Мамадали Маҳмудов: 'Катта'нинг ҳам юрагида дарди бор'

("Омонсиз йиллар". Давоми)

Мен ваъдамга биноан “тирикман” деган маънода Одил Ёқуб билан Муҳаммад Солиҳга сим қоқиб қўйдим. Зоҳир Аълам бизнинг уйга келди. Узун тун қўнишдик. Эртанги кун режасини ҳам туздик... Кеч соат олтида “Зарафшон” ресторани ёнига бордим. Собир Цурканни шошилинч Москвага чақирилганини айтди.

“Ҳали ёш, бир марта кечирайлик, қайта ишлайди”.

... Бир куни мени кутилмаганда, Ўзбекистон Ёзувчилари Уюшмаси Раиси Сарвар Азимов ўз қабулига чақириб қолди. Хаста эдим. Грипп. Бурнимга қайта-қайта нафтизин қуйган ҳолда унинг ҳузурига бордим. - Ҳозир Шароф Рашидовнинг қабулига чиқамиз, - деди у саломимгга алик олгач ўзига хос жиддий қиёқа, жиддий овозда, - ортиқча гап қилманг.

У мўътабар одам.

Сарвар Азимовнинг оқ рангли “Волга”сида Марказқўмга ёндик. У замонда Марказқўм айланаси қора темир тўсиқлар билан тўсилмаган ва соқчилар билан қўриқланмас эди. Ҳайдовчи очиқ қўнилғида машинани тўхтатди.

Марказқўм қописи (эшиги) олдида мен тасодифан иқтидорли журналист Шароф Убайдуллога дуч келдим. Узун бўйли, кўркам бу йигит ўша замонда Марказқўмда ишларди. У мени четга олди ва теграга бир қараб қўйиб, эшитилар-эшитилмас овозда деди:

- Энг катта одамнинг ҳам юрагида дарди бор...

Қўрқманг...

У Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидовни кўзда тутаётганини дарҳол англадим. Бундан ўзимга сиғмай қувондим ва ихтиёрсиз бир тарзда миямдан шу фикр кечди:

“Наҳот, Москванинг ишончли одами ҳисобланмиш шу улкан инсонда ҳам миллатимиз дарди бўлса!..”

Маданият бўлимида ишловчи (қўқонлик), кўзлари хумор билан боқувчи, сулув, аммо чаласовод хонимнинг исми эсимда йўқ. Унинг чайналавериб сийқаси чиққан ва оқибат ўз қимматини йўқотган мана бу ўрисча луқмаси эсимда қолган холос:

“Рус халқи бизга маданият олиб келди...”.

“Хоним шу хилдаги маддоҳона гаплари учун ҳам Марказқўмда ўтирибди, - деб кўнглимдан ўтказдим, - яна ҳусни-жамоли... Шундайлар тузумни эгаллаб олишган. Ичларида Шароф Убайдуллога ўхшаш миллат жонкуярлари оз. Улар ҳам бир амалий иш қилишга қўрқишади. Қадамларида одам... Қилишса ҳам етти ўлчаб, минг ўйлаб қилишади.

Сездирмай.

Исини чиқармай.

Бўлмаса:

Қамоқ,

Ўлим...

Дамлари ичларида...

Шарофларнинг борлигига шукур”.

... Лифтда олтинчи қатга кўтарилдик. Қабулхонага кирдик. Шароф Рашидовнинг татарга бенгзовчи, озғин, “пачоқ”роқ гавдали ўрис помошниги (ёрдамчиси) Георгий Крайнов бизни очиқ юз билан қарши олди.

Cарвар Азимовнинг Шароф Рашидовга қариндоши борлиги учунми, ёки кўнглиданми, унга ўзгача илтифот кўрсатди:

- Сарвар Олимжонович, кўринишингиз яхши, юзингиз тиниқ.

У Сарвар Азимовни Шароф Рашидов кабинетига бошлади. Мен қабулхонада ёлғиз қолдим. Мени ҳаяжон босаяпти. Юрагим дукуллаб ураяпти. Бошимда мана бу сўз “ғир-ғир” айланаяпти:

“Нима бўларкин? Нима деркин?”

Шароф Рашидовнинг ҳузуридан Марказқўмнинг иккинчи котиби Ломоносов ва Крайнов олдинма-кетин чиқишди.

