Жамоатчилик билан кўришмайдиган Шавкат Мирзиёев лавозимида қолган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўзбекистоннинг бош вазири лавозимини узоқ вақтдан буён эгаллаб келаётган Шавкат Мирзиёев ўз вазифасида қолган.

Мамлакатда парламент сайловлари ўтказилганидан кейинги Олий Мажлиснинг юқори ва қуйи палаталари илк қўшма мажлисида Президент Ислом Каримов 57 ёшли Шавкат Мирзиёев номзодини бош вазирликка таклиф этган.

Бу орада Ўзбекистон ҳукумати истеъфо беришга ҳам улгурган.

Бироқ бу истеъфонинг узоққа чўзилишига йўл қўйилмаган.

Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасининг аъзолари жаноб Мирзиёев номзодини маъқуллаб овоз берганлари хабар қилинмоқда.

На Ўзбекистон матбуотида, на хорижий оммавий воситаларида жаноб Мирзиёевнинг Ўзбекистон парламентида охирги сайловлар натижасида энг кўп ўрин эгаллагани хабар қилинган Либерал-Демократик партия фаолиятида қандай иштирок этаётгани, бу партиянинг Ўзбекистон аҳолиси орасида кўпроқ овозга эга бўлишига қандай ҳисса қўшгани ҳақидаги хабарлар кўзга ташланмаган.

Шундай бўлса-да, парламентда кўп ўринни қўлга киритган партиянинг бош вазирликка ўз номзодини қўйиши кераклиги ҳақидаги тартибдан келиб чиқиб либдемчилар Шавкат Мирзиёев номзодини илгари сурган.

Жаноб Мирзиёев 2003 йили Ўткир Султонов ўрнига келган ва Ўзбекистон мустақил бўлганидан буён энг узоқ бу лавозимни эгаллаб келаётган Бош вазир.

У Тошкент Ирригация ва Мелиорация институтини тамомлаган.

Сўнг Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимида ишлаган.

Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани Президент Ислом Каримовнинг "Дўрмон" қароргоҳига чегарадош ва бу туман раҳбари сифатида иш юритиши жаноб Каримовга маъқул бўлгани учун Шавкат Мирзиёевга Жиззах вилояти ҳокимлиги ишониб топширилган.

Жаноб Мирзиёевнинг бу вилоятдаги ҳокимлиги фермерларнинг давлат режаси бажариб бўлинганидан кейинги донни давлатга топширишдан бош тортганлари билан боғлиқ норозиликлар манзарасида кечган.

Жиззахдан кейин Самарқанд вилояти ҳокими лавозимини эгаллаганида ҳам Шавкат Мирзиёев қаттиққўлликлари ҳақидаги хабарлар бутун республикага тарқалган.

Шавкат Мирзиёев Бош вазир лавозимини эгаллаган 2003 йилдан буён журналистлар билан мулоқот қилмаган сиёсатчи.

Шавкат Мирзиёев омма ўнгида танилмаган сиёсатчи

Ўтган йили тошкентлик фаоллар Бош вазир Шавкат Мирзиёев билан учрашишга ҳаракат қилишган, бироқ бунинг уддасидан чиқмаганлар.

Арзимни айтай Шавкат Мирзиёевга...

2004 йил Тошкентга ўша пайтдаги Украинанинг бош вазири Виктор Янукович ташриф буюрган, Халқаро Бизнес маркази биносида Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев билан музокара ўтказган.

Бу музокара чоғида жаноб Мирзиёев Ўзбекистон яқинлашиб келаётган Украинадаги президентлик сайловида жаноб Янукович номзодини қўллаб-қувватлашини айтган.

Музокаралардан кейин Ўзбекистон бош вазири бинони тарк этган, жаноб Януковичнинг журналистлар билан ёлғиз ўзи савол-жавоб қилишидан ўзга чораси қолмаган.

Бироқ орадан бир неча ой ўтиб, Украинадаги "Норинж инқилоби" жаноб Януковичнинг президентликка умидларини 2010 йилгача ортга сурган эди.

Ўзбекистонда журналистларнинг қитмир саволларига жавоб беришдан нафақат Бош вазир Мирзиёев, балки Президент Ислом Каримовнинг ўзи ҳам бош тортганига 10 йилча бўлди.

Сўнгги марта жаноб Каримов Андижон ҳодисалари ортидан кутилмаганда Ўзбекистон Бош прокуратураси биносига кириб келиб, журналистлар берган саволларга ғазабнок жавоб қайтарган эди.

Шундан кейин хоҳ Тошкентда бўлсин, хоҳ хорижда, Президент Каримов иштирокида пресс-конференция эмас, журналистларнинг саволларига ўрин қолдирмайдиган брифингларни ўтказиш афзал кўрилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