Ўзбек миллиардер Усмонов Капелло олдидаги қарзни тўлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Миллиардер Алишер Усмонов Россия Футбол федерациясига Миллий терма жамоанинг тренери Фабио Капелло олдидаги 400 млн рубл қарзини тўлаб беришга рози бўлган.

Россия Спорт ишлари вазири Виталий Муткога кўра, Усмонов Россия фуқароси сифатида уят ҳисси боис бунга қарор қилган.

"Биз 2018 йилда футбол бўйича жаҳон чемпионатига ҳозирлик кўриб туриб, Россия футбол терма жамоаси тренери олдидаги қарзни узолмасак, бу уят албатта", деган жаноб Мутко.

Усмоновнинг ўзи ҳам Россия ахборот агентликлари орқали тарқатилган мурожаатида Футбол федерациясига молиявий ёрдам берилганини тасдиқлаган.

Бироқ 400 млн рубл федерацияга мақсадли кредит сифатида ўтказилган, ундан фақат Капелло билан имзоланган шартнома учун фойдаланиш мумкин.

Жаноб Усмонов ўз навбатида Россия Футбол федерациясининг президенти Николай Толстихни танқид қилиб, "вазиятни шунчалик абсурдликкача олиб бориш керак эмас эди", дейди.

Шунингдек, ушбу вазият футбол федерацияси раҳбариятининг фаолиятига баҳо беришга асос бўлишини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Фабио Капелло саккиз ойдан бери ойлик маош тўланмаганидан шикоят қилган.

Италиялик тренер Капелло олдидаги қарзни узишга ёрдам сўраб Виталий Мутко қатор бизнесменларга мурожаат қилишига тўғри келган.

Алишер Усмонов ўтказган маблағ охирги саккиз ойда тўпланган миллий терма жамоа мураббийси Фабио Капелло ва менежер Оресте Чиквини олдидаги 600 млнлик қарзнинг катта қисмини ёпишга етади. Айни пайтда Россия Футбол федерацияси италиялик тренер шартномаси билан боғлиқ ҳолатни изоҳлаши кутилмоқда.

Алишер Усмонов 2018 йилда Россия мезбонлик қиладиган футбол бўйича жаҳон чемпионати ташкилий қўмита аъзоси, шунингдек Лондоннинг "Арсенал" футбол жамоаси ҳиссадори саналади.

2014 йилги маълумотларга кўра, асли ўзбекистонлик бизнесменнинг маблағи 18,6 миллиардга тенг.

Саҳоватпеша Усмонов

Бундан олдин жаноб Усмонов америкалик биолог олим Жеймс Уотсоннинг Christie's кимошди савдосига қўйилган Нобел мукофотини 4,8 миллион долларга сотиб олган ва эгасига қайтарган.

"Мен атоқли олим ўзининг хизматлари учун олган мукофотини сотишига йўл қўймаслик лозим, деб ҳисоблайман. Уотсоннинг илмий иши менинг отам вафот этган саратон касаллигига қарши тадқиқотларда муҳим ўрин тутади. Мен учун бу маблағ илмий изланишларга қаратилиши муҳим ва мукофот унга лойиқ бўлган инсоннинг ўзида қолиши керак", деган у.

Америкалик олим Нобел мукофотининг сотилишидан тушган пулни илмий изланишларга ва ўзининг ирқчилик масаласида гапирган гапи учун путур етган обрўсини тиклашга қаратишини айтганди.

Алишер Усмонов илгари ҳам кўплаб хомийлик тадбирларига бош қўшган.

Жаноб Усмонов матбуот хизмати маълумотларига қараганда, миллиардернинг ширкатлари Россия ва қисман Ўзбекистондаги спорт, илм-фан, тиббиёт, маданият ишларига 700 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлаган.

Алишер Усмонов Форбс журналининг йиллик рўйхати бўйича Россиянинг энг бадавлат одамлари қаторидадир.

Ижтимоий тармоқларда Алишер Усмоновнинг Нобел мукофотини сотиб олгани ва уни эгасига қайтариш фикри ижтимоий тармоқларда баҳсларни пайдо қилди.

Бир қанча фойдаланувчилар Усмонов Нобел мукофотини сотиб олгунча, ўша пулларни Россияда юрган муҳожирларга сарфласа яхши эмасми, деган фикрни билдиришган.

Бошқа бирлари шундай саҳоватли инсоннинг ўзбек эканлигидан фахрланганлар.

Шунингдек, Усмонов Ўзбекистондаги муҳожирлар муаммосига аралашиб, бошини оғритишни истамайди деб ҳисобловчилар ҳам бор.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз: 44 7858 860002