- Шароф Рашидов кабинети форточкаларини оч, тоза ҳаво кирсин, сўнг қайта ёп, - деди Ломоносов Крайновга паст товушда ва ўзи қора чарм билан қопланган эшик сари юрди.

Крайнов топшириқни бажаргач, ўз курсисига енгил чўкди. Менга қизиқсиниб боқди. Мен буни унга қарамасдан сездим. Шу лаҳзада сочларини ён томонга силлиқ тараган олифта нома бир киши эшикни очди ва салом-несиз Шароф Рашидов хонасига йўналди. Мен уни танидим: Марказқўмнинг идеология котиби – Оқил Салимов.

Ниҳоят, Крайнов мени Шароф Рашидов ҳузурига киришимни айтди. Қўш эшикни секин очдим. Ойналари шохсўқоққа қараган кенг, узун хона. Тўрда Шароф Рашидов. Унинг бош томонида Брежнев сурати. Столда Ленин ҳайкалчаси.

Шароф Рашидов остонага келиб, мен билан илиқ кўришди. Инглиз-саксонларга ўхшаш оқ танли, узун бўлди, оппоқ сочли бу инсоннинг юзи даҳоларникидек нурли, ёруғ, кўзлари тийрак, қўллари енгил эди.

Мен Шароф Рашидовнинг сўзи билан унинг ўнг ёнига ўтирдим. Қаршида Сарвар Азимов. Сўлда Оқил Салимов. Орадан қанча йиллар ўтса ҳам, бу манзара боягидек кўз олдимда турибди. Бир соатлар чамаси қўнишдик. Буни тўлалигича мақолага сиғдириш қийин. Шунга Шароф отанинг ўгутини қисқача баён этаман:

- Мен сизни тушунаман... Лекин дўстларимизга малол келаётган бир-икки сўз бор... Шуни олиб ташланг. Бу билан асарнинг мазмун-моҳияти ўзгармайди.

Мен Шароф Рашидовнинг “дўстлар” сўзини “руслар” маъносида тушундим. У буни кесатиброқ айтгандек бўлди. Балки менга шундай туюлгандир? Балки мен янглишаётгандирман?

- Сўзлар қобиққа қанча ўралса, унинг бадиий қиймати шунча ортади.

- Тўғри, Шароф Рашидович, - дедим.

- Ўрта Осиёнинг Россияга қўшиб олинишига ва унинг ижобий томонига эътибор беринг.

“Генерал Жўрабекнинг набирасидан ҳам шундай гап чиқадими? – деб ўйладим мен, - яна фан доктори... идеология секретари... Қўрқаяпти шекилли? Бу хонада эшитгич бўлиши тайин. КГБ тинглаётгандир?”

Мен Оқил Умрзоқовичга сих ҳам куймасин, кабоб ҳам куймасин қабилида жавоб қайтардим:

- Қайта ишлайман.

- Сизга шароит яратиб берамиз, - деди Шароф Рашидов, - бутун қишни Москвада – СССР Ёзувчилари Союзининг Серафимович боғи уйида ўтказасиз. “Ўлмас қоялар”ни қайта ишлайсиз. Шошмай. Пухта. Пишиқ. Тушунтиролдимми?

- Ҳа. Шароф ота.

- Сизга яхшилик йўлдош бўлсин!

У менга “Бўрондан кучли” романини совға қилди. Зўр қувонч билан ташқарига чиқдим. Ҳаяжонимни босиш учун анҳор бўйига келдим. Оқимга қарши юрарканман, китобнинг ички бетидаги ёзувни ўқидим:

“Мамадали иним!

Сизни ёрқин келажак кутади”.

Шароф Рашидов.

/имзо/ 1982 й.

Бошимда Шароф Убайдуллонинг гаплари айланди:

“Катта”нинг ҳам юрагида дарди бор...”

Анча-анча кунгача шу сўз таъсирида юрдим. Анча-анча кунгача!..

Шу дамларда, шу гўзал дамларда Шароф Рашидов хаёли мени тарк этмади. У “Кашмир ҳақида достон” асарини бежиз ёзмаган. Энди бунга шубҳам қолмади. Туркистон фожеасини Ҳиндистонга кўчирган. Қарам элни уйқудан уйғотгувчи асар бу, Қарам элни эркка чорловчи асар бу.

