Ўзбекистонда кириллча домен номларини тарқатиш бошланган

UZ домен зонаси маъмуриятининг хабар қилишича, ўз веб-сайтининг Интернетдаги манзили Кирилл алифбосида ёзилишини истаганларни рўйхатга олиш бошланган.

Бунинг учун UZ домен зонаси маъмурияти махсус алмаштирувчи дастур ишлаб чиққан.

Интернет браузерида веб-сайти номи кириллча бўлишини истаган киши бу номни IDN-конвертерга киритиши сўралади.

IDN-конвертер "XN-" префикси билан бошланадиган домен номини тақдим этади.

Ушбу домен номи билан UZ домен зонасида рўйхатдан ўтиш мумкин.

UZ домен зонаси маъмурияти ўзининг cctld.uz веб-сайтида мана бундай мисолни берган:

"Мисол учун мен ўз сайтимга мана бундай доменни истайман: арбуз.uz — кирилл ҳарфлари билан. Бунинг учун мен (IDN-конвертер) деразачасига "арбуз" деб ёзаман(табиийки, қавсларсиз) ва ОК тугмасига босаман. Пастда эса натижа пайдо бўлади: xn--80acs8aq. Энди мен xn--80acs8aq домен номи билан рўйхатдан ўтаман. Барча браузерларда арбуз.uz номи кўринади".

Дунёда Интернет лотин ҳарфлари билан бошланган.

Бироқ 2009 йили Сеул шаҳрида бўлиб ўтган Интернетда исм ва рақамларни бериш корпорацияси (ICANN) халқаро анжуманида бошқа тил ва ҳарфларда ҳам домен номларини рўйхатдан ўтказишга рухсат берган.

Ҳозирги пайтга келиб араб, Хитойнинг мандарин, тамил, кирилл ва бошқа тиллардаги 25 ёзувда домен номлари рўйхатга олинган.

Кирилл алифбосида илк бор Россия .РФ. доменини рўйхатга олган.

Бугун кирилл алифбосида Сербияда .СРБ, Қозоғистонда .ҚАЗ, Украинада .УКР, Мўғулистонда .МОН, Беларусда .БЕЛ. доменлари рўйхатдан ўтказилиб, фойдаланилмоқда.

Ўзбекистонда Интернет қаттиқ назорат остига олинган.

Кўплаб веб-сайтларга мамлакат ичкарисида тўсиқ қўйилган.

Халқаро "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти ҳар йили "Интернет душманлари" бўлган мамлакатларнинг рўйхатини эълон қилади.

Бу рўйхатда Ўзбекистон энг юқоридаги ўнлик орасида бўлади.

UZ домен зонасида рўйхатга олинган веб-сайтларнинг умуман янгиланмаслиги аниқланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