Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Раҳбар соғлиги: Давлат сиёсати қандай? Бундай сиёсат борми?

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг саломатлиги ёмонлашгани ҳақидаги хабар тарқалиши ортидан 21 кун мобайнида бу хабарни ҳеч ким рад этмади.

17 феврал куни Ўзбекистон марказий телеканали Либерал-Демократик партиянинг 6 февралдаги Тошкентдаги қурултойидаги Президент Ислом Каримов чиқишини намойиш этди.

Бундан олдин мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракати ўз манбаларига таяниб 28 январ куни жаноб Каримовнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақида тарқатган эди.

Президентнинг қурултойда иштирок этгани ҳақидаги хабар тафсилотининг давлат матбуотида пайдо бўлмаслиги ортидан 77 ёшли Ислом Каримовнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақидаги хабар ва миш-мишлар янада кучайди.

2012 йилнинг 24 июлида Африка давлатларидан Гана президенти Жон Атта Миллс тўсатдан вафот этган эди.

Аммо бу фақат Гана таҳолиси учунгина тўсатдан вафот этгандек туюлган.

Аслида президент узоқ вақтдан буён томоқ саратонидан азоб чекаётган, фақат унинг қўл остидагилар давлат раҳбарининг соғлиги билан боғлиқ ҳақиқатни жамоатчиликдан яширишаётганди.

Давлат раҳбарининг соғлиги одамлар ва матбуот табиий равишда билишни ҳоҳлайдиган мавзулардан.

Расмийлар бу ҳақда сукут сақлагани сайин одамлар орасида миш-мишлар урчийверади.

Хўш, Ўзбекистон давлат матбуоти нега президентнинг чиқишини икки ҳафта мобайнида намойиш этмади?

Би-би-си ушбу мавзуни давлат телевидениеси "Ёшлар" каналининг собиқ мухбири Саодат Омонова ҳамда АҚШдан собиқ дипломат Тошпўлат йўлдошев билан муҳокама қилди.

Ўзи ишлаган йиллари Президент Каримов иштирокидаги тадбирларни ёритиш қаттиқ назоратида бўлганини айтади Саодат Омонова.

"Репортаж тайёрлаб келгандан кейин юқоридан буйруқ келишини кутардик. Биздан "Ахборот" кўрсатуви билан солиштиришни ёки ўзлари тайёрлаб берган ўқишни талаб қилишарди", дейди Саодат Омонова.

Сиёсий таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев фикрича, Президент Каримов қарийб икки ҳафталик жамоатчилик кўзи ўнгида кўринмаслик билан ён-атрофидагиларни содиқлик синовидан ўтказишга қарор қилган бўлиши мумкин.