УЛКАН ИНСОН. БИРИНЧИ ИНСОН

Кўз олдимда:

Улуғ шахсга айланди,

Такрорланмас шахсга,

Ўлмас шахсга.

Улуғ рус шовинизми қайнаб, қутуриб турган замонда Шароф Рашидов “Отанг яхши, онанг яхши...” қабилида иш тутиб, ўз юрти, ўз эли шаънини бирмунча юқорига кўтарди. Ватанимизнинг “босқинчи”, “босмачи”, “эл ёви” деб қораланган юзлаб тенгсиз ботирларини оқлашга, тарихга қайтаришга эришди. Жумладан:

Темур,

Темурийлар салтанатлари...

Бобур,

Бобурийлар салтанатлари...

Жумладан:

Чўлпон,

Чўлпон каби ёзарлар...

Беруний каби олимлар...

Ўша омонсиз йиллардан келиб чиқиб қаралса, Шароф Рашидовнинг узоқни кўзлаб қилган бу амалий ИШИ – ЎЗЛИКни уйғотишга, шакллантиришга қаратилган:

Буюк ИШ,

Буюк ЖАСОРАТ.

“Ўзлигидан айрилган миллат – ўлимга юз тутади”.

Шароф Рашид – ЎЗЛИК учун курашган эл ботири.

Шароф Убайдуллонинг: “Энг катта одамнинг ҳам юрагида дарди бор...” деган сўзига яна бир мисол бу.

Уни кўролмаган, ичи қора, ўзларини “даҳо”, “доҳий” деб билган баттоллар миллатимиз учун қандоқ “каромат” кўрсатишди. Бунга арзигулик бир далил йўқ. Билъакс улар эл:

Қарғишига,

Лаънатига қолишди,

Нафратига йўлиқишди.

Оқибат:

Тарих ахлатхоналаридан жой олишди.

Тирик қолганларини ҳам шу қисмат кутади.

Қасос Тангридан,

Шароф Рашидовнинг элимиз учун қилган юзлаб хизматларидан яна бири:

ҚУРИЛИШ.

Юртимиз миқёсидаги ҚУРИЛИШ.

Бошкент деярли лойсувоқ уйлардан иборат катта қишлоқ эди. Эсимда, ҳозирги Мустақиллик майдонининг кўп қисмини балчиқ босиб ётарди. Унинг ён ёнқларида, ўрисча айтганда, кибиткалар, бараклар кўзга ташланиб турарди:

Хунук,

Ғариб,

Аянчли.

“Зангори гумбаз” ўрни, атрофи ундан ҳам баттар эди. Тошкент ўртаси шундай бўлгандан кейин, қолган қисмини ўзингиз тасаввур қиларсиз. Шу сабабли Шароф Рашидов (кўп тер тўкишлар эвазига) марказни обод эттирди. Яъни кўп қаватли яшаш жойлари, йўллар, йўлкалар, хиёбонлар, сайлгоҳлар, фавворалар, театрлар, олийгоҳлар, музейлар, спорт иншоотлари... қурдирди. Юнусобод, Янгиобод, Дўмбиробод, Чилонзор каби ўнлаб қишлоқларни Бошкентнинг гулгун мавзеъларига айлантирди. Эски Тошкент ўрнида оврўполашган шаҳар бўй чўзди. Уни “Шарқ машъали” деб ҳам атай бошлашди. Ер остида беқиёс қаср бунёд қилинди. Бу Ўрта Осиёда БИРИНЧИ МЕТРО. Уни қуришга Москвадан изн олгунча, халқ тили билан айтсам, Шароф Рашидовнинг она сути оғзига келган... Агар Тошкентни маҳобатли қаср деб фараз қилсак, метро унинг марварид қандили.

Марварид қандил!

Туман, вилоят марказларига ҳам имкон қадар кўркам тус берилди. Тошкентдан жанубий ўлкаларга узундан-узун бетон йўллар ўтказилди. Шароф ота Кремлнинг қош-қовоғи очилган лаҳзалардан унумли фойдаланаган. Қош – қовоғини очолган ҳам... Шунга Ангрен, Олмалиқ, Зарафшон, Учқудуқ сингари янги саноат кентларини ва Жиззах, Навоий вилоятларини йўқдан бор қилолган. Қарам, бюджет ҳисобида кун кўрувчи давлатни шу даражада юксалиши афсонадек туюлади. Лекин бу ҳақиқат.

