Хоразмда диндорларга нисбатан маҳкамалар кўпаймоқда

Хоразмдаги "Нажот" инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилоти хабар беришича, охирги ойларда вилоятнинг қатор туманларида диний айбловлар билан ҳибсга олишлар кўпайган.

Ташкилотга кўра, 21 январда Хоразм вилоят судида Жиноят кодексининг 159 моддаси- конституцион тузумга таҳдид қилишда айбланаётган ўндан ортиқ фуқаро устидан маҳкама жараёни бошланган.

Юсупбой Каримов, Равшанбек Жуманиязов, Алимбой Отажонов, Алишер Абдиримов, Музаффар Матчонов, Ҳакимбек Матёқубов, Эркин Жуманиёзов, Ахмед Давлетов, Илхом Бобожонов, Азамат Абдиримов, Нодирбек Абдуллаевлар 2014 йил октябр ойида ҳибсга олинган ва тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Хоразм вилоят Миллий Хавфсизлик Хизмати ва Терроризмга қарши кураш бўлими томонидан ўтказилган амалиётлар натижасида Гурлан туманида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар ҳам диний айбловлар билан ушланган.

"Нажот" инсон ҳақлари ташкилоти ҳисоботига қараганда, ҳозирда вилоятнинг бошқа туманларида ҳам кўплаб ишчи мигрант фуқароларга нисбатан, "диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик оқимларга қўшилгани" сабаб қилиб олинган ҳолда, жиноят ишлари қўзғатилган.

Хива, Шовот, Гурлан, Боғот туманларида жами 30 га яқин фуқаро устидан суриштирув ва тергов ишлари олиб борилаётгани "Нажот" мониторингида аниқланмоқда.

Жумладан, ИИБ жиноят қидирув бўлими ходимлари иддаосига кўра, вилоятнинг Шовот тумани Қиёт қишлоғи Идали Қалъа маҳалласида яшовчи 29 ёшли Воҳид Ваисов 2013-2014 йилларда Россиянинг Воронеж шаҳрига мардикорлик қилиш, шу орқали пул ишлаб, оила боқиш учун борган. Айблов томонига кўра, боғотлик 28 яшар Расул Жуманиёзов "Абдулвосит" исмли Тожикистон фуқаросидан исломий жиҳод амалларини ўрганиб, "жиҳодчилар" диний радикал оқими ғояларини ҳимоя қилиш учун Суриядаги жангари гуруҳларга болиб қўшилишга тайёрланган.

Бироқ жангари ғоялар, Ўзбекистондаги тузумни ағдариш хаёлига ҳам келмаган бу йигит янги паспорт олиш Ўзбекистонга келган.

Аввалига Хоразм вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мардикорга жиддий айб қўйиш учун далил-исбот тополмай, уни "безорилик қилгани" учун Урганч шаҳар судига олиб бориб, суд қарори асосида 15 суткага қамаб қўйишган.

Бу орада В. Ваисовга тегишли "Ўзбекистон Аллоҳнинг азобида", "Шайх Абдуллах Бухарий" ва "Шайх Абдуллах Бухарий «Сирия - помощ мухаджирам» Часть 2» номли видофайллар топилгани айтилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Хоразм вилояти бўлими мутахассислари интернетда кенг тарқалган бу видефайлларни экспертизадан ўтказиб, уларнинг Суриядаги жангариларга таълуқли эканини маълум қилганлар ва фуқаро Ваисов устидан жиноий иш очилган. Ҳозирда Ваисовни узоқ йиллик қамоқ ва унинг атрофида юрган, у билан кўришган ҳамюртлари, ишчи муҳожирларни сўроқ ва таъқиблар кутмоқда.

"Нажот"га мурожат қилган ҳибсдаги диндорларнинг яқинлари сўзларига қараганда, бу одамлар отасидан фақат намоз ўқишни ўрганган, маҳалладош бўлгани туфайли акаси билан ҳам биргаликда намоз ўқиган холос. Хоразмлик бир гуруҳ фуқаролар яқинлари учун инсон ҳақлари ташкилотларидан ҳуқуқий ёрдам сўрамоқдалар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз: 44 7858 860002