Виртуал Сайлов комиссияси матбуот котиби Улуғбек Бакиров билан суҳбат

Image caption "Виртуал сайлов демократик сайлов қандай бўлиши ҳақида тасаввур бериши керак", дейди Улуғбек.

Улуғбек Бакиров 1980 йил Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Охунбобоев шаҳрида туғилган.

Охунбобев шаҳридаги 1-физика-математика лицейини аъло баҳоларга тамомлаган.

Олий таълимни Андижон Давлат Университетининг ўзбек филологияси факультетида олган.

Андижон телевидениясида мухбир, ўрта мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган. У шеърлар ҳам ёзиб туради.

Улуғбек Бакиров мухолифатдаги сиёсий фаолиятини 2002 йили “Бирлик” Халқ Ҳаракатида бошлаган. "Эзгулик" ташкилотида фаолият юргизган.

“Фридом Хаус”, “Хьюман Райтс Вотч” каби бир қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилган.

2007 йилдан буён Норвегияда яшайди.

Улуғбек Бакиров “Ҳаракат” ахборот агентлигида мухбир, "Замондош" веб-нашри, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг веб-сайтига бош муҳаррир бўлган.

2015 йилнинг январидан Виртуал Сайлов Комиссиясининг матбуот котиби вазифасида фаолият олиб бормоқда.

Хориждаги бир гуруҳ ўзбекистонлик фаоллар томонидан ташкил қилинган Виртуал Сайлов комиссияси Ислом Каримов номзодининг яна президентликка илгари сурилиши Ўзбекистон Конституциясига зидлигини айтиб, интернет оламида бўлса ҳам ҳақиқий сайлов ўтказишни режалаштирганлар.

Улуғбек Бакиров айни пайтда виртуал сайловда қатнашадиган номзодларни рўйхатга олиб бўлингани, яқин кунларда номзодлар ўртасида дебатлар бошланишига тайёргарлик кетаётганини билдирди.

Бакиров Ўзбекистондалигида Марказий Сайлов Комиссиясининг сайлов участкаларида президентлик ва парламент сайловларида турли вазифаларда ишлаган.

Улуғбек Бакиров билан суҳбатнинг радио версиясини тингланг

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Улуғбек Бакировнинг Би-би-си ўқувчилари саволларига жавоблари

Дилноза, Швеция: Исмат Хушевнинг аризаси нима учун қабул қилинмади? Бу сизнингча (гарчи виртуал бўлсада) сайловнинг бошиданоқ бузилганини англатмайдими?

Улуғбек Бакиров: Жаноб Исмат Хушевнинг Виртуал Сайлов Комиссияси (ВСК) томонидан қандай сабабларга кўра, Президентлик виртуал сайловда номзодликка нега рўйхатга олинмади?

Бу масала бўйича ВСКнинг қарори 11 февралда, матбуотда эълон қилинган. Жавоб тариқасида аввало, ўша хабарнинг матнини келтириб ўтаман:

“ 10.02.2015 йилда Виртуал Сайлов Комиссиясига Канадада яшовчи ўзбекистонлик журналист Исмат Хушев номидан ўзининг номзодлигини Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўтказиладиган виртуал сайловда иштирок этиш учун топширилган аризаси келиб тушди.

Мазкур ариза ВСКнинг навбатдаги йиғилишида атрофлича муҳокама қилиниб, қуйидаги қарор қабул қилинди:

Маълумки, ВСКнинг фаолияти асосида демократик қадриятлар ва институтларни тан олиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини юксак қадрлаш, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ҳурмат қилиш талаби туради. ВСКнинг тузилишини тақозо этган вазият замирида ҳам Ўзбекистонда шаклланган диктатура, инсон ҳуқуқларининг доимий поймол қилиш муаммоси ётади. Жаноб Исмат Хушевнинг шахсиятига ҳурмат билдирган ҳолда, ВСК унинг кўп йиллардан буён олиб бораётган журналистик ҳамда сиёсий фаолиятини ўта зиддиятли деб баҳолайди. Жумладан, жамоатчилик кўз ўнгида Ислом Каримов режимининг ташқи дунёдаги қатъий ҳимоячиси сифатидаги танилган Исмат Хушевнинг кўп йиллик эркин ва онгли фаолиятини, ВСК, демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқлари ва Ўзбекистон Конституциясига нисбатан очиқ-ойдин ҳурматсизлик деб баҳолайди. Кенг жамоатчилик фикри, ВСК аъзоларининг доимий ва эҳтирослардан ҳоли кузатишлари ҳамда ВСКнинг ҳуқуқий-сиёсий қадриятлари асосида, ВСКнинг 10.02.2015 й.даги № 028 (n)-Q қарорига асосан, Исмат Хушев номзодлиги Президентлик виртуал сайловига қабул қилишга номуносиб деб топилди. Виртуал Сайлов Комиссияси

Muzaffar : Ismat Xushevni nega novzodlikka olmadinglar. Uzbekiston quygan uch odamni olgansizlarku?