Бу мисоллар Шароф Рашидовнинг буюк:

Дипломат,

Ташкилотчи,

Ижодкор,

Миллиётчи инсон бўлганини кўрсатади.

Шароф Рашидов даврида юртимизнинг ҳеч бир хонадонида:

Газ ўчмаган,

Чироқ ўчмаган,

Сув ўчмаган.

Эл-улус ўрта даражадан паст яшамаган.

Жуда қашшоқлашиб кетмаган.

Тиламчилик қилмаган.

Бунга ўзбекнинг ғурури йўл қўймаган. У номусни ўлимдан ортиқ билган. Муҳими терги (дастурхони)дан:

Қора нони узилмаган,

Қанд-қурси узилмаган.

Қора қозони қайнаб турган.

Гоҳ ёғли, ёғсиз,

Гоҳ этли, этсиз.

Шунга ҳеч ким очдан ўлмаган.

Шунга ҳеч ким бир бўлак нон топиш учун ўзга юртларда хор бўлиб юрмаган.

Шунга ҳеч бир ўзбек аёли ўз миллатига хиёнат қилмаган.

Ёки ўз танасини сотмаган.

Албатта, ҳар қандай тузумда ҳам ҳаммани бирдек “Оппоқ” деб бўлмайди. Ҳар миллатда бир иллат. Ҳар тўкисда бир нуқсон. Юз минглардан бири:

Ўз жонига қасд қилади,

Бузуқ йўлга киради...

Миллатини сотади...

Бу азалдан бор нарса.

Лекин кўпмас, оммавий тусдамас, қайта айтаман: Юз минглардан битта-иккита. Бошқа элларни қўя турайлик, ўзимиздан келиб чиқайлик. Шароф Рашидов даврида:

Хизбут-Таҳрир,

Ваҳҳобий,

Нурчи,

Акромий каби оқимлар бўлмаган.

Қама-қамалар бўлмаган,

Нисбатан...

Туҳмат, бўҳтон, ёлғон, зулмлар бўлмаган,

Нисбатан...

Эл тинч яшаган.

Нисбатан...

Шароф Рашидов бу даражага қандай эришган?

Ўзининг тозалиги, тўғри сўзлиги, сезгирлиги, зийраклиги, дўстни душмандан ажратиши, нафсини тийиши, мақтовга учмаслиги, ўз лавозимини суистеъмол этмаслиги, қонунга қарши иш қилмаслиги, мустақил фикри, Тангридан қўрқиши билан. Яна: фисқи-фасод, риё, пора, ҳасад, хусуматдан узоқлиги ва ўз душманига тоқатли бўлишлиги билан. Яна бутун куч, ғайратини эл-юрти ишига қаратганлиги билан. Яна ўз миллатини ўйлайдиган, ишлаб-чарчамайдиган, иғво, фитна, таъмадан йироқ кадр тинлай билиши билан. Нисбатан... Яна ҳеч бир тармоққа, жумладан: куч ишлатар тизмларига ҳам ортиқча изн бермаслиги, ҳаммасини бирдек кўриши билан. Шунга Ўзбекистонда:

Қишлоқ хўжалиги,

Сув хўжалиги,

Чорва,

Оғир, енгил саноат,

Қурилиш,

Фан-техника,

Маданият-маориф ривож топди.

Нисбатан...

Сўз – далил-исботи билан сўз.

Ишлаб чарчамайдиган кадрларга юзлаб кишиларни мисол келтиришим мумкин:

Нормуҳаммад Худойбердиев,

Сарвар Азимов,

Бектош Раҳимов.

Нормуҳаммад Худойбердиев 26-27 ёшида Қашқадарё-Сурхондарё воҳалари яхлит вилоят бўлган замонда унга ҳоким бўлган.

Сўнг қишлоқ хўжалиги вазири,

Сўнг Сирдарё вилояти раҳбари,

Сўнг Министрлар Совети (Кенгаши) раиси...

