўлмоқда ва худди шу сабабдан ҳам, бунга ўша ҳукуматларнинг ўзлари сабабчи бўлишаётир.

Халқаро Инқироз Гуруҳининг огоҳлантиришича эса, агар, барча Марказий Осиё ҳукуматлари бир ёқадан бош чиқариб, бунга қарши ҳамкорликда чора-тадбир ишлаб чиқишмаса, жумладан, хавфсизлик чораларини кучайтириш билан бирга, ижтимоий ва сиёсий ислоҳотларга қўл уришмаса, диний радикализм бориб, бориб Марказий Осиёдаги барқарорликка таҳдид солади.

Худди шу манзарада, ҳатто, халқаро таҳлилчилар орасида ҳам жиҳодчилар сафларида жанг қилиб, ватанларига қайтаётган бу каби фуқароларнинг ўз давлатлари хавфсизлиги учун асосий муаммога айланишлари мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар йўқ эмас.

Айрим минтақа давлатлари эса, аллақачон ўз фуқароларининг “Исломий Давлат” назорати остидаги ҳудудларга сафар қилишларининг олдини олиш йўлида қатор чора-тадбирларга ҳам қўл ура бошлашган.

Бунга Мулла Муҳаммад Умар нима дейди?

Толибон ҳаракати эса, сўнгги ўн йилликларда минтақада етакчи жиҳодчи гуруҳ бўлиб келган. Миллатчи ғояга эга, асосини маҳаллий паштун қавмига мансуб жангарилар ташкил этишади.

Ҳар икки Толибон ҳаракати, жумладан, уларнинг яқин иттифоқчиси саналувчи Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳам шу пайтгача эътиборларини фақат ўз давлатларига қаратишган ва у ерда ўз исломий халифаликларини барпо этишни мақсад қилишганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Худди шу нуқтада халқаро таҳлилчи Пол Рожерс ҳам, “Мулла Муҳаммад Умар бошчилигидаги Толибон ҳаракати асосий эътиборини ҳозир “Исломий Давлат” қандайдир давлатлараро инқилоб қилиш истагида бўлган Афғонистонга қаратган анчайин миллатчи гуруҳ. Умуман олиб айтганда, “Исломий Давлат” ва Афғонистон Толибон ҳаракати бир-бири билан чиқишмайди. “Исломий Давлат” Афғонистонда алал-оқибат оз сондаги ёшлар ва Толибон жангариларини ўз сафларига жалб этиши мумкин бўлар. Аммо гуруҳнинг бу масалада қанчалик узоққа бориши ҳақида, ҳозирча, аниқ бир гап айтиш қийин. Аммо, шунда ҳам, бу – буткул янгича ва жиддий воқеълик”, - дейди.

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, агар, “Исломий Давлат” Афғонистонда ўз таъсирини зўр билан ёймоқчи бўлса, бунга Мулла Муҳаммад Умар бошчилигидаги Афғонистон Толибон ҳаракатининг муносабати ҳам шунга яраша бўлади ва ҳаракат бунинг олдини олишнинг чорасини кўради. Бироқ уларнинг бунга қанчалик муваффақ бўла олишларининг ўзи бошқа бир масала бўлади. Чунки, яна таъкидлайман, бу икковлон эски “қадрдонлар”лар эмас. Бу ерда энг муҳими худди шу нуқта бўлади”.

Бошқа айрим минтақавий таҳлилчилар наздларида, ўз қадамини Афғонистонга қўя олишида “Исломий Давлат”га айнан, сўнгги йилларга келиб, Толибон ҳаракати сафларида кузатилаётган тарқоқликлар яхшигина қўл келган.

“Ҳозир ҳаракатга аниқ ким бошчилик қилиши номаълум. Мулла Муҳаммад Умар толибларни қанчалик ўз назорати остида тутиб тургани ҳақида ҳам бир нарса дейиш қийин. Чунки анча вақтдан буён унинг қораси кўзга ташланмай келади. Менимча, худди шу манзарада ғоялари бир-бирига тамом-тескари бўлган турли гуруҳлар саҳнага чиқишган. Шу сабабли ҳам, “Исломий Давлат” у ердан ўзига жангарилар ёллашга муваффақ бўлган”, - дейди, жумладан, Толибон масалалари бўйича етакчи таҳлилчи Аҳмад Рашид.

