Иситмадан...текин ва муқобил энергия!

Image caption Электр машинани нима билан қувватлантириш мумкин?

Apple компанияси электромобиллар ишлаб чиқаришни 2020 йилда бошламоқчи, деб хабар беради Bloomberg.

Айни дамда, Андижонда яшовчи Ойбек Умаров электромобилнинг янги моделини аллакачон ихтиро қилгани ҳақида daryo.uz хабар қилди.

Асакада йиғиладиган GM машиналари ўзини Ўзбекистон шароитида шунчалар оқлади-ки, уларни харид қилиш учун 1 йил олдин талашиб-тортишиб пул тўлашга тўғри келади.

Агар шу электромобил ҳам конвейерга қўйилса борми, оқибати нима бўлишини тасаввур қилаверинг.

Айниқса, Ўзбекистонда вақти-бевақт бензин танқислигини ҳисобга олинса…

Шунинг учун муқобил энергия манбааларига қизиқиш долзарб масала бўлиб колди.

Бироқ, бу ихтиро қанчалар илғор бўлмасин, у ҳам муаммони бутунлай ҳал қилмайдиган кўринади.

Чунки вилоятлардан келаётган хабарларга кўра, кўпгина қишлоқ жойларда электр етишмовчилиги тез-тез кузатилади.

Хатто-ки, мобил телефон батареясини қувватлаб олиш учун электр токи йўқ экан.

Бу шароитда, қандай қилиб электромобилни қувватлаб олиш мумкин бўларкин?!

Чунки унинг ўртача 50-60 км юриши учун, машина камида 5-6 соат узликсиз ток истеъмол қилиши керак бўлади.

Нима бўлганда ҳам янгиликка интилиш бу ижобий ҳолдир…

Image caption "Мана сизга муқобил энергия..."

“Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади,” деб бежиз айтмаган доно ҳалқимиз…

Одатий энергия манбалари танқислиги кузатила бошлагандан бери, муқобил энергияга эхтиёж кундан-кунга ўсиб бормоқда.

Қуёш энергиясини тўплаш ёки гўнгни ачитиб биогаз олиш... шунга ўхшаш хабарларни хозирги кунда ТВ-Радио у ёқда турсин, ҳар бир дазмолу-чойнакдан эшитиш мумкин.

Лекин бу каби муқобил энергияни олиш учун ҳам анча сармоя сарфлаб, ускуна сотиб олиш керак.

Эҳтимол шунинг учунми, оддий ўзбек оиласи учун умуман текин бўлган энергия манбасини “Тошкент ҳақиқати” газетаси таклиф этмоқда.

Суратда тасвирланганидек, уйда ишсиз бекорчи ётган эрни бекорга боққандан кўра, аваллига “қачон биз ҳам одамлардек яшаймиз?!” деган калит сўзни ишлатиб, унинг қон босими ва иситмасини ошириб, кейин ундан унумли фойдаланса ҳам бўлар экан – ҳеч бўлмаганда ўзи ичадиган чойини ва ейдиган овқатини оқлаб есин…а, нима дедингиз?

Тошкентлик кузатувчи

Бу ҳақда фикр-мулоҳазаларингизни uzbek@bbc.co.uk адресига йўлланг. Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02