Каримов Тошкентдаги қурултойда кўриниш берди

Ўзбекистон-Либерал демократик партиясининг бугун Тошкентда ўтган қурултойи 29 мартда ўтадиган президентлик сайловларида Ислом Каримов номзодини расман илгари сурган.

Хабарларга кўра, қурултойда Президентнинг ўзи иштирок этиб, нутқ сўзлаган. Бу 77 ёшли Президент Каримовнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақидаги хабарлар ортидан жамоатчилик қаршисида илк чиқишидир.

Ўзбекистондаги қатор нашрлар жаноб Каримов ўз нутқида келаётган йилларда амалга ошириш режаланган ишларнинг асосий йўналишларига эътибор қаратганини таъкидлашган.

Бу Либерал-демократик партия қурултойидаги нутқ жорий Президент ва номзоднинг сайловолди дастури эканига ишора.

Жаноб Каримов жумладан, мамлакат иқтисодидаги тузилмавий ўзгаришларга доир ислохотларни давом эттириш ва юксак кўрсаткичларга эришиш учун иқтисодни турфа хиллаштириш ҳақида гапирган.

У хусусий мулк ва тажбиркорликни ривожлантириш учун барча сунъий тўсиқларни олиб ташлаш ва тадбиркорларга тўла эркинлик беришга ваъда берган.

Президент ва президентликка номзод шунингдек, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини стратегик ва иқтисодий асосланган даражага қадар қисқартириш кераклигини таъкидлаган.

Жаноб Каримовга кўра, Ўзбекистон ширкатларининг ҳиссаларини хорижий ширкатларга сотиш вақти келган. Бу янги сармояларни жалб қилишга ёрдам беради, деган у.

Президентнинг сайловолди чиқиши унинг аввалги нутқларидан фарқ қилмайди.

Жаноб Каримов бундан аввал ҳам иқтисодий ислохотлар ва тадбиркорларга эркинлик бериш зарурати ҳақида гапирган, аммо амалда Ўзбекистон сармоя муҳити энг ёмон ва коррупция ҳамда порахўрлик авж олган давлатлардан бири сифатида қолмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, жаноб Каримовнинг яна бир муддат президентликда қолиши мавжуд вазиятнинг ўзгаришига умидларни камайтирган.

Ўтган ой 77 ёшни қаршилаган Президент Каримовнинг соғлиги борасида бот-бот чиқиб турадиган миш-миш ва хабарлар эса, Ўзбекистоннинг сиёсий келажаги билан боғлиқ мавҳумликни янада кучайтиради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