Гулнора Каримова машмашаси энди Норвегияда

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Гулнора Каримованинг номи билан боғлиқ можаро Швейцария, Швеция ва Оврўпонинг бошқа мамлакатларидан эндиликда Норвегияга ҳам ўтиб у ерда тобора чуқурлашиб бормоқда. Жаҳондаги энг шаффоф мамлакатлардан бири саналган Норвегия ҳукумати учун бу можаро катта бошоғриқ бўлаётир, чунки бу можаро марказидаги Теленор ширкатининг аксарига Норвегия ҳукуматининг ўзи эгалик қилади.

Норвегия Савдо, саноат ва балиқчилик вазирлигининг воизи Лиза Нордоеннинг Би-би-сига билдиришича, вазирлик жорий йилнинг 7, 8 ва 13 январида номаълум шахсдан хатлар олган.

Би-би-си бу мактублар эгаси кимлигини билмайди. Вазирлик бу шахс ё шахсларнинг кимлиги борасида аниқлик киритишдан бош тортди.

Мазкур аноним хатларда Ўзбекистонда фаолият юритувчи "Билайн" мобил операторининг эгаси бўлмиш Вимпелком ширкати олти йил давомида Гулнора Каримовага тегишли бўлган ширкатларга катта миқдорда пора бериб келгани иддао этилади. Маълумки, "Билайн" бренди остида фаолият юритаётган уяли алоқа оператори ҳозир Ўзбекистонда 10 миллиондан ортиқ абонентга эга.

Аввалроқ, Телиасонера ишида бўлгани каби, бу сафар ҳам порани қабул қилиб олган ширкат деб Гулнора Каримованинг яқин дўсти ва ёрдамчиси бўлган Гаянэ Авакян қўли остида бўлган Такилант ширкати кўрсатилмоқда.

Хат муаллифи иддаосига кўра, Вимпелкомнинг 33% ҳиссаларига эгалик қилувчи Теленор бу тўловлардан хабардор бўлган. Теленор эса буни рад қилади.

Теленорнинг интернет саҳифасидаги раддиясидан:

"Бу масала 2012 йилда илк марта юзага келиши, яъни Телиасонера ширкати Ўзбекистонга кириш учун ўхшаш ноқонуний амалларни қилишда айбланганидан бери, Теленор бир неча бор ўзининг Вимпелком директорлар кенгашидаги роли орқали Вимпелкомнинг Ўзбекистонга кириши борасида саволларни кўтариб келди".

Яъни, Теленорнинг мавқеи шуки, агар Вимпелком Каримова хонимга тегишли ширкатга пора берган тақдирда ҳам, Теленор бундан бехабар бўлган. Теленор, шунингдек, ўзи Ўзбекистонга ҳеч қандай сармоя киритмаганини айтади. Теленор баёнотидан:

"Ўтган йил давомида матбуотда чиққан мақолалар Теленор Ўзбекистонга сармоя киритган деган тасаввурни уйғотди. Бу нотўғри. Телиасонеранинг Марказий Осиёдаги сармоялари ва Теленорнинг Вимпелкомдаги кичик ҳиссадорлиги орасида аниқ фарқ бор. Телиасонера Ўзбекистонга бевосита сармоя киритган, Теленор эса бундай қилмаган. Теленор Ўзбекистонда амал қилмайди ва унинг мамлакатдаги расмийлар ё бошқа шахсларга алоқаси йўқ".

Ҳозирда мазкур аноним хатлар Норвегиянинг Иқтисодий ва экологик жиноятларни тергов қилиш идорасига йўлланган, бироқ Теленор ширкати ҳеч қандай жиноий ё маъмурий жавобгарликка тортилмаяпти.

