HRW: Ўзбекистондаги абгор инсон ҳақлари аҳволи яхшиланмади

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро Human Rights Watch ташкилоти ўзининг 2014 йилга бағишланган ҳисоботида Ўзбекистондаги йиллар давомида танқид қилиб келинаётган вазият ўзгармаганини айтган.

"Ҳокимият тепасига келганига 25 йил тўлган авторитар Президент Ислом Каримов ҳақиқий ва эҳтимолий мухолифларини кузатиш ва фаолиятини бостириш йўлида кенг миқёсдаги хавфсизлик аппаратини ёллашда давом этмоқда", деб бошланади Human Rights Watchнинг янги йиллик ҳисоботи.

"Расмийлар эркинликни изҳор этишнинг барча шаклларини бостирадилар ва бирор бир сиёсий мухолифат, мустақил матбуот, эркин касаба уюшмалари, мустақил фуқаролик жамияти ташкилотлари ёки диний эркинликка изн бермайди. Ўз ҳуқуқларини талаб қилганлар ёки давлат манфаатларига зид йўлда амал қилаяпти деб кўрилганлар ҳибсларга, талаб қилинган процедуралар йўқлигига ва қинйоқларга дуч келдилар. Вояга етганлар ва болаларни меҳнат қилишга мажбурлаш давом этди", деган халқаро ташкилот ўз ҳисоботида.

"Twitter ва матбуот орқали оммага ошкор бўлган президентнинг қизи Гулнора Каримова билан унинг синглиси ва онаси, шунингдек, мамлакатнинг қатағон Миллий Хавфсизлик Хизмати ўртасидаги кўпчиликка аён бўлган можаро сиёсий элита ичидаги кураш мисли кўрилмаган миқёсда эканини кўрсатди. Каримованинг сиёсий элита ичидаги коррупция ва МХХнинг қийноқлардан фойдаланиши ҳақидаги айбловлари мамлакат учун сиёсий жиҳатдан нозик бўлган мавзуларни юзага чиқарди. Бироқ бу можаро мамлакат ичида фикр эркинлигига йўл очилишига ҳисса қўшгани аломатлари кўринмади”, дейилган Human Rights Watch ҳисоботида.

"Ўзининг репрессив тартиб-қоидасини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати минглаб кишиларга сиёсий айбловларни қўйди, бунда инсон ҳуқуқлари ва мухолифат фаолларини, журналистларни, тақводорларни, рассомлар ва бошқа эҳтимолий танқидчиларни нишонга олди", дейди Human Rights Watch.

"Ўз ҳуқуқларини тинч йўл билан изҳор этишдан бошқа бирор айби бўлмаган маҳкум этилганлар орасида 14 инсон ҳуқуқлари фаоллари бор: Аъзам Фармонов, Меҳринисо Ҳамдамова, Зулхумор Ҳамдамова, Исроилжон Холдоров, Ғайбулло Жалилов, Нураддин Жуманиёзов, Матлуба Комилова, Ғанихон Маматхонов, Чўян Маматқулов, Зафаржон Раҳимов, Йўлдош Расулов, Бобомурод Раззоқов, Фахриддин Тиллаев ва Аъзам Турғунов. Яна беш журналист: Солижон Абдураҳмонов, Муҳаммад Бекжонов, Ғайрат Михлибоев, Юсуф Рўзимуродов ва Дилмурод Саидов. Тўрт мухолифат фаоллари: Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов, Қудратбек Расулов ва Рустам Усмонов. Уч мустақил диндор арбоблар: Руҳиддин Фахриддинов, Хайрулло Ҳамидо ва Акром Йўлдошев. Яна етти киши ҳукуматнинг эҳтимолий танқидчиси ёки Ўзбекистон ҳукумати қўшинлари 2005 йил 13 майида Андижон қирғинида юзлаб тинч намойишчиларни отиб ўлдирганларининг гувоҳлари бўлганлар. Улар Дилором Абдуқодирова, Ботирбек Эшқўзиев, Баҳром Ибрагимов, Даврон Қобилов, Эркин Мусаев, Даврон Тожиев ва Равшанбек Вафоев", дейилган Human Rights Watch ҳисоботида.

Ҳисоботда ўтган йил январида Украинадаги "Евромайдан" намойишларини дастаклаб тинч намойиш ўтказгани учун мустақил фотосуратчи Умид Аҳмедова, унинг ўғли ва яна беш киши милиция томонидан ушлангани ва жарималарга тортилгани айтилади. Уч киши 15 кунга озодликдан маҳрум этилган.

Март ойида талаб қилинган процедураларсиз ўтказилган тергов ортидан Тошкент маҳкамаси мардикорлар ҳуқуқлари ҳимоячилари Фахриддин Тиллаев ва Нураддин Жуманиёзовни сохта одам савдоси айбловлари билан саккиз йилдан ортиқ қамоқ жазоларига ҳукм этган.

Ўша ой сиёсий сабабларга асосланган қаллоблик айблови билан беш йиллик қамоқ муддатини ўтаётган Ғанихон Маматхонов муҳлати номаълум муддатга узайтирилгани айтилган.

Июн ойида қамоқхонадан озод этилганидан 26 кун ўтиб, инсон ҳақлари ҳимоячиси Абдурасул Худойназаров вафот этган.

Ўша ойда Тошкент маҳкамаси "Сид Янишев" тахаллуси билан ижод қиладиган Саид Абдураҳимовни "жамоат хавфсизлигига таҳдид" банди бўйича ҳукм қилди, уни 3200 АҚШ долларига тенг жаримага тортди.

Сентябр ойида расмийлар блоггерларга янги чекловлар жорий этган ўзгартиришларни қабул қилдилар.

"Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Матбуот эркинлиги бўйича вакиласи Дуня Миятович ушбу чоралар Ўзбекистондаги сўз эркинлигига янада путур етказишидан огоҳлантирди", дейилади Human Rights Watch ҳисоботида.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