"Меҳнат муҳожирлари билан муаммолар долзарб қолмоқда"

Image caption 2014 йилда ўзбекистонлик муҳожирларни Россиядан депортация қилиш ортган.

Хоразмдаги "Нажот" инсон ҳақлари ташкилотининг ҳисоботига кўра, 2014 йилда ҳуқуқий ёрдам ва маслаҳат сўраб 5600 дан ортиқ инсон ташкилотга мурожаат қилган.

Аризаларнинг асосий қисми, яъни 2313 таси меҳнат муҳожирлиги билан боғлиқ масалаларга қаратилган. Хусусан 17 мурожаатда бедарак кетган меҳнат муҳожирлари ҳақида сўз боради.

Шунингдек, ҳуқуқлари бузилган ва уни тикланишидан нажот истаб ёзган фуқаролардан мингдан ортиқ ариза тушган.

"Нажот" ўтказган мониторингга биноан, Россиядан ўзбекистонлик муҳожирларни шафқатсизларча депортация қилиш бошланган.

Биргина Хоразм вилояти бўйича ўтган 12 ой мобайнида Россиядан 103 минг меҳнат муҳожири қайтиб келган. Қозоғистондан 23 минг, Украинадан беш минг муҳожир ортга қайтган.

Фаолларнинг хабар беришича, оилавий можаролар сабаб маҳалла қўмиталарига шикоят қилувчилар ортган.

Аёллар кўпроқ ижтимоий муаммоларга, ҳуқуқлари паймол этилишига тўқнаш келаётганлари аниқланган. 2014 йилда 12 аёл ўзининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни сўраб "Нажот"га мурожаат қилган.

Бундан ташқари, жазони ижро этиш муассасаларидан, диний эркинликлари бузилган инсонлардан, фермер хўжалиги раҳбарларидан ва маҳкама ҳукмидан норози фуқаролардан шикоятлар бўлгани келтирилади.

"Нажот"нинг қайд этишича, Хива тумани дохил қатор масканларда ижроия маҳкамалар суст, ҳуқуқларни амалда ишлашига йўл бермайди.

Ёлғиз қолган аёллар бола учун қанча нафақа берилишидан хабари йўқ. Улар билан ишловчи ташкилотлар бефарқ. Ҳатто баъзи оталар боласига бир ойга 10 минг сўмдан алимент тўлаб келгани маълум. Баъзилари қонунни четлаб ўтишга уринганлар.

Ташкилотга кўра, минтақада 59 марта ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари қайд этилган.

Аёлларни стерилизация қилиш амалиётлари давом этаётгани билдирилади. Фуқароларнинг дўхтирларга ишонгани оқибатида улар кўп ҳолатларда огоҳлантирилмай ёки мажбуран бичилган ва фарзандсизликка мубтало қилинган. Бироқ болалар ўлими борасида аниқ маълумотлар бирор бир манбада аниқ келтирилмагани айтилган.

Ижтимоий муаммолар, ишсизлик, оғир меҳнат аёллар орасида касб касалликларини келтириб чиқармоқда.

Хоразм ва Қорақалпоғистондаги экологик вазият оғирлашгани орқасидан ҳавода тузли чанг кўпайган, ичимлик сувидаги туз миқдори ошган. Бунинг оқибатида бўйрак, юрак, жигар, ичак касалликлари аҳоли орасида кўпайган.

Шунингдек, Туркманистондаги инсон ҳақлари билан боғлиқ вазиятдан шикоят қилинган 10дан ортиқ аризалар бор.

Бир қанча аризаларда сув, газ, бензин тақчиллиги муаммолари ҳам кўтарилган. Ўтган йилда Хоразмда табиий газ билан таъминлаш 45 фоизга камайган.

Фуқаролар амалдорларнинг товламачилигидан норози бўлиб мурожаат қилишган.

"Нажот" ҳисоботига кўра, ўтган 2014 йилда Россия, Қозоғистон, Украина, Туркия ва Туркманистонда бўлган ўзбекистонликлардан қўнғироқлар бўлиб, дуч келаётган муаммолари тилга олинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02