Сиз билдирган фикр: "Ўзбекистонга Каримовдек раҳбар бўлмаса бўлмайди"

Би-би-си ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида "Президент Ислом Каримовнинг навбатдаги муддати қонуний бўладими?" дея савол бериб муштарийларини баҳсга таклиф этди. Икки ҳафта аввал Ўзбекистон Либерал-демократик партияси 29 март куни ўтадиган президентлик сайловларида жорий Президент Ислом Каримов номзодини яна бир муддатга илгари сурди. Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддаси бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президентликка сайланишини тақиқлайди. Аммо, расмийлар Конституцияга ўзгартиришлар киритилгани боис Ислом Каримовнинг аввалги муддатлари ҳисобга олинмаслигини айтадилар.

77 ёшни қаршилаётган Ислом Каримов ҳозирга қадар бир марта 5 йиллик, икки марта 7 йиллик муддатга сайланган ва бир марта референдум орқали унинг муддати 5 йилга узайтирилган. 29 март куни ўтадиган сайловларда унинг яна 5 йиллик муддатга сайланиши кутилмоқда. Биз муштарийларимиздан "Сизнингча, Президент Ислом Каримов нечанчи муддатга сайланмоқда?" деб сўрадик. Жуда кўп фикрлар билдирилди. Каримовнинг яна бир муддатга сайланишининг тарафдорлари уни "отамиз", "бобомиз" ё "додамиз" дея тилга олишган ва Ислом Каримовни тинчликнинг кафолати дея тақдим қилишган.

Solomon Wolfkhan: "25 йилдан бери тинчлик, бизга бошқа ҳеч нарса керак эмас, оч қорним, тинч қулоғим!", - деб ёзади.

Наргиз Ниязова ҳам: "Умрининг охиригача сайлансин, тинчлик керак", - деб муносабат билдирган.

Azizbek Niyazov эса бу баҳс асосида қандайдир фитна ётганига ишонади. У қолдирган шарҳ қуйидагича: "Мазкур сўровларнинг мақсади битта - Ўзбекистон халқининг ичида ўзаро келишмовчилик ва низолар келиб чикариш (Украина каби), чунки улар бизнинг тинчлигимизни ва иқтисодий тараққиётимизни кўра олмайди! Гап мардиколрар ҳакида кетса - бизнинг юртдошларимиз ўзга давлатларга бориб иш ўрганиб ва тажриба орттириб, ўз қишлоқ ёки шаҳрида билимини амалда ишлатмоқдалар (Корея, Туркия иқтисодиёти шу туфайли кўтарилган). Масалан, Россия императори Петр 1 қолоқ иқтисодиётини ривожлантириш мақсадида ёшларни Европага ишга юборган! МЕН ҲАМ И.А.КАРИМОВГА ОВОЗ БЕРАМАН!!!"

Hamidov Abdulatif фикрида, "Ўзбекистонга Каримовдек раҳбар бўлмаса бўлмайди. Мен таниган барча одамларга Каримовга овоз беринглар дейман", - дейди у.

Jamshid Ziyaev ҳам Каримов учун овоз бермоқчи, лекин келажакдан хавотирда экан. "И.А. Каримов жудаям кучли сиёсатчи, буни дунё тан олган. Лекин ДОДАМИЗА кекса ёшга бориб қолдилар, ўзбек миллатини дунёга танитаман деб. Албата у инсон бизларга ва республикамизга катта ўзгаришлар ва келажак учун мустаҳкам ҳамда кучли давлат яратиб бердилар. Агарда И.А. Каримов 40-45 ёшлик сиёсатчи бўлганларида албатта ўзбек халқи уларни қайта сайлаган бўларди. Лекин бизга шу инсонга ўхшаган сиёсатчи, замонавий, ватанпарвар президент келишини ким кафолат беради? Тепада ёзиб ўтилган номзодлар ким? Нега биз Ўзбекистон сиёсатида бошқа ёш, кучли инсонларни кўрмаяпмиз? ДОДАМИЗНИ умрлари узоқ бўлсин, мен фақат шу инсонга овоз бераман. Лекин ҳаммамизани боғлаб берилмаган, яна беш йил ўтиб кимни сайлаймиз? Ҳеч-кимни танимаймиз, масалан халк таниган ёш ўзбек сиёсатчилари ва давлат хизматини олиб бораётган инсонлар бу лавозимга лойиқ эмас", - деб ёзган у.

