Мамадали Маҳмудов: 'Омонсиз йиллар'

Мавлон Умурзоқовдан шу гапни эшитганман:

"Ислом Абдуғаниевич истеъдодли раҳбар. Аммо унинг атрофида илонлар бор..."

Илонлар...

Бу билан у кимни, кимларни назарда тутаяпти?

Маҳаллачиларними?

Ўрислашганларними?

Худо билгувчи.

Мавлон Умурзоқов...

Миллатимиз учун яхши ишлар қилишга қодир инсон. Унинг ташкилотчилик фазилати алоҳида бўртиб туради.

Мен билган кишилар ичида энг дилкаши, одили, ичида кир сақламайдигани ҳам Мавлон Умурзоқовдир. У Каримовга садоқатли эди. Ва садоқатлилигича қолди. Мавлон ишдан четлатилди. Қамалди.

Озодликка чиқди. Аммо ҳамон унинг уйи тўрида юртбошининг бюсти турибди.

Мен Умрзоқовни йигирманчи асрнинг олтмишинчи йиллари охиридан бери биламан. Шунга бу фикримни иккиланмай айтдим. У ҳар қандай вазиятда ҳам дўстини ташлаб кетмайди. Мавлон ўзбекнинг турк уруғидан. Агарчи у айрим камчиликлардан холи бўлмаса-да, кўнгли тоза, фикри тоза.

Шу ўринда бир гапни айтишни ўринли деб биламан. Мен биринчи марта қамоқдан чиққанимдан кейин ўғлим (Бобур)нинг никоҳ тўйига Бектош Раҳимовни таклиф қилдим. Ўшанда у яна мартабага минган, Ўзбекистон Фахрийлар жамиятининг раиси эди. Тўйга келмади. Бир замонлар юртимиз раҳбари, КПСС Идеология секретари (Ўрта Осиёда биринчи) бўлган табаррук зот: Нуриддин Акрамович Муҳитдинов тўйга келганда, у келмади. Қўрқди.

Кейинчалик ўзимга яқин олиб юрган дўстларимнинг ичида ҳам бундай касларни кўрдим. Уларнинг отларини айтишга ҳам ор қиламан.

Қўрқоқ одам мабодо истеъдодли бўлса ҳам, буюк ишлар қилишга қодирмас.

Мавлон Бобожонович Умурзоқовда юрак ҳам бор.

Ўзбек ёзарларининг чўққиси, деб билганим: Одил Ёқубовда ҳам шундай юрак бор эди. Саксонинчи йилларда у Москвада, съездда: "Пахта қуллиги - ўзбекка, ўзбек аёлига қирон келтираяпти..." деб қўрқмай сўзлади. Урушдан сўнг то мустақиллик давригача ҳеч бир ёзар, ҳеч бир олим, ҳеч бир раҳбар бундай гапни айтишга журъат қилмаган.

Чин халқ қаҳрамони ким?

Одил Ёқуб!

Одил оғанинг ҳам юртбоши ҳақида сўзи бор:

"Мен Каримовда миллат дардини кўргандайман. Бу раҳбар учун энг керак нарса".

Миллат дардида ўзидан кечиш туйғуси - энг буюк туйғу.

Ўзгача ўзгаришлар...

Халқимизнинг истаги бу.

Ватанимиз ҳаром ерлардан тозаланса, йўқсул элнинг елкасига қуёш қўнади.

Мен буни жон-танам билан истайман.

Воқеалар ўз ўзанига сиғмай, қирғоқлардан тошиб ўтди. Бунинг учун мени маъзур тут, ўқувчи...

"Ўлмас қоялар" ғовғаси Кремлга ҳам етган. Бу нохуш гап-сўзларга сабаб бўлган. СССР Ёзувчилар Союзида ҳам бу масала кўтарилган... Оқибат: менга қамоқ, ўлим хавф солган. Бу қалтис вазиятни Шароф Рашидов юмшатишга эришган.. Шу куни Шароф ота мени КГБ чангали - (қамоғидан) дан олиб қолган. Буни талай йил ўтгандан кейин билдим...

... Ўзбекистон Ёзувчилари Уюшмасида иккинчи котиб (орг. Секретар) эдим. Одил Ёқуб раис эди. Муҳаммад Солиҳ ва Тоҳир Малик унинг ўринбосарлари эди. СССР замонида Оврўпа, Америка, Шарқ адибларининг асарлари фақат рус тили орқали ўзбекчага эвриларди. Бир куни мен шу масалада Одил оға ва Муҳаммад Солиҳ билан қўнишдим.

- Мен тўғридан-тўғри инглиз, француз, олмон, испан, италян, ҳинд, араб, форс тилларида ёзилган асарларни ўзбекчага ўгуриш режасини туздим, - дедим, - шунда "ювинди" эврилмаларга кунимиз қолмайди. Шунда у асарларнинг ўзига хос томонларини (имкон қадар) сақлаган ҳолда ўзбек ўқувчиларига етказа оламиз. "Таржима Маркази" тузамиз.