Журналистик тергов

Image caption Норвегияда Теленорнинг ижрочи директори Жон Фредрик Баксааснинг истеъфосига чақириқлар янграмоқда

Аноним хатлар аслида ҳикоянинг бир қисми, холос. Ундан аввалроқ, ўтган йили Норвегияда чоп этилувчи Klassekampen газетаси Такилант, Теленор ва Вимпелком ўртасидаги алоқалар борасида ўз журналистик терговини олиб борди ва қатор мақолалар чоп этди.

Терговнинг муаллифи журналист Эмили Экебергнинг Би-би-сига айтишича, у қатор ҳужжатларни қўлга киритган ва матбуотда чоп қилган.

"Биз бу иш бўйича 2014 йил мартидан бери ишлаб келаяпмиз. Ўтган йил ноябрида биз ниҳоят Вимпелкомга тегишли ширкат Такилантга Ўзбекистонда телеком лицензиясини сотиб олиш учун пул ўтказганини тасдиқловчи банк трансакциялари намоён бўлган ҳужжатларни қўлга киритишга муваффақ бўлдик. Биз сўнгра жиноий тергов олиб бораётган голланд терговчилари қўлга киритган айни ҳужжатларни маҳкамадан олишга ҳам муваффақ бўлдик. Биздаги иккита ҳужжатда Бритиш Виржин Айландс оролларида қайд қилинган (Вимпелкомга тегишли) Watertrail Industries 2007 ва 2011 йилларда, умумий ҳисобда, 55 миллион доллар ўтказганини намоён бўлади", - дейди у.

Klassekampen газетаси расмий сўров орқали Голландиянинг Бош прокуратурасидан олган ҳамда Би-би-си билан улашган хатида Гулнора Каримованинг номи бир неча бор тилга олинади:

"Ҳозирда Швейцария, Швеция ва Америка ҳукуматлари томонидан олиб борилаётган терговлар намоён қилдики, Гулнора Каримова афтидан Такилантнинг фойда кўрувчи эгаси. Шубҳаларга кўра, Гулнора Каримова икки ҳукумат идораси, хусусан Ўзбекистон Ҳаво тўлқинлари давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Коммуникация ва ахборотлаштириш агентлигига ўзбек мобил бозорига кираётган янги ширкатлар учун телеком лицензиялари ва рухсатномларини бериш бўйича босим ўтказишга қодир бўлган".

Голландия Бош прокуратураси узатган ва Би-би-си қўлига теккан ҳужжатда қайд қилинишича, 2007 ва 2011 йилларда Вимпелком Такилантга 92,5 миллион доллар тўлаган.

Айни ҳужжатда Телиасонера ширкати Такилантга 2007 йилда 250 миллион доллар тўлагани ҳам қайд этилади.

Демак, терговчиларга кўра, Такилант икки ширкатдан телеком лицензиялари учун 342,5 миллион доллар олган.

Эмили Экебергга кўра, Вимпелком ва Телиасонера тўловлари ўртасидаги фарқ шуки, Вимпелком анча вақт ўз тўловларини омма кўзидан яшириб келишга муваффақ бўлди. Банк тўловларига қаралса, аслида Вимпелком Телиасонерадан ҳам аввал Такилантга пул ўтказган.

Вимпелком жим

Image caption Ўзбекистонда "Билайн" брендига эгалик қилувчи Вимпелком Такилантга тўловлар қилганини тан олган

Вимпелком ўзининг Ўзбекистондаги фаолияти борасида аллақачон Америка, Швейцария ва Голландия ҳукуматлари томонидан тергов қилинмоқда.

Ўтган йилнинг 12 мартида Вимпелком Лтд ширкати ўзининг ўзбек бизнес олди-бердилари бўйича АҚШнинг Қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияси ва Голландия ҳукумати томонидан терговга юз тутаётганини эълон қилди. Олти кундан сўнг Вимпелком АҚШ Адлия вазирлиги ҳам айни масалада унга тергов очганини билдирди.

