Халқаро Амнистия: ‘Етти тишини тўкиб солишган, икки қовурғаси синдирилган’

Халқаро Амнистия ташкилотининг янги йиллик ҳисоботида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг фуқароларга нисбатан қийноқ ва ноинсоний муомалалари мунтазамлигича қолаётганини қайд этган.

БМТ ва халқаро ташкилотларнинг шафқатсиз муомалага чек қўйиш чақириқлари Ўзбекистон ҳукумати томонидан жавобсиз қолаётгани, даволанишга муҳтож маҳкумлар ўладиган даражага келгунича тиббий ёрдам кўрсатилмаётган айтилган.

Amnesty Internationalнинг дунё мамлакатларида 2014-2015 йиллар мобайнида инсон ҳуқуқлари таъминланишига бағишланган ҳисоботи 25 феврал куни эълон қилинди.

Халқаро Амнистия ўз ҳисоботининг Ўзбекистонга бағишланган қисмида ҳуқуқ-тартибот органлари ва Миллий Хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан инсонларни қийнаш ва бошқа ноинсоний муносабатлари ҳамон ўзгаришсиз қолаётганига эътибор қаратган.

Бундай ноқонуний амалларга нисбатан чора кўриш талабларини Ўзбек расмийлари рад этиб келмоқдалар.

Бунга жавобан қийноқ қўлламаслик, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг инсон ҳақларига доир билимларини ошириш мақсадида кенг маърифий дастурлар йўлга қўйилгани ҳақида ҳисобот бермоқдалар, дейди Халқаро Амнистия.

Ана шундай "трейнинглар муваффақияти" ҳақидаги ҳисоботни Ўзбекистон ҳукуматининг Акмал Саидов раҳбарлигидаги ҳайъати 2014 йил ноябрида Оврўпо Иттифоқи-Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари диалогида яна бир марта эълон қилган.

Бироқ Халқаро Амнистия бундай маърифий тадбирлардан наф бўлмаётганини урғулаган.

Image caption Мурод Жўраев соғлигининг ёмонлашганига қарамасдан, Ўзбекистон қамоқхонасида энг узоқ муддат сақланаётган сиёсий маҳбусдир.

Amnesty International йиллик ҳисоботида Ўзбекистоннинг мустақиллиги тарихида тутқунликда энг узоқ сақланган сиёсий маҳкум Мурод Жўраев аҳволига эътибор қаратган.

Мурод Жўраевнинг саломатлиги ёмонлашганига қараамасдан, 1994 йилдан буён сифатли тиббий кўмак кўрсатилмаганини таъкидлаган Amnesty International.

Ўзбекистон қамоқхонасида сиёсий тутқуннинг даволаниш ҳуқуқи поймол этилаётгани мисоли сифатида халқаро ташкилот ўтган йили 26 июн куни саратондан вафот этган Абдурасул Худойназаровга нисбатан муносабатни келтирган.

Яқинларининг соғлиги ёмонлашаётгани ва даволатиш ҳақидаги илтимосларига қарамай, Абдурасул Худойназаровга 8 йил давомида даволанишга имкон берилмаган, ўлимидан уч ҳафта олдин маҳкама уни озод қилишга қарор чиқарган.

Зарур тиббий ёрдам кўрсатилмагани учун сўнгги бир йил давомида камида икки маҳбус оламдан ўтган, дейилади ҳисоботда.

Image caption Тергов давомида Ҳамидқориевнинг етти тишини тўкиб солишган, икки қовурғаси синдирилган.

Ҳисоботда шунингдек, Москвадан қочқин Мирсобир Ҳамидқориевнинг Россия Хавфсизлик хизматлари кўмагида Ўзбек ҳукумати томонидан ўғирлаб кетилгани, тергов изоляторида қийноққа солингани айтилади. Мирсобир Ҳамидқориев ғойиб бўлгач, ҳимоячиси икки ҳафта давомида мижозининг қаерда эканлигидан бехабар қолган. Ҳамидқориев Тошкентда эканлиги хабари чиққач, 31 ноябрда у билан тергов изоляторида учрашишга рухсат олган. Ҳимоячининг айтишича, қаттиқ калтаклашлар натижасида Ҳамидқориевнинг етти тишини тўкиб солишган, икки қовурғаси синдирилган.

Бунга ўхшаш ҳолатлар ҳибсга олинган ҳар бир маҳбус билан содир этилиши кузатилади.

Халқаро Амнести ҳисоботи орқали яна бир бор Ўзбекистон ҳукуматини сиёсий ва диний айбловлар билан қамалган маҳкумларни озодликка чиқаришга, халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилишга чақирган. Халқаро ҳамжамият инсон ҳақлари билан аҳволга эътибор қаратиши лозимлиги таъкидланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02