Image caption Покистондан минтақавий таҳлилчи Аҳмад Рашид.

Аммо, бу таҳлилчи суҳбатдошимизга кўра, “Исломий Давлат” Афғонистон ва минтақада худди ўзига ўхшаб глобал жиҳод ғоясида бўлган “ал-Қоида” тармоғи каби чуқур илдиз ота олмайди.

Аҳмад Рашидга кўра, “Исломий Давлат”га Толибоннинг мутлақ исломий эмас, анчайин миллатчи ҳаракат экани ва гуруҳнинг минтақада буткул янги экани панд беради.

“Толиблар вақтида Афғонистонда ўз тузумларини ўрнатишган ва ўз ғояларини кенг дунёга ёяман, деб ўлиб, тирилишаётгани кўзга ташланмайди. Худди шу сабабдан ҳам, “Исломий Давлат” Афғонистонда узоққа бора олмайди. Лекин, шунда ҳам, айрим гуруҳлар улардан фойдаланиб қолишга уринишлари мумкин”, - дейди таҳлилчи.

Суҳбатдошимизга кўра, “Исломий Давлат” минтақага тўғридан-тўғри қўшин юборишнинг ўрнига, гуруҳ ғоясини ёйиш иштиёқида ёнган муайян сондаги одамларини юбориши эҳтимоли катта. Бошқа томондан, гуруҳга ҳозир ўз сафларида жанг қилаётган афғонистонлик ва покистонлик жангарилар ҳам қўл келиши мумкин. Айнан шу жангарилар ортга қайтиб, Афғонистон ва Покистонда “Исломий Давлат”нинг тармоғини ташкил этишга уриниб кўришлари мумкин”, - дейди у.

Буёғи нима бўлади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Ҳам халқаро ва ҳам минтақавий таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича, минтақада вужудга келаётган бу каби вазият қўшни Афғонистоннинг ярим йиллик сайлов бўҳрони ортидан, қудратга келганига бор-йўғи бир неча ой бўлган янги миллий бирдамлик ҳукуматини қийин аҳволга солмай қўймайди.

Устига устак, орадан тўрт ой ўтиб ҳам, Афғонистонда ҳануз янги ҳукумат иш бошламаган, бирор бир вазирлик лавозимига янги номзодлар тайин этилмаган. Мамлакат коррупция, ночорлик, ишсизлик ва зўравонликлар гирдобида. Орада кечган вақт давомида янги ҳукуматнинг афғон тупроғида жанг қилаётган Толибон дохил қолган қуролли гуруҳлар билан сулҳу мадорага эришиш уринишлари ҳам, ҳозирча, бирор бир самара бермаган.

Воқеаларнинг бу каби ривожи арафасида қатор минтақавий таҳлилчилар, агар, минтақадаги бошқа исёнчи гуруҳлар ва қўмондонлар ҳам “Исломий Давлат” гуруҳини танлайдиган бўлишса, бу – Марказий Осиё давлатларининг шундоққина биқинига энг аввало шафқатсиз жанг усулларининг кириб келишига замин яратиши билан огоҳлантиришганди.

“Исломий Давлат” гуруҳининг қўшни Афғонистонга “сизиб кираётгани”, ўз ўрнида, Покистон Қуролли кучларининг Толибон жангариларига қарши йирик ҳарбий амалиётларга қўл уришидан етти ойча ўтиб, устига устак, Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари 13 йиллик ҳарбий ҳозирликлари ортидан, афғон можаросига бирор бир ечим топмай, Афғонистонни деярли буткул тарк этиб бўлишларидан қисқа вақт ўтмай кузатилмоқда.

Худди шу орада Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Покистон толиблари армиянинг кенг қамровли ҳарбий амалиётлари сабаб, ҳар томонлама танг аҳволда қолишганини ошкора тан олишган, худди шу манзарада Покистонга бевосита қўшни Афғонистон бўйлаб исёнчилар қайта фаоллашишга ҳам муваффақ бўлишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Қўшни Афғонистон расмийлари шу пайтгача хорижий қўшинларнинг оммавий сафарбарликларига қарамай, мамлакатдаги вазият Ироқдагиси каби тус олиб кетиши эҳтимолини назардан соқит этиб келишаётганди.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра эса, Афғонистонда ёллаётган янги жангариларининг собиқ толиблар экани нафақат афғон ҳукумати ва "Исломий Давлат", балки "Исломий Давлат" ва Толибон ҳаракати ўртасидаги янги жанглар эҳтимолини англатади.