- Маблағ, штат муаммоларини унутиб қўйяпсан, шекилли?

- Йўқ.

- Қандай? - Одил Ёқуб ўрнига Муҳаммад Солиҳ савол берди.

- Сизлар мени қўллаб турсаларингиз бас...

- Қўллаймиз, - деди кулиб Одил оға.

Муҳаммад Солиҳ сирли кулди.

Мен режамни амалга ошириш учун хат билан Марказқўмнинг биринчи котиби Рафиқ Нишонов қабулига чиқдим. У кишининг кайфияти яхши экан. Мени хуш қарши олди. Унга хатни бердим. У шошмай ўқиди.

- Яхши таклиф, - деди очиқ юз билан, - халққа фойдали нарса. Еттита штат сўрабсиз. Менимча, бу оз. Мен сизга ўн тўртта штат бераман.

- Соғ бўлинг, Рафиқ Нишонович.

- Фақат китобларингиз ФРГда босилмаса бўлгани, - у мамнун жилмайди...

Янгилик "ҳиди"ни сезган шоир Муҳаммад Али:

- Мени: "Таржима Маркази"га директор қилиб ишга олинг, - дея бир неча марта олдимга келди. Одил Ёқуб ва Муҳаммад Солиҳ билан маслаҳатлашдим.

- Мен у болани тушунмайман, - деди Одил оға, - тоғни ағдарган кишидек ўзини тутиб юради. Нимасига?..

Чўрткесар Муҳаммад Солиҳ Одил Ёқубга яқин сўзлади:

- Шуҳратпараст... Мен унга ишонмайман...

Кейинча мен бундай гапни Зоҳир Аъламдан ҳам эшитдим:

- Замонасоз...

Бироқ мен Муҳаммад Алини қобилиятли таржимон деб билардим. Шотланд шоири Роберт Бёрнс шеърларини ўзбекчага яхши ўгирган.

Уни ишга олдик.

Муҳаммад Али шоир сифатида қандай?

Эл уни биладими?

Эшитмаганман...

Қамоқда "роман"ларини ўқидим...

Келажакда буюк Темур ҳақида ўлмас асарлар ёзилади...

Келажакда буюк Темурга ўлмас ҳайкаллар ўрнатилади...

Бунинг учун:

Чин ёзар туғилади.

Чин ҳайкалтарош туғилади.

Темур,

Бобур,

Мангуберди.

Муқанналар ҳақида китоб ёзиш учун ёзувчи:

Буюк иқтидор эгаси бўлиши керак,

Қиличдек ўткир киши бўлиши керак,

Сўзи тошни кесадиган киши бўлиши керак,

Гўзал фазилатли киши бўлиши керак...

Ҳаммагамас ботирларни ёзиш...

Бу гап рассомга ҳам, ҳайкалтарошга ҳам тегишли.

Ўзбекнинг шу гапи мақсадимни англатади:

"Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин"...

Кунларнинг бирида таржимонлар хонасига кирдим. Камчилик, муаммолар ҳақида қўнишдик... Шунда ишга янги келган Земфира исмли қиз туйқис менга савол берди:

- Сиз ўша Мамадали Маҳмудовмисиз?

Мен унга ажабланиб боқдим.

Земфира қизарди. Сўнг хижолатомуз оҳангда деди:

- Мен Москвада, Жаҳон Адабиёти институтида ўқиётган пайтимда, бир қиш кечаси отелимизни КГБ босди. "Мамадали Махмудов қаерда?" деб ҳамма хоналарни текшириб чиқди... Шунда мен яна бир бор "Таржима Маркази" тузганимиздан, бу элимизнинг маънавий, руҳий дунёсини бойитишидан қувондим. Бунинг шарофатида ҳақиқатни ҳам билиб олдим. Хаёлим чуваланди...

"Шароф Рашидовнинг шунча ҳаракатидан сўнг ҳам таъқиб?.. Нимага? Балки, мени КГБ изсиз йўқ қилмоқчи бўлгандир? Қандай? Менга мавҳум усуллари билан... ёки авто ҳалокат билан. Бу ёлғиз яратганга аён...

Нотинч кечанинг алла-палласида ўрмон қўйнида қўним топган ССР Ёзувчилар Союзининг ижодкорлар боғига эсон-омон етиб келдик. Икки қаватли виллага жойлашдик. Унинг юқори қати тўла менинг номимга брон қилинган. Бундан фақат бир хона айро. У бир яҳудий профессорга тегишли. Балки, у олим қиёфасидаги КГБ айғоқчисидир? Қайдам?..

