Каримовнинг қурултойдаги чиқиши ҳақида расмий матбуот индамаяпти

Image caption Шу пайтга қадар давлатнинг бирор нашрида Каримовнинг қурултойдан бирор бир сурати кўзга ташланмади.

Ўзбекистон Давлат раҳбарининг партия қурултойида сўзлаган нутқи ҳақида расмий оммавий ахборот воситалари лом-мим демаяпти.

6 февралда Либерал демократик партия қурултойида шу партия номзоди сифатида Ислом Каримов қатнашиб, сайловолди чиқиш қилгани ҳақида расмий оммавий ахборот воситаларида ҳануз бир гап йўқ.

Ҳукуматпараст Uzdaily.uz сайти ва Россиянинг Интерфакс ахборот агентлиги Ислом Каримов Либерал демократик партия съездида қатнашгани ҳақида ўша куни хабар тарқатганди.

Бироқ Uzdaily.uz ҳам ушбу хабари ёнига Каримовнинг қурултойдан эмас, илгари олинган суратини босган.

Uzdaily.uzга асосланиб қатор бошқа сайтлар ва ахборот агентликлари Каримов қурултойда қатнашганлиги ҳақида хабар тарқатдилар.

Ўзбекистондаги нашрлар жаноб Каримов ўз нутқида келаётган йилларда амалга ошириш режаланган ишларнинг асосий йўналишларига эътибор қаратганини таъкидлашган.

Қурултойда жаноб Каримов гўёки жумладан, мамлакат иқтисодидаги тузилмавий ўзгаришларга доир ислохотларни давом эттириш ва юксак кўрсаткичларга эришиш учун иқтисодни турфа хиллаштириш ҳақида гапирган.

У хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантириш учун барча сунъий тўсиқларни олиб ташлаш ва тадбиркорларга тўла эркинлик беришга ваъда берган.

Президент ва президентликка номзод шунингдек, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини стратегик ва иқтисодий асосланган даражага қадар қисқартириш кераклигини таъкидлаган.

Жаноб Каримовга кўра, Ўзбекистон ширкатларининг ҳиссаларини хорижий ширкатларга сотиш вақти келган. Бу янги сармояларни жалб қилишга ёрдам беради, деган у.

Президентнинг сайловолди чиқиши унинг аввалги нутқларидан фарқ қилмаган.

Каримовнинг қурултойда чиқиши бундан олдин 77 ёшли давлат раҳбарининг соғлиги билан боғлиқ муаммолар, унинг ҳушидан кетгани ҳақидаги хабарлар ортидан эълон қилинди.

Мухолифатнинг "Ўзбекистон халқ ҳаракати" сайти ўз манбаларига асосланиб, Ислом Каримов 28-29 январ кунлари ҳушсиз ётгани, шифокорлар 30 январда ўзига келтирганларини ёзди.

"Ўзбекистон халқ ҳаракати" нинг рус тилидаги сайтида бугун эълон қилган мақоласида ҳам бу борада сўз боради.

Image caption Депутатлар Каримов номзодини ёқлаб овоз берганлар.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Газета.уз сайтида ЛДП қурултойи Каримов номзодини кўрсатгани айтилсада, қурултойда қатнашган Каримовнинг сурати ўрнига депутатларнинг мандатларини кўтариб тушган сурати берилган.

Шу пайтга қадар давлатнинг бирор нашрида Каримовнинг қурултойдан бирор бир сурати кўзга ташланмади.

Давлат Ахборот агентлиги, Президент матбуот хизмати ва давлатга қарашли бошқа сайтларда қурултойдан ҳисобот ҳам эълон қилинмаган.

Айни пайтда ҳукуматда ишончли манбалари борлиги айтиладиган Узметроном саҳифаси ҳукуматнинг ахборот сайтини танқид қилиб, "УзА давлат раҳбарининг 6 февралдаги сайловолди нутқига эътиборсизлик қилгани"ни таъкидлайди.

Президент қатнашган ҳар бир тадбир ҳақида ўша куннинг ўзида қисқа бўлсада хабар бериб, кейин батафсил ёритадиган Ўзбекистон телевидениеси бу сафар одатига амал қилмаган. Ўзбекистон телевидениеси 6 февралда ўтган қурултой ҳақида ҳам, Каримов нутқи ҳақида гўё эсдан чиқарган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002