Хайрулло Ҳамидов: Озодликка чиққаним тушмасми, деб ўзимни чимчилаб қўйяпман

Ҳамидов қамоқда унга нисбатан қийноқ ишлатилмаганини айтди
Image caption Ҳамидов қамоқда унга нисбатан қийноқ ишлатилмаганини айтди

Диний айбловлар билан қамалган Хайрулло Ҳамидовнинг озодликка чиқиши ҳақидаги хабар ўзбекзабон ижтимоий тармоқни “портлатган”. Изоҳларда мухлислар ушбу кунни интиқлик билан кутганини ва айримлар ҳаттоки кўз ёшларини яшира олмаётгани ҳақида ёзган. Спорт журналисти Ҳамидов Би-би-си билан суҳбатда қувончдан ҳали ўзига кела олмаётганини билдирди. Диний маърифий эшиттиришлари билан ҳам машҳур журналист бу соҳада ҳам ишларини давом эттириши мумкинлигини айтди. Би-би-си Хайрулло Ҳамидов билан боғланиб қамоқдан чиқиш жараёни ҳақида сўради.

Хайрулло Ҳамидов: Ўтган йилнинг охирлари, декабрда “Тоштурма”га олиб келиндим. Кейин 17 январда Чирчиқдаги олтинчи сонли муассасага жойлаштирилдим. У ерда озроқ бўлганимдан сўнг авфномага биноан, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ва сенатининг қарори ҳамда Президентимизнинг авфномага қўл қўйишлари натижасида, актга биноан 11 февраль куни Чирчиқдаги олтинчи муассасада суд бўлиб ўтди. Соат учларда бўлди. Тугаши билан дарҳол чиқариб юборишди. Мен билан биргаликда 16 та одам чиқди. Уларнинг ҳаммаси диний экстремистик оқимга мансуб маҳкумлар эди. Ўшаларнинг 16 таси махсус зонадан озодликка чиқарилди. Уйимдагиларнинг ўша ернинг ўзида кутиб ўтиришган экан. Уйга кечки 6:30 – 7 ларда келдик. Келганимизда маҳалла ва кўп қариндошлар кутиб ўтиришган экан. Одамларнинг келиши кечгача давом этди.

Би-би-си: Озодликда бир тунни ўтказдингиз кайфият ва ҳиссиётларингиз қандай?

Хайрулло Ҳамидов: Фузулийнинг ғазали борку, “Кўзи ёшлиларин ҳоли на бўлсин мардуми ғофил”, деган. Буни озодликка чиққан одам билади, бошқалар ҳис қила олмайди. Бошқача бўлади, барибир беш йил умр муассасаларда ўтди.Жазо муддатини ўтадик. Гарчи анча гапирган бўлсак ҳам, жиддий ва кескин масалалар хусусида гапирган бўлсак ҳам мана авфномалар ёзганимиздан кейин Президентимиз кечирдилар, жудаям хурсандман. Барибир шу Ватан болам деркан, ҳудди онага ўхшаб кечириб. Суд бўлишидан бир ҳафталар олдин билдим. Фалон фалон маҳкумлар ўзининг ҳулқини тузатганлиги ва чиқишга яроқли эканлиги ҳақида маълумотлар бериб тадбирлар ўтказишди. Рўйхатга тушганимни ўшанда билган эдим. Ўшандан бошлаб бу сонияларни кутдим. Энди тасаввур қилинг бир ҳафта икки ҳафта, соатма соат кутиб чиққанигиздан кейин худди тушга ўхшайди. Бир хил пайтда ўзимни чимчилаб қўяман, ростдан тушмасми, деб .

Би-би-си: 4 марта афв сўраб мактуб ёзган экансиз. Бу сафар қабул қилишларига қанчалик умид қилган эдингиз?

Хайрулло Ҳамидов: Энди тўрт марта деб дейилгани, бошида 2010 йили қамалганимда ҳали “Тоштурма”да эканлигимда иккита ёзилган. Ўшани инобатга олиб 4 марта дедим. Кейин ўтган йили ёзилди. Ёзилганидан сўнг иккинчи босқичда кўриб чиқиляпти, деб жавоб келганди. Чирчиққа келганимдан кейин бу ерда ҳам ёздим. Ёзганимни муассаса раҳбарлари жўнатишди. Кейин ҳар томонлама жиддий ўрганилади. 4 йил ўзимни қандай тутганлиги, ҳар битта одамнинг берган баённома ва кўрсатмалари ўрганиб чиқилиб тадбиқ этилади. Мен у томонларини унча тушунмайман. Лекин шуни биламанки, охир оқибат бу актга Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг ўзи қўл қўйганлигини аниқ биламан. Шу томонлама мен энг асосий миннатдорчилимни билдирадиган одамим шу Президентимиз.

Би-би-си: Биз билан суҳбатлашган айрим диний маҳбуслар ўзларига нисбатан тергов жараёни ва жазо муддатини ўташ вақтида давомий тарзда жисмоний ва руҳий қийноқлар қўлланилганини айтишади. Сизга нисбатан куч ишлатиш ва таҳқирлаш ҳолатлари бўлдими?

