"Марказий Осиёдаги барқарорлик ҳаммамиз учун муҳим"

Америка Қўшма Штатлари Исломий давлат жангариларига қарши курашда Марказий Осиё давлатларига ёрдам беради.

Бу ҳақда АҚШ Давлат котибининг ёрдамчиси Даниэл Розенблюм маълум қилган.

Кеча минтақа журналистлари билан телефон брифингида гапирган жаноб Розенблюм Қўшма Штатларнинг Ўзбекистонга ҳарбий-техник ёрдами давом этишини айтган.

Унга кўра, Вашингтон Марказий Осиёнинг террорчилар учун бошпанага айланишини истамайди.

Матбуот анжумани Давлат департаменти томонидан ташкил этилиб, Қозоғистондаги АҚШ элчихонаси орқали эълон қилинган.

Akipress агентлигига кўра, жаноб Розенблюм яқинда Марказий Осиёнинг ҳар беш мамлакатида бўлгани ва баъзи хулосаларга келгани ҳақида айтган.

"Энг аввало шуни айтмоқчиманки, минтақадаги марказларда бўлганимда мен баъзи муждаларни эшитдим. Биринчиси, бу барқарорликни хоҳлаш. Мен буни нафақат расмийлар томонидан, балки нодавлат соҳалар, бизнес вакилларидан ҳам эшитдим. Мен шунингдек, минтақадаги воқеалардан баъзи хавотирларга, хусусан халқаро аксилтеррор миссия ниҳоясига етгач, Афғонистондаги вазиятдан ташвишларга ҳам гувоҳ бўлдим. Бундан ташқари Украинадаги воқеалар минтақадаги давлатга қандай таъсир кўрсатиши тўғрисида хавотирлар борлигини кўрдим" дейди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Ўзбекистонга 308 зирҳли машиналар етказилиши борасидаги хабарларни изоҳлаш сўралганда, жаноб Розенблюм музокаралар бу борада жуда узоқ ва мураккаб бўлганини, деярли бир йил давом этганини айтган. У шунингдек, техникаларни етказиш мураккаб эканлиги, зирҳли машиналар бир неча мамлакат, хусусан АҚШдан ҳам юборилиши, бироқ Афғонистондан техникалар тўғридан тўғри Ўзбекистонга берилмайди, деган.

Айни пайтда АҚШ ва Ўзбекистон ҳукуматлари бошқа ҳарбий техникаларни етказиб берилиши борасида музокаралар ўтказаётганини айтган Розенблюм бу ҳақда бошқа маълумотларни очиқламаган.

29 мартда ўтадиган президентлик сайловларига муносабати ҳақида сўралганда, Розенблюм АҚШ ОХҲТнинг сайлов кампанияси ҳақидаги хулосаларини қувватлашини айтади. "ОХҲТ Ўзбекистондаги сайловларни кузатади. Биз бу ташкилотнинг сайловолди ва кейинги вазиятни ўрганган муносабатини кутамиз. Бизнинг мавқеимиз ОХҲТ нинг фикридан фарқ қилмайди", дея қайд этади.

Розенблюмга кўра, Марказий Осиёда у эътибор қилган муҳим нуқта - давлатларнинг мустақиллик, суверенитет ва эркин танлаш ҳуқуқини сақлаб қолиш истагидир. "Марказий Осиё давлатлари мустақил бўлганликлари билан фахрланадилар ва четдан аралашувни истамайдилар. Минтақа мамлакатлари АҚШ билан турли соҳаларда янада чуқур ва кенг ҳамкорлик қилишни хоҳлайдилар".

"Ҳамкасбларимга менинг жавобим шундай бўлди: АҚШ ҳам бу истакларни ёқлайди, миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан ҳаммамиз учун Марказий Осиёдаги барқарорлик муҳим".

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

АҚШ Марказий Осиё давлатлари террористик гуруҳлар учун бошпанага айланишини истамайди. Биз хавфсизлик доирасида муносабатларни кенгайтириш, бу каби трансмиллий- наркотрафик, терроризм ва ИД каби хатарларга қарши биргаликда қарши туришимиз мумкинлигини айтдим марказий осиёга қилган сафаримда, дейди Розенблюм.

Унинг қайд этишича, АҚШ минтақа давлатлари билан муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга интилмоқда. Шу билан бирга, Вашингтон "ислоҳотларнинг сустлиги, инсон ҳақларига риоя қилиш бўйича вазиятлардан хавотирларини билдиради.

Биз барча имкониятлар билан Марказий Осиё давлатларининг мустақиллигини ва ҳудудий бирлигини қувватлаймиз. Биз буни ўзаро манфаатли тарзда амалга оширамиз. Бу алоҳида, эксклюзив муносабатлар бўлмайди. Мен охирги фикримни таъкидламоқчи эдим- биз ўзгачаликни сўрамаймиз, биз минтақа давлатлари фақат биз билан алоқа ўрнатишларини талаб қилмаймиз", деган Розенблюм.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

АҚШнинг Қирғизистон билан Манас базаси ёпилишидан кейинги ҳамкорлик ҳақидаги саволга у АҚШ ва Қирғизистон бу борада баҳорда икки томонлама музокаралар бошланишини айтган.

Шунингдек, у Қирғизистондаги демократик институтлар билан ҳамкорлик яхши йўлга қўйилганини, ҳукумат, парламент, фуқаролик жамияти билан охирги беш йилда яқин ишлаяпмиз, дея таъкидлаган.

Телефон анжуманида бошқа масалалар қатори Украинадаги вазият тўғрисида ҳам сўз борган. АҚШ Украинага учувчи қуроллар етказиб берадими, деб сўралганда АҚШ расмийси бу борада воқеалар ривожи билан ҳамма вариантлар кўриб чиқилаётганини, лекин бир қарорга келинмаганини айтган. Украинага тинчликпарварвар кучларнинг жўнатилиши қанчалик ҳақиқатга яқинлиги борасида эса гапиришга эрта экани, Қўшма Штатлар ҳар қандай можаронинг дипломатик йўл билан ҳал қилиниши тарафдори экани билдирган.

Даниэл Розенблюм - тарих ва халқаро иқтисод бўйича Йел университетини битирган. 2014 йил июлида АҚШ Давлат департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича вакили. У АҚШнинг Марказий Осиё давлатлари билан дипломатик муносабатлар масалаларига жавоб беради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002