Бош қароргоҳи Амстердамда жойлашган, 14та мамлакатда 220 миллион одамга мобил хизматини кўрсатувчи Вимпелком Американинг Nasdaq биржасида қайд этилгани туфайли АҚШнинг аксилкоррупция қонунчилигига дахлдордир.

Вимпелкомнинг ўзи айбловларга анча "камтарона" муносабат билдирмоқда. Ўтган йил мартида чиқарган иккита қисқа баёнотларида Вимпелком АҚШ ва Голландияда терговларга юз тутаётгани ва бу терговлар ўзининг Ўзбекистондаги фаолиятига тегишли бўлиб кўринаётганини айтганди.

Вимпелком Такилантга пул ўтказганини тан олган, бироқ унинг Гулнора Каримовага алоқадор эканини билмаганини айтган.

Лекин, айни дамда Вимпелком ўзининг бирорта йиллик молиявий ҳисоботида ўзбек телеком лицензияси учун пул ўтказганини кўрсатмаган.

Аноним хатлар борасида эса, Вимпелком Уолл Стрит Жорнал газетасига "ширкат ҳиссадорларимизга нисбатан аноним манбадан янграган айбловларни шарҳламайди", деб айтди.

Латвия, Литва ва Гулнора

Оврўпо Иттифоқининг аъзоси саналмиш собиқ совет республикаси Латвия охирги вақтларда гўёки ноқонуний пулларни ювиш учун ишлатилаётган банклари туфайли матбуотда тез-тез тилга олинмоқда.

Нафақат матбуотда, балки Гулнора Каримованинг ўзи ҳам уй ҳибсига олингунча Твиттерда Латвияни тилга олиб, у ерда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарияти ўзларига уйлар қуришаётганини даъво қилганди.

Каримова хоним бир неча бор Латвияни "СНБ пуллари" учун бошпана дея тасвирлаб, бу пуллар манбаи шубҳали эканини айтганди.

Klassekampen газетаси қўлга киритган ҳужжатларда даъво қилинишича, Каримова хонимнинг ўзи учун ҳам Латвия қулай жой бўлган.

Мазкур молиявий ҳужжатларда 2007 йилнинг 8 ва 12 ноябрида Такилантнинг айнан Латвиядаги банк ҳисобига 25 миллион доллар келиб тушгани кўринади.

Латвиянинг қўшниси Литва ҳам Голландия Бош прокуратураси узатган ҳужжатларда намоён бўлади.

Image caption Оврўпо ва АҚШдаги терговлар ортидан ота ва қизнинг ўртасига совуқлик тушган

Бу ҳужжатга кўра, 2008 йилнинг 8 августи ва 16 сентябрида Такилантнинг Литвадаги Parex Bank ҳисобига Вимпелкомдан 2 миллион доллар, Телиасонерадан эса 9,2 миллион доллар келиб тушган.

Латвия ё Литва расмийлари бу хусусда ҳеч қандай изоҳ беришмаган.

Би-би-си охирги айбловлар ва Норвегиядаги машмаша борасида Гулнора Каримованинг Лондондаги сўзчиси Локсли Раянга мурожаат қилди, бироқ ҳеч қандай жавоб олмади.

Аммо, Гулнора Каримова барча айбловларни рад қилиб келади. Жаноб Раян эса Каримова хонимга мустақил халқаро маҳкамада ўзини ҳимоя қилишга имкон берилишига чақириб келмоқда.

"Билайн"

Айни дамда "Билайн" бренди Ўзбекистондаги энг йирик мобил операторларидан бири бўлиб қолмоқда.

2013 йил октябрида Ўзбекистон солиқ идоралари уяли телефон операторининг Тошкентдаги бош офисида текширув ўтказган, лекин комплекс текширувлар давомида жиддий қонунбузарлик тополмагани маълум қилинганди

2013 йилнинг май ойида Ўзбекистон хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси тафтиш ўтказиб, "Билайн" Ўзбекистон телеробита бозорининг 54 фоизини, "Coscom"эса бу бозорнинг 41 фоизини назорат қилишини аниқлаган эди.

