"Ўзбекистонда қийноқ иддаоларининг биронтаси ҳам текширилмаган"

Халқаро Амнистиянинг янги йиллик ҳисоботи Ўзбекистонда фуқароларга нисбатан қийноқ ва бошқа ноинсоний муомалалар ҳануз мунтазамлигича қолаётганини қайд этган. Амнистияга кўра, Бирлашган Миллатлар ва бошқа халқаро ташкилотларнинг шафқатсиз муомалага чек қўйиш чақириқлари Ўзбекистон ҳукумати томонидан жавобсиз қолмоқда. Даволанишга муҳтож маҳкумлар ўладиган даражага келгунича тиббий ёрдам кўрсатилмайди, дейилади ҳисоботда.

Ўзбекистон ҳукумати қийноқларнинг мунтазам қўлланишини рад этади ва мамлакат жазони ижро этиш тизими дунёдаги энг либерал тизимлардан бири эканини даъво қилади.

Ҳукумат ҳуқуқ-тартибот ходимларининг инсон ҳақларига доир билимларини ошириш мақсадида кенг маърифий дастурларни йўлга қўйганини айтган. Би-би-си Халқаро Амнестиянинг Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси Мэйзи Вайшудинг билан суҳбатлашди.

Мэйзи Вайшудинг: Биз бу йилги ҳисоботимизда Ўзбекистондаги қийноқлар ва бошқа ноинсоний муаомала турларига асосий эътиборни қаратганмиз. Бу бизнинг қийноқларга қарши глобал кампаниямизниннг бир қисми. Ўзбекистон борасида алоҳида хавотирга сабаб бўлаётган жиҳат шуки,биз ўзбек хавфсизлик кучлари томонидан қийноқ қўллаш ҳоллари билан боғлиқ кўплаб хабарларни олишда давом этаяпмиз. Аммо шунга қарамасдан, Ўзбекистон ҳукумати мамлакат ҳибсхона ва қамоқхоналарид қийноқлар мутлақо йўқ, дея рад қилишда давом этмоқда. Ҳукумат агар қийноқлар бўлса ҳам, бир-икки алоҳида ҳолатлардир, деб айтади. Аммо бизнинг ишонишимизча, бу алоҳида ҳолатлар эмас, балки милиция ва хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан мунтазам қўлланилаётган, шунингдек, қамоқхона маъмурияти ёки хавфсизлик хизматининг маъқуллаши воситасида бошқа маҳбуслар томонидан содир этилаётган қийноқ ҳолларидир. Ва бу каби қийноққа энг кўп тутилаётган маҳбуслар, бу - тақиқланган исломий ташкилотларнинг аъзолари ё-да аъзоликда гумон қилинган шахслардир.

Би-би-си: Яқинда маҳаллий инсон ҳақлари фаоллари ўнлаб диний-сиёсий айблар билан қамалганларнинг озодликка чиқарилганини хабар қилишди. Улар орасида таниқли журналист ва даъватчи Хайрулло Ҳамидов ҳам бор. Сиз буни Ўзбекистон ҳукумати томонидан тўғри йўлда қўйилган қадам, деб ҳисоблайсизми?

Мэйзи Вайшудинг: Қийноққа солинган ёки бошқа ноинсоний муомалага тобеъ бўлганларнинг қамоқдан озод этилиши ҳар доим тўғри йўлда қўйилган муҳим қадамдир. Аммо шу билан бирга яна юзлаб маҳбуслар қийноққа тутилишда давом этаётгани ҳақида бизда хабарлар бор. Аммо бу қийноқ иддаоларининг биронтаси ҳам текширилмаган. Биз айрим маҳбусларнинг озодликка чиқарилишини олқишлаган ҳолда Ўзбекистон ҳукуматини қийноқ иддаоларини текшириш ва қийноқ қўллаган шахсларни жавобга тортишга чақиришда давом этамиз.

Би-би-си: Ўзбекистон ҳукумпати ҳуқуқ-тартибот ходимларининг инсон ҳақларига доир билимларини ошириш мақсадида кенг маърифий дастурларни йўлга қўйганини айтмоқда. Сиз буни қандай шарҳлайсиз?

Мэйзи Вайшудинг: Улар буни йигирма йилдан буён айтиб келишади. Инсон ҳақлари билан боғлиқ дастурларнинг баъзилари Оврўпо Иттифоқи билан ҳамкорликда амалга оширилган. Аммо биз амалиётда бу дастурларнинг бирон-бир натижасини кўрмаяпмиз. Агар бу дастурлар ҳақиқатан ҳам амалга оширилганида, Ўзбекистондаги қийноқлар аллақачон тўхтаган бўлур эди. Қоғозда ҳамма нарса гўзал, аммо амалиётга қараганингизда, ҳеч нарса ўзгараётгани йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02