Минтақа давлатлари аллақачон хавотирда

Аммо ҳали “Исломий Давлат” гуруҳининг Афғонистонга “сизиб киргани” афғон расмийлари томонидан расман ўз тасдиғини топмаган бир арафада Ўзбекистон ва Россия раҳбарияти худди шундай хавотир билан чиқишган.

Жумладан, президент Ислом Каримов Россия раҳбари билан ўтган йили бўлиб ўтган сўнгги олиймақом музокаралари чоғида "Исломий Давлат" гуруҳи аллақачон Афғонистонга сизиб кираётгани ва мавжуд вазият тегишли чоралар кўришни тақазо этишини баён қилганди. Президент Владимир Путин ҳам ўзбекистонлик ҳамкасбининг ташвишлари билан бўлишганди.

Аксарият Марказий Осиё давлатлари эса, айнан Афғонистондаги вазиятнинг издан чиқиб кетиши ва турли исёнчи гуруҳларнинг эҳтимолий ҳужумлари таҳдиди остида аллақачон ўз чегараларини мустаҳкамлаш ҳаракатига тушиб кетишган.

Ўзбекистонга ўхшаб, Афғонистонга бевосита қўшни Туркманистон эса, айрим хабарларга кўра, ҳатто, ўзаро чегарани тиканли симлар ва ҳандақлар билан тўсиб олишгача бормоқда. Қирғизистон эса, бу йўлда яқинда яна янги чораларга қўл уришга киришган.

“Исломий Давлат” хавфи яқинда Афғонистон парламенти юқори палатасида ҳам алоҳида муҳокама мавзусига айланган, мамлакат хавфсизлигига масъул барча юқори мартабали мулозимлар мавжуд вазият юзасидан сенаторлар қаршисида ҳисоб беришга мажбур бўлишганди.

Афғонистондаги мавжуд ҳолатга бефарқ бўлмаган барча томонларнинг бирдек эътироф этишларича, зудлик билан кенг кўламли ҳарбий амалиётларга қўл урилмаса, қиш ичи ўз базаларига асос солиб улгурган янги гуруҳлар “Исломий Давлат” байроғи остида шу йил баҳордаёқ қарши ҳужумга ўтишлари мумкин.

Агар, турли манбалардан имконли бўлган энг сўнгги маълумотларга таянилса, ҳозирга келиб, Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” жангариларининг сони 30 мингдан ортади. Бошқа томондан, бугунги кунда қўшни Афғонистонда беш мингдан ортиқ толибнинг борлиги тахмин этилади.

Яқин Шарқда ўзининг исломий халифалигига асос солган ва бугунги кунда дунёдаги энг қудратли жиҳодчи гуруҳ сифатида тан олинувчи “Исломий Давлат” эса, аввалбошдан глобаллашиш ниятида эканини ҳеч кимдан яширмай келади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи other

Гуруҳ Ислом динидаги учта муқаддас заминни ўз ичига олувчи башарий халифат барпо этишни мақсад қилган.

“Исломий Давлат” ўзининг ўтган йилги расмий баёнотида, “қўшинларининг қадами етиб борган ҳар қандай ҳудуддаги барча амирликлар, гуруҳлар, давлатлар ва ташкилотлар йўққа чиқиши”ни ошкора баён қилган.

Худди шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умар ҳам ўзининг афғон халқига йўллаган сўнгги Ҳайит табригида Афғонистонда ҳануз исломий давлат қуриш режасида эканини таъкидлаганди. Аммо, янги конституциясига мувофиқ, Афғонистон ҳам амалда Исломий Республика саналади.

Энг сўнггида, минтақавий таҳлилчиларга кўра, "Исломий Давлат" гуруҳи Афғонистон учун йирик таҳдидга айланган тақдирдагина, мавжуд ҳолат Толибон ҳаракати ва афғон ҳукумати ўртасидаги тинчлик музокараларига жиддий туртки бўлиб хизмат қилиши мумин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