Umar Khayitov фикрида Ўзбекистонга ёш президент керак. "Мен юртбошимизни ҳеч хам ёмон демайман. Каримов жуда катта ақл эгаси, лекин у инсон энди қариди. Ўзбекистонда ҳозирги пайтда жуда ақлли ва жисмоний томонлама ёш раҳбар керак. Бизда ҳозир коррупция жуда юқори даражада. Ҳар ярим йилда халк билан муловот олиб бориш шарт. Ҳар куни депутатларни ёки катта раҳбарларни жамлаб улар билан мулоқот олиб бориш керак. Каримов эса хозир буни эплай олмайди. Ўзбекисонга ёш иқтисодчи президент керак," - дея фикр билдирган бу муштарий.

Zeynep Can сайланиш жараёнидан унча хабари йўқ экан. "Менинг ота-онам ва маҳалламдагилар, масалан ҳеч кимни кўрмаганман сайловга борганини. Қанақа қилиб сайланаркин-а? Хабарим йўқ. Ўзларидан ўзлари сайланиб қўйишаркан-да", - дея ажабланади у.

Ястриб Азиятнинг ёзишича, "ўзбек халки ҳамма тарафлама, маданият, илм-фан, иқтисод, хуллас барча соҳаларда орқада қолиб кетди ва Ўзбекистон бутун дунёга мардикор етиштириб берадиган хом ашё базасига айланди."

Fuzayl Istamov ёзган фикр анча таҳлилий: "Мен 12.05.14 (ўтган йил 12 майида)да бўлиб ўтган мажлисдаёқ билгандим Каримов президентликда қолишини. Негаки у қайсидир маънода 2015 йилни "ўзининг йили" деб эълон қилди, яъни ''кексаларни эъзозлаш" йили. Шу вақтгача кекса раҳбарларни советча сиёсат юритишда айблаб келган Каримов бирдан кексаларни донишманд ва кўпни кўрган олимга чиқарди, бу ҳол ҳайратланарли ва жуда кулгилидир мен учун! Ҳа, айтганча, Каримовнинг лавозимида қолиши шу вақтгача ҳам қонуний бўлмаган, ва бундан кейин ҳам бўлмайди", - деб ёзади у.

Doniyor Pulatov эса Каримов тинчлик гаранти деган фикрни савол остига олади. "Халойиқ, саволни ўқидингларми ўзи? Кимни сайлайсан, деб сўрамаяпти, Каримов номзоди қўйилиши қонунийми йўқми, деб сўраяпти. Ноқонуний эканини, Конституциянинг 90-моддаси фақат шу одам учун ўзгартирилганини ҳаммамиз яхши биламиз. Биламиз, лекин тан олгимиз келмайди, одатдагидек ўзимизни ўзимиз алдаймиз. Одамлар, бизга фалончи писмадончи эмас, энг биринчи навбатда АДОЛАТ керак. Тинчлик керак, тинчлик керак, деб ёзаяпсизлар, нима адолат керак эмасми??? Ҳайвонга ҳам яшаши учун тинчлик керак, бизга тинчликдан бошқа ҳеч нарса керак бўлмаса, ҳайвондан нима фарқимиз бор??? Йўўўўўқ, бизга фақат тинчлик керак, газ ҳам, свет ҳам керакмас, порасизлик керакмас, қонунлар керакмас, фақат тинчлик керак. Худди бутун дунёда уруш, фақат бизда тинчлик. Ҳой оломон, дунёда 200та давлат бор, шундан тўрттасида уруш, қолганида тинчлик.

Иброҳим Пўлатов эса бир маънода Ўзбекистонда сайловларга бўлаётган муносабатни акс эттиради. У қолдирган шарҳ: "Сизларга нима?"