Бу унинг иқтидорли ташкилотчи, ҳалол инсон, тизгинлаб бўлмас қувватидан далолат беради. Нормуҳаммад Худойбердиев даврида Ўзбекистон иқтисоди юксалади. У пора, таъма... ҳар қандай ҳаром, қинғир ишдан ўзини сақлайди.

Ўз миллатига содиқ бўлади.

Нормуҳаммад Худойбердиев шундай юксак лавозимларда ишлаган бўлса ҳам ўзига:

Бир уй қурмайди,

Бир машина олмайди,

Бир сўм пул орттирмайди.

Ишдан кетганидан кейин нонга ҳам қийналиб қолади.

У ҳалол бир инсон сифатида дунёдан ўтади.

Сарвар Азимов ўз Ватанини, ўз миллатини ич-ичидан севадиган, аммо бу туйғусини сездиравермайдиган:

Буюк инсон,

Буюк ташкилотчи,

Тоза инсон эди.

Чет элларда узун йиллар элчи бўлган.

Ёзувчилар Уюшмасини бошқарган.

Ташқи Ишлар вазири бўлган.

Нормуҳаммад Худойбердиев, Бектош Раҳимов каби у кўп қатли уйда яшаган!

Маош ҳисобига.

Кичик бир ҳовли,

Кичик бир улови ҳам бўлмаган.

Сарвар Азимовнинг ўлими мавҳум.

Ҳабиб Абдуллаев,

Иброҳим Мўминов,

Эркин Юсупов, Яҳё Ғуломовлар каби...

Элда турли миш-мишлар юради...

Бизга қоронғу нарса, Тангрига ойдин.

Вақтдан ҳам сир тутиб бўлмайди...

Бектош Раҳимов Хоразм, Андижон, Самарқанд вилоятларини маҳорат билан бошқарган. Унинг олдига тушадиган бирон ҳоким бўлмаган. Министрлар Совети раисининг ўринбосари сифатида ҳам ибратли ишлар қилган. Ўзбекистоннинг ўсувига бирмунча ҳисса қўшган шахс.

Кремл топшириғи билан “Юртимизни тозалашга келган” Гдлян тўдаси уни қамаган. Туҳмат билан. У озодликка чиққач, Ўзбекистон сув муаммолари институтида хўжалик мудири бўлиб ишлади. Ўшанда мен Бектош Раҳимов билан танишганман. У хушмуомала, ишсевар киши эди. У замонда мен Ўзбекистон Маданияти Фонди раиси эдим. Ишхонамиз ёнма-ён бўлгани боис, кўп ҳолда Бектош оға билан бирга, оддий ошхонада овқатланардик. Эл қатори. Навбатда туриб. Унда пул бўлмай қолган вақтлар ҳам бўлган.Шунда мен тушликни кўтарардим. Бектош Раҳимов кабинетимга ҳам бот-бот чиқиб турарди. Тарихга қизиқарди. Мен унга:

Ўғузхон,

Темурхон,

Чингизхон,

Тўбихон,

Табғачхон,

Муқанна,

Мангуберди,

Салжуқ,

Усмонли,

Хун салтанатлари кечмишларини баён этардим.

Яна сўнгги хонлар ҳақида,

Яна жадидлар ҳақида...

- Бу тарихларни олдин билганимда эди... – дерди у ачиниш ҳисси билан армонга қотилган овозда, - иш деб умримни ўтказиб юборибман... Эвазига қамалиб ҳам чиқдим... Энди:

Кеч бўлди,

Амалим йўқ,

Ёшим ўтди,

Тирикчилик ғами...

Қозонни қайнатиш ҳам қийин бўлаяпти.

Ҳозирга боқинг. Амали борнинг:

Дўпписи осмонда,

Оғзи осмонда,

Кўзи осмонда. У:

Ерни кўрмайди,

Элни кўрмайди,

Ўзини,

Боласини,

Аймоғини ўйлайди. Бойликка тўймайди.

Амалга миндими:

Икки-уч қатли уй қуради,

Ноёб машина олади.

Бир эмас,

Бир қанча...

Яна уруғларининг номларида кўчмас мулклари...

Яна чет элларда қасрлари...

Ҳар эҳтимолга қарши...

Замон қалқиб турибди... Қочишга паноҳ...

Юртни ташлаб,

Юртни сотиб...

