Ичкилик муаммосини фақат қонунлар билан ҳал этиш мумкинми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси "Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига айрим ўзгартиришлар киритиш"ни назарда тутган қонун лойиҳасини кўриб чиққан.

Асосий мақсад жамоат жойларида алкогол истеъмол қилганларга жарима миқдорини ошириш билан унинг зарарини камайтириш ҳамда ичкилик истеъмол қилмайдиган фуқаролар ҳуқуқини ҳимоя қилиш экани айтилади.

Тошкентдан таниқли ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон қонундан бехабар экани, аммо ижобий ўзгаришларга хизмат қилишига умид қилишини айтади.

"Бунақа қонун чиқарилаётганидан бехабар эканман. Ҳар ҳолда яхшиликка хизмат қиладиган қонун бўлса керак..." дейди у.

Ҳозирги кузатувларингиз бўйича Ўзбекистонда алкогол ичимликлар савдоси ва истеъмоли озайганми ва ё ошган?

"Энди бу кўп сотиляптими, кам сотиляптими бу томонларини билмайман. Лекин, олдинги қонунда алкоголни умумий маҳсулотлардан айри ҳолда сотиш деган нарса бор эди. Кейин озиқ-овқатлардан айри ҳолда сотиш учун бошқа эшикдан кирадиган қилиб, қайтадан қуриш ишлари бўлди. Аммо, масжидлардан, мактаблардан камида 500 метр узоқда бўлиши керак, деган гапига риоя қилинаётганини кўрганим йўқ. Чунки, ўзимнинг ёнимдаги дўкон ёнида ароқ сотилади. Мактабга 250 метр ҳам чиқмайди. Ундан ҳам яқинроқда бир дўкон қурилди, унда ҳам алкогол сотадиган бўлими бор", дейди Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон.

Ёзувчига кўра, "Шўролар даврида халқнинг қонига қайсидир маънода сингиб кетган" ушбу салбий одатни фақат қонунлар билан ўртадан кетказиш мушкул вазифа.

Унинг айтишича, буйруқ ва қонунлар чиқариш билан бир қаторда ичкиликни "ҳаром" дейдиган дин асосида тарғибот йўлга қўйилса, кўпроқ самара берган бўларди.

"Ўзим бу қонунларни синчиклаб ўқимадимки, бу жойи бундай, мана бу жойи бўлмайди ёки мана бу ери яхши, деб айта олсам... Ичкиликни ҳаётдан суриб чиқарамиз деган ҳаракат Советнинг охирги пайтлари ҳам бўлган. Қонун чиқди, бошқа бўлди... Бу қонун билан, буйруқ билан бўладиган нарса эмас. Улар билан ҳам муайян натижага эришилади, лекин, менимча, ичкиликни "ҳаром" деган динга қулоқ солиш, доимий тарбия билан вазиятни ўнгласа бўлади", дейди Тошкентдан ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