Би-би-сига айтаман: Каримов кетса, Ўзбекистонда урушлар бошланиб кетадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистонда Каримовдан кейин ҳокимиятни ўриндошига қолдириш механизми шу пайтгача яратилмади.

Аслида бу мураккаб юридик масала ва тегишли қонунларни тайёрлаш, конституцияга қўшимчалар киритиш учун анча вақт ва малакали мутахассислар меҳнати зарур бўлади.

Аммо Каримовга "сиздан кейин салтанат кимга қай тарзда ва қай шартлар билан топширилади?" - деб сўрайдиган мард унинг ён-атрофида йўқ.

Бу нарса Каримовга керак эмас. Чунки ундан кейин бутун мамлакат ҳокимият учун талашадиган сиёсий арбоблар, сиёсий кучлар тўқнашуви боис қонли тўқнашувлар майдонига айланадиган бўлса, Каримов мурод-мақсадига эришади. Шунинг учун бу аснода бирор ҳаракат қилаётгани йўқ.

Унинг мақсадини мен қуйидагича тушунаман: "Каримов юртимизда қаттиқ қўллик, репрессиялар воситасида бўлса-да, тинчлик, барқарорликни таъминлаб келганди", дейишига, ва охир-оқибат унинг барча жиноятларини, унинг буйруғи билан амалга оширилган Андижон қатлиомини халқ унутишига у умид боғлайди.

Вазият кескинлашиб, қонли тус олишига қуйидаги омиллар туртки бериши мумкин:

1.Ўзбекистонда МХХ ходимларнинг амалдаги сони, истеъфога чиқиб фаол эҳтиёт рўйхатида турганлардан ташқари, 100 мингдан ошади.

Бундан ташқари, ҳар қадамда милиция ходимларини учратиш мумкин. Улар таркибининг ҳақиқий сони хусусида аниқ маълумот йўқ. Менинг тахминимча Ўзбекистондаги милиция ходимларининг сони бутун Европа Иттифоқидаги полициячилар сонидан кўпроқ бўлса керак. Бу рақам яқин келажакда аниқланади.

Мана шунчалик кўп сонли куч ишлатувчи армия асосан бир одамнинг — Каримовнинг хавфсизлигини таъминлаш ва у яратган мустабид режимни сақлаб қолишга хизмат қилади.

Менинг фикримча, Каримовнинг ўриндоши ким бўлишидан қатъи назар, куч ишлатар органлар сонини камида 4—5 марта, давлат тизимида болалаб кетган амалдорлар сонини 3—4 марта қисқартиришга мажбур бўлади. Акс ҳолда иқтисодий тараққиётни, ижтимоий ҳимояни таъминлаш мушкул.

Шу пайтгача катта вазифа ортидан, коррупция ва бошқа жиноятлар, бировларнинг бизнесини тортиб олиш воситасида бойлик орттирган амалдорлар, вазифасидан мосуво бўлгач, қачон қамалиши ва бойликлари мусодара бўлишини кутиб ўтирармиди?

2.Ҳар бир янги ҳукумат албатта, ялпи аудит ўтказиб, мамлакатнинг реал иқтисодий ва молиявий аҳволини ошкор этишга маҳкум. Унинг натижаси ҳар қандай одамни эсанкиратиб, шок ҳолатга туширишига мен аминман. Чунки фақат электр энергияси соҳасидаги статистик маълумотлар камида икки марта бўрттириб кўрсатилган, деб менга Ўзбекистонда йирик лавозимларда ишлаган 10—15 энергетиклар қайта-қайта таъкидлашган эди.

Жуда катта жиноятларга йўл қўйган амалдорларни ҳибсга олиб, жазолаш ҳам кун тартибида туради.

Шундай бўлишини эътиборга олиб, ҳар қандай йирик амалдор, сиёсий арбоб қўлидан келганча ҳокимият учун курашишга ҳаракат қилишига ишонаман. Бу аста-секин жанжаллар, қон тўкилишига олиб келиб фуқоравий урушга айланиб кетиш эҳтимоли кучли деганидир.

Мен бизнесини тортиб олиб, ўзини қамаган тадбиркорлар, ноҳақ сиёсий ва диний айблар бўйнига қўйилиб қамалиб, кўп қийноқларга солинган маҳбуслар озодликка чиқиб, ҳаққини талаб қилиши, бош кўтаришини ҳисобга олмаяпман, чунки унинг миқёси нисбатан чегараланган бўлиши мумкин.

Каримов қудратдан кетгандан сўнг, унинг ўриндоши ким бўлишидан ташқари, ярим бир йил мобайнида Ўзбекистонда ҳокимият учун кураш қонли жангларга айланиб кетиши муқаррар.

Тошпўлат Йўлдошев.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002