Улуғбек Бакиров: Нима учун МСКда рўйхатга олинган уч номзодни ВСК автоматик равишда рўйхатга олиб, айнан И.Хушев номзодини ВСК рўйхатга олмаганлиги тўғрисида гапирадиган бўлсак, МСК томонидан рўйхатга олинган уч номзод: Акмал Саидов, Ҳотамжон Кетмонов ва Наримон Умаровлар аслида, тўлиқ тарзда расмий ҳукуматнинг сиёсий позициясини ҳимоя қиладиган сиёсатчилар эканлигини, уларнинг номзодларини кўрсатган расмий сиёсий партиялар ҳам аслида И.Каримовнинг “чўнтак” партиялари эканлигини, улар тўлиқ тарзда сиёсий режим вакиллари эканлигини, ўзлари эса, эрксиз “қўғирчоқ” номзод эканлигини нафақат ВСК, балки бутун дунё, шу жумладан, ўзбекистонликлар ҳам бугун жуда яхши биладилар. Гарчи шундай бўлсада, уларнинг номзодларини ВСК автоматик тарзда демократик тамойиллардан келиб чиқиб, тимсолий тарзда рўйхатга олган. Аммо, жаноб Хушевнинг бу уч номзоддан сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳамда бугунги кундаги мақоми-мавқеида фарқ катта. Яъни, Исмат Хушев улардан фарқли ўлароқ, ўз эрки ўзининг қўлида бўлган мустақил сиёсатчи – тажрибали журналистдир. ВСКнинг бу масала бўйича қабул қилган махсус қарорида айтиб ўтилганидек, “Жаноб Исмат Хушевнинг шахсиятига ҳурмат билдирган ҳолда, ВСК унинг кўп йиллардан буён олиб бораётган журналистик ҳамда сиёсий фаолиятини ўта зиддиятли деб баҳолайди. Жумладан, жамоатчилик кўз ўнгида Ислом Каримов режимининг ташқи дунёдаги қатъий ҳимоячиси сифатидаги танилган Исмат Хушевнинг кўп йиллик эркин ва онгли фаолиятини, ВСК, демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқлари ва Ўзбекистон Конституциясига нисбатан очиқ-ойдин ҳурматсизлик деб баҳолайди.” Шу сабабларга кўра, И.Хушев ВСК томонидан рўйхатга олинмади.

Dr. Baxtiyor Pulatov, Sweden, Luleå : Man dr. Pulatov kichkina bölaman. Saylovda qstnashib körmiqchi efim lekin sizlarning talablarizga tögri kelmadim. Aytingchi sizningcha qöyilgan talablar syni bir guruh uchun möljallab ishlab chiqilmaganmi? Nima uchun man 30 yoshimda fan doktori böldimu prezident böla olmayman? Aql yoshdamas dryishadi.

Улуғбек Бакиров: Биринчидан, мен саккиз йилдан буён яшаб келаётганим Норвегияга қўшни бўлган Швецияда “доктор Пўлатов кичкина” номли ўзбек борлигини энди эшитишим (агарда ҳақиқатдан ҳам шундай одам бўлса). Иккинчидан, бу киши “кичкина”си бўлса, “катта Пўлатов”и ким экан?! Агарда бу одам “Бирлик” ХҲПнинг раиси жаноб Абдураҳим Пўлатни назарда тутиб, масҳарабозлик қилаётган бўлса, айтмоқчиманки, доктор А.Пўлатнинг Швецияда ҳеч қандай ўғли йўқ. Қолаверса, А.Пўлат даражасига етишиш учун нафақат бу кишига, балки яна кўпчиликка ҳам жуда кўп қовун пишиғи бор. Агарда бундай одам ростдан ҳам ҳаётда реал бор бўлса, ундан узр сўрашга ҳамиша тайёрман.

Учинчидан, сиздек “фан доктори” тўрт қатор матнни ғиж-ғиж имло хатоларга тўлдириб ёзадиган бўлса, бундек “фан доктори”га “илмий унвон” берган “даргоҳ”ни зудлик билан ёпиш керак (агарда шундай саводсизлар етиштириб чиқадиган даргоҳлар ер юзида бўлса).

