Президент Каримов “Ўзбекистон” телеканалида кўриниш берди

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Саломатлиги ҳақидаги хабарлар тарқалганидан сўнг Президент Ислом Каримов илк марта Ўзбекистон марказий телеканали орқали кўрсатилган.

6 феврал куни бўлиб ўтган ЎзЛиДеП партиясининг Тошкент шаҳридаги қурултойи 18 феврал куни эфирга узатилган.

Президент Каримов иштирокидаги кўрсатув нега қарийб икки ҳафтадан сўнг намойиш этилгани сабаби номаълум қолмоқда.

Қурултойда Ислом Каримов сайловолди дастури билан нутқ сўзлаган.

Кўрсатувда жаноб Каримовнинг соғлиғига оид хавотирли ҳеч қандай қандай аломатлар кўринмагани кузатилган.

Каримов ҳар доимгидек дадил ва қаттий тарзда сўзлаган.

Ўзбекистон раҳбари мамлакат тўғри йўлдан бораётганини ва мулкдорларга кенг имкониятлар очилганини таъкидлади.

Шу билан бирга собиқ Шўролар даврини яна бир бор танқид қилиб ўтишни канда қилмаган.

Президент Каримов Ўзбекистонда хорижий сармоядорларнинг ҳам ҳиссадор бўлиш вақти келганини билдирган.

Бунгача мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати 28 январ куни Президент Каримовнинг саломатлиги ёмонлашгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Кейинчалик Ислом Каримов саломатлиги ёмонлиги сабаб ЎзЛиДепнинг 6 феврал куни бўлиб ўтган қурултойига ҳам келолмагани мухолифат матбуотида маълум қилинган эди.

Ўзбекистон расмийлари мухолифат хабарини рад этувчи бирор изоҳ бермай келмоқда.

Каримовнинг соғлиғи борасидаги шубҳалар ушбу қурултойнинг Ўзбекистон матбуотида деярли ёритилмагани сабаб янада кучайган эди.

Бу орада президентликка даъвогар бошқа номзодлар бир нечта вилоятларда сайловолди ташвиқотларини ўтказди.

Айрим хабарларга кўра, Ислом Каримов сайловолди ташвиқотини шу ҳафта Андижон вилоятидан бошлаши керак бўлган.

Бироқ ушбу сафар бизга номаълум сабабларга кўра бошқа муддатга кўчирилган.

77 ёшли Ислом Каримов 26 йилдан бери Ўзбекистонни бошқариб келади.

Ўзбекистон Конституциясида бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президент лавозимини эгаллаши тақиқлаб қўйилган бўлсада, Ислом Каримов тўртинчи бор президентлик сайловида қатнашмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