Ўзбекистон: 100 ёшга кирганлар нафақаси оширилади

Ўзбекистонда "Қарияларни қадрлаш" давлат дастури бўйича 100 ёшни қаршилаган фуқароларнинг нафақаларига энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида пул қўшиб берилиши айтилмоқда.

Айни пайтда мамлакатда энг кам иш ҳақи 118 минг сўм бўлиб, бу АҚШ долларида тахминан 30 долларга тенг дегани.

Дунёдаги энг кекса одамлардан бири, шу йил 135 ёшини қаршилайдиган Тўти Юсупова Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида истиқомат қилади.

Расмий рақамларга кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 100 ёшга етган 8700 инсон бор.

Меҳнат вазирлиги таъкидлашича, 100 ёшлиларнинг нафақасини ошириш ташаббуси шахсан президент Каримовдан чиққан.

"Бироқ қарияларни қадрлаш йили ниҳоясига етгач юзга тўлганини қаршилайдиганлар учун бундай ғамхўрлик давом этадими ёки йўқлиги маълум эмас", деб ёзади Узметроном сайти бу хабарга жавобан.

Бундан олдин тошкентлик ва вилоятлик нафақахўрлар пенсияларини ўз вақтида ололмаётганлари, бунинг устига пенсиялари нотўғри ҳисобланиб кўп пул бериб юборилгани айтилиб, ушланиб қолаётгани ҳақида шикоятлар Би-би-сига билдирилганди.

Қаршилик наафақахўрларнинг сўзларига қараганда, пенсияларни ўз вақтида бермаслик неча йиллардан бери одатий ҳол бўлиб қолган.

Ойлар давомида нафақа пулини ололмай почта ва банк эшигида сарсон қарияларга ҳар куни гувоҳ бўлиш мумкин.

2014 йил охиридан ўз вақтида пенсиясини олмаган пенсионернинг пулини талаб қилиб олиш муддати қисқартирилган эди.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, 2015 йилда Ўзбекистонда пенсионер ўз вақтида олмаган пенсиясини талаб қилиш муддати ҳам қисқартирилган.

Бундан буён нафақахўр пенсиясини узоқ муддат олмаган бўлса, мурожаат қилган кунгача бўлган 12 ой пенсиясини олиши мумкин.

Шу пайтгача бу муддат 3 йил эди, яъни бирон бир сабаб билан, масалан, узоқ муддатга четга кетган пенсионер сўнгги 3 йил ичида қолиб кетган нафақа пулларини талаб қилиши мумкин эди.

Эндиликда бу муддат 1 йил қилиб белгилаб қўйилган. Бу Ўзбекистоннинг "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти ҳақида"ги қонунига киритилган ўзгаришга асосланганини маълум қилинган.

Президент Ислом Каримов 5 декабр куни Ўзбекистон Конституциясининг 22 йиллиги муносабати билан 2015 йилни "Кексаларни эъзозлаш йили" деб эълон қилганди.

Мамлакатда 2002 йил ҳам "Қарияларни қадрлаш" йили деб аталган.

"Кексаларни эъзозлаш" йили ҳақидаги хабар Интернет ижтимоий тармоқларида бир қадар кинояли баҳс-мунозараларга ҳам сабаб бўлган.

Фойдаланувчиларга кўра, Ўзбекистонда қайси йил нима деб аталса, худди атай қилингандек, ўша соҳа вакиллари муаммоларга юз тутишлари кузатилади.

"Узметроном" сайтининг ёзишича, ҳукумат қарияларни қадрлаш бўйича ғамхўрликларни бошлаган.

Жумладан, қарияларни қадрлаш дастури доирасида 100 ёшга тўлмаган қариялар ҳам Тошкент ҳайвонот боғини бепул айлана оладилар.

Бундан ташқари, Иккинчи Жаҳон Уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларига ҳукумат маҳаллий санаторияларда қисқа муддатли бепул даволаш, байрамларда озиқ-овқат ва дори-дармонлар бериш ваъда қилинган.

Ҳуқуқ фаолларининг айтишича, бугун Ўзбекистонда қариялар учун бериладиган нафақа соғлиги билан муаммоси бўлган инсонларнинг дори-дармонига ҳам етиши гоҳида гумон.

Ўтган йил декабр ойидаги қарорга биноан, Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 118 400 сўм, энг кам қариялик нафақаси 231 575 сўм, ногиронлар ойлик пули 231 575 сўм этиб белгиланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02