Мустақиллик ва қонун ниқобларига бурканган бу қорин бандалари ҳеч шубҳасиз:

Эрк,

Адолат,

Тараққиёт бўғовларидир.

Сирасини айтганда, бу иймонсиз унсурларда Ватан дарди, миллат дарди бўлмаган. Улар:

Ўз нафсиларининг қуллари.

Шоҳона яшашга маблағни қаердан олишаяпти?

Халқни ўмаришаяпти,

Давлатни ўмаришаяпти.

Устоз Одил Ёқубов ҳар замон-ҳар замонда бир гапни айтиб турарди:

“Ҳаром еган қон қусади”.

Ўша вақт келгандай...

Ҳокимлар, вазирлар, божхона “бўс”лари, куч ишлатар тизимлари...

Бу кимнинг ташаббуси билан бўлаяпти?

Онгли элнинг айтишича:

Юртбошининг.

Онгли эл оғзида шундай гаплар қанот ёзаяпти:

“Кадр танлашда юртбошини чалғитишган”...

“Кўки билан амалга минишган”.

“Бир неча баравар қилиб ундириб олишаяпти”.

“Мустақил бўлганимизга йигирма беш йил бўлаяпти”.

“Аммо давлат ишлари ўрисча...”

“Қисман ўзбекча”.

“Бу ҳам хўжакўрсинга”.

“Бу ер Россиямас ахир, бу Ўзбекистон”.

“Давлат тили ўзбекча”.

“Номига”.

“Миллат дарди йўқ ерда, ўсиш бўлмайди”.

“Униш ҳам...”

Арслонхон: “Бўғов бор ерда давлат ғарот бўлади” деб бежиз айтмаган.

“Давлат учун оқимлар эмас, эл дардидан узоқ кадрлар хавфли”.

“Минг чандон!”

“Улар, ҳатто, ўрис босқинчиларидан ҳам ёмон:

Офат,

Ўлат!..”

“Улар туг-томирлари билан тозаланмас экан, давлат таназзулдан, коррупциядан қутулолмайди”.

“Ислоҳ лозим”.

“Шунга келаяпти...”

“Агар кадрлар масаласи тўғри йўлга қўйилса:

Ўғирлик,

Юлғичлик,

Йиртқичлик,

Бузуқчилик,

Сотқинлик... кескин камаяди”.

“Янги ерлар, янги конлар очилади”.

“Кўплаб завод-фабрикалар қурилади”.

“Янги-янги ишлаб чиқариш шаҳобчалари яралади”.

“Қишлоқ хўжалиги юксалади”.

“Илм-фан ривожланади”.

“Кашфиёт, ихтиролар бўлади”.

Демак: кўплаб иш ўринлари вужудга келади. Ишсизлар иш, етарли маош билан таъминланади. Бундай тақдирда ҳеч ким ўз уй-жойини ташлаб кетмайди, ўзга элларда сарғайиб юрмайди.

Зеро ёт юрт ватан бўлмайди.

Бундай тақдирда жиноятлар илдизлари кесилади.

Очлик,

Хорлик,

Фоҳишалик...

Ҳар хил булғанч ишларнинг томирлари чопилади.

Чингиз Айтматовнинг бир сўзи эсимда:

“Ҳар ёмон нарсанинг илдизи-етишмовчиликда...”

Етишмовчиликка чек қўйилади. Шунда:

Тирикчилик ташвишлари билан,

Ўртабузарлик,

Кўролмовчилик,

Англашилмовчилик,

Хатолик,

Хусуматлар орқасидан келиб чиққан тазйиқлар билан ўзга юртларга сочилиб кетган миллатдошларимиз қайтиб келишади. Фойдали:

Фикрлар,

Амаллар,

Тажрибалар билан...

Бу ҳол ватанимизни эркин, ҳур, ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқади.

Зеро давлатни давлат қиладиган кадрлар.

Ўз эли, ўз юртнинг беҳад севувчи, унинг ғурур, шаънини ўзидан, нафсидан, жонидан юқори қўювчи кадрлар.

Томирларида тоза, ёвқур, асов турк қонлари оқаётган кадрлар.

Иқтидорли кадрлар,

Ҳалол кадрлар.

Ишлаб толмас кадрлар...

(Давоми бор)

Бу мавзуда батафсилроқ