Ўзбекистон чегарада хавфсизлик чораларини кучайтирган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўзбекистон ҳукумати "Исломий давлат" мамлакат чегараларидан ҳатламаслиги учун барча имкониятларни кўрмоқда, деб ёзади 12news.uz.

"Исломий давлат аъзолари 2015 йилнинг баҳор ойларида Ўзбекистон ҳудудида қатор террористик ҳаракатларни мўлжаллаганлари ҳақида маълумотлар бор. Шу боисдан Афғонистон билан чегарада хавфсизлик чораларини кучайтирмоқдамиз", деган Миллий Хавфсизлик Хизмати зобити Алишер Ҳамдамов мухбирларга.

"Биздаги ишончли маълумотлар бўйича айтишимиз мумкинки, ИШИД аъзоларининг Ўзбекистондаги фаолияти фақат жангчиларни ёллаш билан чегараланиб қолмаяпти, "Исломий давлат" Фарғона водийсидаги вазиятни беқарорлаштириш учун 70 миллион доллар ажратгани, Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарасида жангарилар тўпланаётгани ҳақида маълумотлар бор"- дейди у.

Хавфсизлик чоралари кучайтирилишига яна бир сабаб, Афғонистонда гиёҳванд моддаларнинг катта ҳосили ва Ўзбекистонда март ойига мулжалланган президентлик сайловлари экани таъкидланади.

Шунингдек, Яқин Шарқда "Исломий давлат"инг кучайиб бораётгани ҳам шундай чораларга ундаган.

Айни пайтда 12news.uz исломийлар томонидан гўёки Сурияга боришга даъват қилинган ўзбек фуқароси сўзларини келтиради. Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи Абдуваҳоб Суюновнинг сўзларига кўра, у маълум вақт Қозоғистонда ишлаб, Ўзбекистонга қайтган, лекин тезда иш топа олмаган.

"Орадан бир ой ўтиб, бир танишим ойига 5 минг доллар эвазига Сурияга боришга даъват қилди. Мен, албатта бу таклифни рад этдим, бироқ иш тополмаётган бошқа одамлар жанг қилишга рози бўлган бўлиши ҳам мумкин", - дейди самарқандлик киши.

Марказий Осиё мамлакатларидан юзлаб фуқароларнинг Исломий давлат сафларида жанг қилаётганлари ҳақида бот-бот айтилади.

Бироқ Ўзбекистондан айнан қанча киши Сурия ва Ироқда жангарилар қаторида экани маълум эмас. "Нусра Фронти" жангари гуруҳида фаолият олиб бораётган ўзбекистонликлар ҳарбий машқлари акс этган видео интернетда намойиш қилинган.

Шунингдек, қозоғистонлик 300 нафар киши Исломий давлат жангчиларига бориб қўшилгани ҳақида видео лавҳалар чиққан.

Бундан олдин Қирғизистон расмийлари 200 дан ортиқ фуқаролари, жумладан аёллар ҳам Сурияга жиҳодга кетганлари аниқланганини билдирганди.

Сурия билан Ирокнинг жиддий кисмини босиб олган ва «Исломий давлат» деб аталмиш гуруҳнинг таъсири остида диний вазият кескинлашиб кетганлиги Қирғизистонда жиддий хавотирни пайдо қилган. Шу боисдан мамлакат идоралари аҳолининг диний масалада маълумотини орттиришни кўзлаб, маориф ва диний фаоллар учун махсус семинарлар уюштираётгани айтилади.

Қирғизистон жанубий пойтахти Ўш шаҳри университети теология факультетини масжидлар имом-хатибларининг биринчи гуруҳи битирган. Илк битирувчилар тадбири билан бирга Дин ишлари бўйича давлат комиссияси «Қирғизистонда диний доирадаги давлат сиёсати ва асосий диний оқимлар» сарлавҳали ўқув қўлланмасини тақдим этган.

Таҳлилчилар фикрича, Россиядаги Ғарб санкциялари билан боғлиқ иқтисодий вазият у ерда юрган марказий осиёлик кўпчилик меҳнат муҳожирларини Сурияга жангга кетишга мажбур қилиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз: 44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