Шинамгина ётоқ, кенггина зал, ошхона, ҳаммом, туалет, балкон... Замонавий мебел... Телевизор, радио... Бир ўзимга. Кейинроқ билдим: бундай тўкис шароит, ҳатто Валентин Распутин, Расул Ҳамзат, Мустай Карим каби ёзувчиларда ҳам йўқ.

Шароф Рашидов номига дуо қилдим:

Ҳар тонгда,

Ҳар шомда.

Уч кундан сўнг хотиним Муқаддас билан қизим Ватан Тошкентга учиб кетишди. Шундан бироз вақт ўтмай, бу ерда икки ўзбек "адиби" пайдо бўлди. Ногоҳ:

"КГБ кўппаклари, - деган сўз миямга урилди, - изимдан келишган..."

Мен иложи борича улар (номларини айтишни эп кўрмадим)дан ўзимни узоқ тутдим.

Тилимга кишан солдим.

Қиш бўйи биринчи романим "Ўлмас қоялар" устида ишладим. Энг аввало ўқувчимнинг миллий туйғусига таъсир этиш учун унинг манглайига (Оққоядаги) қадимги битикларни ёздим:

"Эй эр, ўзингни бэк* суйгул. Эл-юртингни ўзингдан ма*, ата-анангдан ма, ўғил-қизингдан ма ўру* суйгул. Бироқ бошқаларни, бошқа будун*ларни йава* ўкситмагил. Эмарса ўзингга, ўз будунигга йут* ёғилюр".

"Эй эр, қали йудуг* тормашса, унга қарши курашюрсан. Тенгри қўллаюр, бошқа кўни* йўл йўқдир".

"Эй эр, қулоғингга қуршин* киби қуйгил, бошингга оғир сақинч* тушганда ма, ўзингни оёқ этмагил, қут* шундан туғулюр".

"Эй эр, ўз будунигни бошқа будундан ўру* қўйиб, "бедуг"*, "тенгсиз", "бўгу"*, деб бедут*санг, ўзингга-ўзинг қудуқ қазиюрсан".

"Эй эр, тилсиз будун, будунсиз тил ўлмаюр. Икковини ма идим* яратди. Тилингни идуқ* тут. Будунинг эдгу*нг тили билан тирик. Тилсиз будун суйсиз сузуг* дур".

Бу битик ўқувчида асар мазмун-моҳиятини англатишга ҳам хизмат қилади.

Минг йиллар ўнжа тошга ўйиб битилган бу ўгитлар келажак авлодларга мактуб сифатида ёзиб қолдирилган.

Нимага?

Сабоқ учун...

Ўгитлар Ўзликни англашга хизмат қилади. Бу ўз навбатида:

Юртни ардоқлаш,

Элни ардоқлаш туйғуларини шакллантиради.

"Ўлмас қоялар"ни қайта ишладим-у, ундан кўнглим тўлмади. Лекин менга берилган муддат тугаган эди. Тошкентга қайтдим. Романни "Бу тоғлар, улуғ тоғлар" номи билан Марказқўмга бердим. У 1991-йилда Тошкентда, 2008-йилда Парижда нашр этилди.

Тангри умр берса, уни қайта ишлайман...

Юқорида Шароф Рашидов мени қамоқдан олиб қолганини айтгандим. Бунинг қисқача баёни шундай: Мен Москвада, Ватанимиз ваколатхонаси (Постпреди) бошлиғи Тўрақул Йўлдошев билан аллақандай мавзуда суҳбатлашаётган эдим. Тошкентдан кимдир унга расмий овозда сим қоқиб қолди:

"Москва вақти билан уч соатдан сўнг Ўзбекистон Республикаси Ташқи Ишлар Вазири Сарвар Олимжонович Азимовни Домодедова аэропортида кутиб олинг".

Гапимиз узилди. Мен Тўрақул Йўлдошевга:

- Сарвар оғага салом айтинг, илтимос, - дедим.

Мен Тўрақул Йўлдошевни ишлаб чарчамайдиган, қобилиятли раҳбар ва яхши дўст сифатида билардим. У саломимни Сарвар Азимовга етказади. Сарвар Азимов (ҳоволанда) Тўрақул Йўлдошевни бир четга тортиб дейди:

- КГБ Мамадалини қамоққа олаётган куни, мен уни Шароф Рашидовичнинг ҳузурига олиб чиқдим...

Мен ҳикоямни Туркнинг ушбу сўзи билан битираман:

"Қирқ йил қирғин келса ҳам, ажали етмаса ўлмайди".

---------------------------------------------------------------------------------------

*қаттиқ, *ҳам, * ортиқ, *эл, *сира, *офат, *агар, *бало-қазо, *тўғри, *қўрғошин, *кулфат, *бахт, *юқори, зиёд, *улуғ, *доно, *мақтасанг, *эгам, *муқаддас, *давлат, *булоқ.

Бу мавзуда батафсилроқ