Энди эса, “доктор жаноблари” бевосита саволингизга келсак, ВСКнинг Президентликка номзодларни рўйхатга олиш талаб ва мезонлари айнан ёш цензори учунгина ишлаб чиқилмаган. “35 ёш” Ўзбекистон Конституциясининг тегишли моддаларига амал қилинган ҳолда олинган. Ҳар ҳолда, осмондан олиб ёзиб қўйилмаган. Қолган мезонларга изоҳ беришга ҳожат йўқ бўлса керак. Ўша Йўриқномани ўқиб, моҳиятини тушунмаган бўлсангиз, ВСКнинг расмий саҳифаси www.saylov2015.org га ўтиб, қайтадан танишишингиз мумкин.

Қолаверса, жаҳонда кўп сонли, том маънодаги фон докторлари, профессорлар, академиклар бор. Уларнинг ҳаммаси ҳам давлат раҳбари бўлавермаслиги ва бу оддий, нормал ҳол эканлигини бугун дунёда ёш бола ҳам билади. Президент бўлиш учун фан доктори бўлиш шарт эмас. Ақлу фаросат, етук билим, катта тажриба, олий тарбия, юқори маданият, энг муҳими ўз Ватани ва Халқини чин қалбидан севувчи, лозим бўлганда халқи учун ўз ҳаётини ҳам фидо қилишга тайёр бўлган юрт фарзанди бўлиш кифоя. Катта муаммо, ҳар бир халқ ўз ичидан етишиб чиққан шундай фарзандларини топиб, юртига бош қилиб, олиб келишидадир. Бу эса, ўша халқ учун улкан саодатдир. Минг афсуски, ҳар бир халққа бундай Олий Саодат насиб этавермайди! Яна надоматлар бўлсинки, бугунги Ўзбекистонимиз ҳам ўша саодатдан бенасиб қолган. Келгусида жонажон Халқимизга Олий Саодат насиб этишини Яратгандан ёлвориб сўрайман! Шундай нурли кунлар келишига тўла ишонаман!..

Bek, Tosh: Siz "Mr. qalampir" nikidagi insonmisiz?

Улуғбек Бакиров: Йўқ, мен ундай лақабдаги одам эмасман. У одамни шахсан танимасамда, лекин, суратини кўрганман, овози билан бир маротаба, яқинда қисқача суҳбатлашганман. Ижтимоий тармоқлардаги турли ёзувларини биламан холос. Буни кўпчилик фаоллар билади.

Худога шукур, ота-онам мен дунёга келганимда яхши ниятлар билан Улуғбек Каримжон ўғли Бакиров, деб исм берганлар. Мен шу кунгача озми-кўпми, яхшими-ёмонми нима ёзган бўлсам ўз исм-шарифим билан ёзганман. Суратларимда ва видео-дастурларда ҳам Худо берган ўз юзим билан чиққанман. Ўз овозим билан гапирганман. 21-22 ёшимда, Ўзбекистонда мухолифат сафига келган бўлсам, ўша даврдан бошлаб, то ҳозирги 35 ёшимгача ўз номим билан чиқябман. Яратган Эгам менга қанча умр ато этган бўлса, то ҳаётимни сўнггигача ўз номим билан яшаб ўтаман. Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, адабий тахаллус билан ижод қилган, қилаётган ижодкорларга ҳеч қачон менда салбий фикр ёки муносабат бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Аксинча, уларга эҳтиром билан юзланаман. Лекин, бошқа ном остига турли лақаблар билан яшириниб олганларга ижобий муносабатда бўлолмайман. Тахаллус бошқа, яширин ном ва лақаблар умуман, бошқа!..

Тўғри, мухолифатга янги келган кунларимда бир ёки икки марта (ҳозир аниқ ёдимда йўқ), “Карим Али”, “Садаф” тахаллуслари билан “Бирлик” ХҲнинг “Ҳаракат” журналига мақолалар ёзганман. Ўша журналлар Вашингтонда босмадан чиқиб, Ўзбекистонга ҳам етиб келарди. Бундай тахаллус билан ёзишимга, “Бирлик” Халқ Ҳаракати (кейинчалик партия) раҳбариятининг ғамхўрлиги сабаб бўлган. Чунки, ўша даврда мухолифатга янги келган ёш, ғўргина йигит бўлганим туфайли, мени турли хавфлардан асраш мақсадида улар шундай маслаҳат берганлар.

(Давоми бор)

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