Хайрулло Ҳамидов: Йўқ, бўлмади. Буни мен пахта қўйиш ёки қўрққанимдан гапирмаяпман. Ҳақиқатдан ҳам мен борганимдаям, Навоийдаги 47 - сонли муассасада ҳам ростдан ҳам кўрмадим. Қамалмасимдан олдин мен ҳам ҳар хил гапларни эшитардим. Балки кимгадир бўлгандир. Биров учун жавоб бермайман. Лекин ўзим кўзим билан кўриб келган нарсани айтсам, у нарсаларни кўрмадим. Мен асосан 47 – муассасада бўлдим, Чирчиқда бўлган бўлсам бир ой бўлдим. Чирчиқдаги вазиятни унча билмайман, чунки бир ой асосан карантин ҳолати бўлади. Ўшандан сўнг чиқиб кетдим. Навоий вилоятидаги муассасада у нарсаларни бошқаларга нисбатан ҳам кўрмаганман, менга умуман бўлмаган. Клубда ишладим. Одам у ерда ишлаб маънавиятини янада ошириб олиши мумкин. Кутубхонага ва тадбирларга боғлиқ бўлиши мумкин. Соҳам журналистика бўлганлиги учун ҳам малакани ошириб олишга имконият бўлади.

Тўғри одамнинг ичида руҳий ҳолатда соғинч, айрилиқ ва бошқа қийноқлар бўлади. Лекин жисмоний менга нисбатан ҳеч нарса бўлмади.

Би-би-си: Клубда ишладим деяпсиз, қамоқхонада ижод билан шуғулландингизми,мухлисларингиз ундан қачон баҳраманд бўлишади?

Хайрулло Ҳамидов: Ижод билан шуғулландим. Ўша ерда жуда кўп тадбирларда қатнашиб асосан шеърлар ўқирдим. 47 чи муассасадан чиққан хоҳлаган маҳкумдан сўрасангиз бўлади. 2010 йилдан 2014 йилгача ўтирган маҳкумларнинг ҳаммаси билади. Қўшиқларга шеърлар ёзиб берадим. Она, соғинч, Ватан каби мавзуларда. Асосан маҳкумият ва маҳкумларнинг ичидаги дард ёзилади. У ердаги ҳаёт бошқа. Кўчадаги ҳолатда мавзулар кенг бўлса, у ерда чекланган. Чунки инсоннинг ҳолати асосан бир нарсага – озодликка, уйдагиларга ва соғинчга қаратилади. Айрилиқ одамни озроқ қийнайди. Жазо муддати ўталаётганда руҳий ҳолат бўлиши турган гап. Шу нарсалар ҳақида кўп нарса ёзганман. Бу мунтазам равишда, деярли ҳар хафта тадбирларда шеърлар ўқирдим.

Қачон баҳраманд бўлишларини билмайман. Ҳаётга мослашиб олайин. Энди келдим, нима гап, нима сўз билайлик. Эрта индин ҳужжатлаштириш ишлари бор. Ўшалардан ўтиб бўлганидан кейин бафуржа ўйлаб кўрилади. Асосан уйдагиларнинг дийдорига тўйиб олиш ва қариндошларни кўриш турибди. Бошқа нарсаларни ўйлайдиган аҳволда эмасман.

Би- би-си: Мухлисларингиз сизни диний-маърифий “Холислик сари” эшиттиришлари орқали ҳам кўпроқ танир эди. Энди бу соҳада ишларни ташлаб қўйиши мумкин деган хавотир билдиришмоқда. Бунга нима дейсиз?

Хайрулло Ҳамидов: Беш йил жазо муддатини ўтаб келган одамга ҳозир бу нарсаларни ўйлаш ортиқчалик қилади. Ҳали келганимга 24 соат ҳам бўлмади. Ҳозир гапираётганингизда ҳам нима қилишим керак, деб ҳар қанча ҳаракат қилсам ҳам ўйлай олмаяпман. Бир ҳафталар мослашганимдан кейин, балким бу соҳада ҳам бўлар.

Би-би-си: Хайрулло Ҳамидовнинг озодликкаа чиқиши ўзбекзабон ижтимоий тармоқларни маъжозий маънода портлашига олиб келди. Кимдир суюнганидан йиғлаган, яна кимдир қувончидан ичига сиғмаган. Ҳаттоки ушбу хабарни етказган кишига суюнчисига тўн кийдираман деган ваъдалар ҳам бўлди. Сизни интиқлик билан кутган мухлисларингизга қандай тилаклар билдирасиз?

Хайрулло Ҳамидов: Албатта, мухлисларга фақатгина яхшилик илинамиз, яхшилик тилаймиз. Ҳақиқатда кутишган экан. Авваламбор, жазо муддатини ўтаб келиб, уйга соғ-саломат қайтишимизга сабаб бўлган барча барчанинг ҳаққига дуо қилиб қўйишларини сўраймиз. Хусусан, шу амнистия актига имзо қўйган президентимиз Ислом Каримов ҳақларига ҳам.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