Маҳкумларнинг яқинлари "Ўзбекистон" телеканалини маҳкамага берди

Мустақил Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташаббус гуруҳи хабар қилишича, Тошкент вилоят маҳкамасининг 2014 йил 24 декабрда чиқарилган ҳукмига асосан диний айбловлар билан озодликдан маҳрум этилган олти маҳкумнинг оиласи "Ўзбекистон" каналини судга берган.

Уларга кўра, "Ўзбекистон" телеканали маҳкама жараёни ўтмасдан туриб, ҳали 11 декабрда гумонланувчилар бачабозликда айбланган "Хиёнат" телефилмини тайёрлаб, эфирга узатган.

Ҳужжатли филмда ҳар бир айбланувчи ҳали суриштирув ишлари кетаётган пайтда жиноят кодексининг 120 банди "бесоқолбозлик"бўйича иқрорномалар берганлари айтилади.

Бироқ на айблов хулосасида, на маҳкама жараёнида бу модда бўйича айблов кўрилмаган, судланувчилар эса видеокамера қаршисида кўрсатма бермаганлари, видеолавҳалар яширин камера орқали суратга олиниб, монтаж қилинганини билдирганлар.

Суд- тиббий экспертиза ҳам судланувчиларга нисбатан 120 банд бўйича айблов исботини топмаганини тасдиқлаган.

Норвегияда меҳнат муҳожирлигида бўлган ва Ўзбекистонга депортация қилинган бу олти фуқаро диний айбловлар билан узоқ йилга қамалган эдилар.

Мустақил Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташаббус гуруҳига кўра, 2015 йил 25 феврал соат 11 да Шайҳонтоҳур туман маҳкамасида маҳкумлар оила аъзоларининг Ўзбекистон телеканалига нисбатан "бўҳтон", "ўз шаън ва қадр-қимматини таҳқирлаш" бандлари бўйича ёзган аризалари кўриб чиқилади.

Маҳкама эшитувига ҳуқуқ фаоллари, мустақил журналистлар, элчихона вакиллари таклиф қилинганлар.

"Хиёнат"филмида бачабозлик айблови

Ўзбекистон давлат телевидениеси орқали намойиш қилинган "Хиёнат" номли дастурда Оврўпода гўёки жиҳодчилар сафларига қўшилаётган ўзбеклар бесоқолбозликда айбланган.

Биринчи канал орқали кўрсатилган дастур Норвегияга сафар қилиб қайтган олти ўзбекистонликнинг Оврўпода диний экстремистлар таъсири остига тушиб қолганларини даъво қилади.

"Ўзларини Исломий эътиқодда деб билган бу шахсларнинг диний экстремистик гуруҳдаги раҳнамолари фатвоси билан Ислом динида ўта оғир гуноҳ саналган бесоқолбозлик билан шуғулланиб келганлигига нима дейсиз?" - дея савол беради бошловчи.

Кўрсатувда ўзбек телевизион "тергов"ига оид анъанавий тарзда олти ўзбекистонлик кўрсатма беради. Улардан бири Асадулла Хайруллаевич Ризқиев Норвегияга келганида уни нотаниш одамлар кутиб олиб, қочқин мақомини олиш учун ёлғон гапларни айтишни тавсия қилганлари ҳақида сўзлайди.

У бир йилдан ошиқки бесоқолбоз алоқада бўлиб келгани ва жиҳодчи гуруҳ таркибида бўлганини ҳам айтади.

Шуҳрат Қодирович Илҳомов дея таништирилган яна бир шахс ҳам бир вақтнинг ўзида жиҳод ва бесоқолбозлик билан шуғулланишини айтади.

Кўрсатув "экспертлари" ўзбекистонликлар ўз ватанларида жиноят саналаган бесоқолбозликни рўкач қилиб, Оврўпода бошпана олаётганларини билдиради.

Кўрсатув уюштирувчилари нима учун жиҳодга ишонган шахслар Исломда гуноҳ деб саналган ҳамжинс алоқаларга кирганларини изоҳламайди ва бу айбловларни дастакловчи далил-исботни келтирмайди.

Кўрсатувни томоша қилганда, агар бу йигитлар ҳақиқатдан ҳам ҳамжинс бўлсалар, бесоқолбозлик йўл очиб берилган Оврўпода нега янги ҳуқуқларидан баҳра олмай, жиҳодга қўшилдилар деган савол ҳам туғилади.

Исломий Давлат сафларига қўшилаётган ўзбеклар муаммоси ҳозирда мавжуд, лекин уларга бу каби "тамға" бериб қоралаш ҳаракати аввал кузатилмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02