Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ташаббус гуруҳи: 'Ислом Каримовга овоз берманг!'

Тошкентдаги Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи ўзбекистонликларни 29 мартдаги президентлик сайловларида Ислом Каримовга овоз бермаслик ёки сайловларни бойкот қилишга чақирган.

Гуруҳ тарқатган баёнотда айтилишича, собиқ коммунист раҳбар бўлган Ислом Каримов мустақилликнинг илк йилларидаёқ сиёсий мухолифатни йўқ қилган ва 26 йилдан буён қудратни ўз қўлида ушлаб турибди.

"Ҳукуматнинг лаёқатсизлиги боис фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маиший турмуш даражаси чидаб бўлмас даражада ёмонлашди", дейилади баёнотда.

Ташкилот мамлакатда коррупция ва порахўрликнинг авж олгани, куч тизимлари ва амалдорлар ўз ваколатларини суиъистеъмол қилаётгани, мамлакатга фойда келтириши мумкин бўлган сиёсий фаоллар, ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва тадбиркорларнинг ноҳақ қамоққа ташланганини таъкидлайди.

"2005 йил 13 майида Андижонда бир неча юз фуқароларнинг отиб ўлдирилиши учун масъул бўлган шахс қандай қилиб давлатни бошқариши мумкин?"

"8 миллиондан ортиқ фуқаролар иш йўқлигидан Россия, Қозоғистон ва бошқа МДҲ мамлакатларида сарсон-саргардон юргани учун ким айбдор?" дея хитоб қилади ўз мурожаатида мустақил инсон ҳақлари гуруҳи.

Ташкилот ўзбекистонликларни ўз яқинларига сайловларни бойкот қилиш ҳуқуқлари борлигини тушунтириш, таҳдид ва босимлардан қўрқмасликка чақирган.

"Унутманг, сиз мустақил Ўзбекистоннинг ҳақиқий эгасисиз" дейилади баёнотда.

Ўтган ой Ўзбекистон Либерал демократик партияси жорий Президент Ислом Каримов номзодини яна бир муддатга илгари сурган.

Партия фуқароларнинг мурожаатларидан келиб чиқиб, шундай қарорга келганини айтган.

Аммо на ЎзЛИДЕП ва на Ислом Каримов номзодини рўйхатга олган Марказий Сайлов Комиссияси навбатдаги муддатнинг қонунийлиги борасида изоҳ бермаган.

Расмийлар Ўзбекистон Конституциясига киритилган ўзгаришларга мувофиқ, жаноб Каримовнинг бундан аввалги муддатлари ҳисобга олинмаслигини айтишган.

Аммо Конституциянинг 90-моддаси бир шахснинг кетма-кет икки муддат президентликка сайланишини тақиқлайди.

Би-би-си Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовдан нима учун бу каби сиёсий чақириқ билан чиққанини сўраган.