Россиянинг Вимпелком ширкати 2006 йилда Ўзбекистондаги маҳаллий мобил оператори "Юнител"нинг 100% акцияларини сотиб олиб, ўзбек мобил бозорига кирганди.

Вимпелкомнинг 2013 йил март ойида чиққан йиллик ҳисоботида Такилант 2007 ва 2009 йиллар орасида Вимпелкомнинг ўзбек бўлимининг кичик ҳиссадори бўлгани айтилган.

Гулнора Каримовага яқин доираларга катта миқдорда пора берганликда айбланган Телиасонера ширкатига нисбатан Швецияда тергов ҳали ҳам давом этмоқда.

Image caption Такилантнинг қоғоздаги эгаси Гаянэ Авакян ҳозирда Ўзбекистонда қамоқ муддатини ўтамоқда

Телиасонера Такилантга пул тўлаганини ўз бўйнига олган, бироқ бунинг пора ёки жиноят эканини рад этган.

Телиасонеранинг ижрочи диретори Ларс Найберг ўтган йили ўз ҳиссадорлари ва терговчилар босими остида истеъфога чиқди.

Оврўподаги коррупция терговлари бир вақтлар отасининг меъросхўри деб кўрилган Гулнора Каримованинг обрўсига катта путур етказди.

Жиноий иш?

Норвегия пойтахти Ослода нашр этилувчи E24 Næringsliv газетасининг бош муҳаррири Пер Валлеброкнинг Би-би-сига айтишича, Норвегияда Теленорга қарши жиноий иш очилишининг эҳтимоли йўқ эмас.

"Агар Теленор раҳбарияти коррупция ҳолатлари юз бераётганини билгани ёки билган бўлиши кераклиги аниқланса, Теленорга қарши жиноий иш очилишини мен истисно қилмайман. Ҳозирча эса, Теленор, бир томондан, нималар бўлганини аниқлашга уринаяпти ва тиш-тирноғи билан Вимпелкомдан ва бошқа манбалардан имконқадар кўп маълумот олишга уринаяпти. Иккинчи томондан эса, Теленор Вимпелкомдан чиқиб кетиш йўлларини, яъни Вимпелкомдаги ҳиссаларини сотиш йўлларини қидираяпти. Чунки, бу коррупция можароси юзага келишидан аввал ҳам, кўп йиллар давомида Вимпелком Теленор учун катта бошоғриқ бўлиб келди. Теленор Вимпелкомнинг бошқа йирик эгаси бўлмиш Алфа Груп билан ким аксарият ҳиссаларга эга бўлиши кераклиги борасида қатор маҳкама ишларида тортишди", - дейди у.

Норвегияда бу машмаша Ўзбекистонда мавжуд бўлган коррупцияга, айниқса телекоммуникациялар бизнесида гўёки юз бераётган ноқонуний тўловлар ва Гулнора Каримованинг можароларига эътиборни жалб қилди.

Ҳозирда Норвегия матбуотида билдирилаётган фикрлар шундайки, агар бирон коррупцион мамлакат бозорига кирсанг ва у ердаги коррупцияга аралашмаслик йўлида ўзинг фаол чора кўрмасанг, демак сен ҳам коррупцияга аралашган бўласан.

Эмили Экебергнинг ҳам айтишича, Теленорнинг нималардан хабардор бўлганини билиш муҳим.

"Ҳозирда парламент қўмитаси келгуси қадамларни муҳокама қилмоқда. Қўмита Теленор Ўзбекистондаги коррупцияга қандай ҳисса қўшганини билишни хоҳлашини айтди. Ҳозирда мавжуд бўлган савол шуки, Теленор ва Теленорнинг Вимпелком директорлари кенгашида бўлган ижрочи директори бу тўловлар ҳақида нималарни билган ва коррупцияга йўл қўйилмаслиги учун қандай чоралар кўрган?" - дейди у.